«Ўзбекистон ҳаво йўллари»: Юксалишнинг янги уфқлари
  • 18 Август 2014

«Ўзбекистон ҳаво йўллари»: Юксалишнинг янги уфқлари

Мустақиллигимизнинг 23 йиллик қутлуғ тўйига  “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг аҳил жамоаси ҳам муносиб тайёргарлик кўрмоқда. Шундай фараҳбахш дамларда тинчлик-осойишталик ҳамда фаровон ҳаётимиз тимсолига айланган юртимиз фуқаро авиацияси босиб ўтган ривожланиш йўли, эришилган ютуқлар беихтиёр кўз ўнгимизда гавдаланади.

Зеро, истиқлол йилларида она-Ватанимиз байроғи тасвири туширилган “пўлат қушлар” Ўзбекистонимизни ҳаво йўллари орқали дунёнинг кўплаб давлатлари билан боғлаб, ишончли, хавфсиз, замонавий ва юқори даражадаги  сервис хизматлари кўрсатиб келмоқда. Шубҳасиз, бунда Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан мустақиллигимизнинг илк йилларидан бошлаб миллий ҳаво йўллари тараққиёти учун ташкилий-ҳуқуқий асос яратилиб, соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим омил бўлаётир. 

Дарҳақиқат, ўтган давр мобайнида самолёт парки тубдан янгиланиб, замонавий русумдаги ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш бўйича илғор база яратилди. Шунингдек, ҳаво ҳаракатини бошқариш тизими реконструкция қилиниши асносида, юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ислоҳотлар изчил давом эттирилди. Соҳада замон талабларига тўла мос келадиган мустаҳкам моддий-техник база ва буткул янгича инфратузилмага асос солинди. Буларнинг барчаси молиявий-иқтисодий инқироз шароитида ҳам иқтисодий барқарорлик суръатларини сақлаб қолиш имконини берди.

Хизмат кўрсатиш сифатининг юқорилиги бевосита фойдаланилаётган техникалар ва уларнинг имкониятларига боғлиқ. Шу боис 2004 йилдан бошлаб барча эскирган техникалар босқичма-босқич илғор моделларга алмаштирилди. Бугунги кунда кенг фойдаланилаётган “Боинг-757/767”, “А320”, ўзимизнинг “Ил-114-100” авиалайнерлари диёримиз кўрку фахрига айланган.

Диққатга сазовор жиҳати, уларнинг барчаси бизнес-классга эга бўлиб, парвоз давомида вақтни мазмунли ўтказишлари учун мижозларга зарур қулайликлар яратилган. Йўловчиларга планшет компьютерлари тақдим этилиши бунга бир мисолдир. Яқин келажакда бундай имкониятлар янада кенгаяди. Чунки 2016 йилда МДҲ ҳудудида биринчилардан бўлиб, Ўзбекистонга энг инновацион ва тежамкор ҳаво кемаси — “Боинг-787-8 Дримлайнер” олиб келинади. 

Самолётларимиз қанча замонавийлашиб бораётган бўлса, аэропортлар ҳам шунга яраша кўркам қиёфа касб этмоқда. Жумладан, жаҳон стандартларига монанд учиш ва қўниш майдони, йўловчилар перрони, аэродром, вокзал каби объектлардан иборат миллий ва замонавий меъморчилик анъаналарини ўзида мужассамлаштирган аэропортлар тармоғи шакллантирилди. Уларнинг халқаро мақомга эга эканлиги, айниқса, диққатга сазовор.

Мазкур объектларга халқаро сифат менежменти тизими ва замонавий техникалар жорий этилиб, йўловчи терминаллари кўпайтирилди. Айни чоғда “Тошкент” халқаро аэропорти терминалидаги VIP ва CIP заллари таъмирланаяпти. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида “Фарғона” аэропортида янги аэровокзал мажмуи ишга туширилиши кутилмоқда. Буларнинг барчаси хизмат кўрсатиш сифати ҳамда технологияси янада такомиллашиб бораётганини англатади. Бу, ўз навбатида, халқаро миқёсда юксак даражада эътироф этилаяпти. Узоққа бормайлик, шу йилнинг июнь ойида учта аэропортимиз Фуқаро авиацияси “Аэропорт” ассоциациясининг нуфузли танловларида турли номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритди. “Бухоро” халқаро аэропорти йилига 100 мингдан ярим миллионгача йўловчига хизмат кўрсатувчилар орасида “Жадал ривожланаётган аэропорт” деб топилган бўлса, “Самарқанд” ва “Урганч” халқаро аэропортлари “Ишлаб чиқаришга қўшган ҳиссаси учун” муносиб тақдирланди. 

“Навоий” халқаро аэропортининг ҳам обрўси тобора ошмоқда. Бинобарин, унинг негизида ташкил этилган Интермодал логистика марказининг ишлаб чиқариш қудрати ортиб, Зарафшон маркази билан Евроосиёнинг кўплаб логистика марказлари боғланмоқда. Айни пайтда бу ердан Франкфурт, Инчон, Вена, Милан, Брюссель, Сарагоса, Дубай, Деҳли, Тяньзинь, Ханой каби шаҳарларга парвозлар амалга оширилаяпти. Жорий йилнинг олти ойида мазкур маскан орқали юк ташувлари ҳажми 14,2 минг тоннани ташкил этгани бунга яққол мисол бўла олади. 

Бундай натижаларни қўлга киритишда юқори малакали кадрлар тайёрлаш изчил йўлга қўйилгани катта роль ўйнамоқда. Зеро, тизимда энг сўнгги русумдаги лайнерларни бемалол бошқара оладиган учувчилар, ширинсухан ва  юксак муомала маданиятига эга борт кузатувчилари, шунингдек, моҳир техник ходимлар фаолият юритади. Шундай бўлса-да, ишчи-ходимлар малакасини ошириб бориш масаласи доимий эътибор марказида. Масалан, МАК Ўқув-машқ маркази Тренажёр мажмуидаги “Боинг-757/767”, “А320” лайнерлари тренажёрлари, “Ил-114-100”нинг ноёб “Full-flight” симулятори ёрдамида учувчи таркиб реал воқелик шароитида машғулот ўташи уларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашда асқотаяпти. 

Авиатехника воситаларининг созлиги парвозлар хавфсизлиги гаровидир. Марказий Осиёдаги фуқаро авиацияси воситаларига барча турдаги техник хизматларни кўрсатувчи энг йирик авиатаъмирлаш корхонаси — “Uzbekistan Airways Technics” мазкур масъулиятли вазифани шараф билан адо этиб келмоқда. Бу ерда нафақат маҳаллий, балки хорижий  ҳаво транспорти воситаларига ҳам  юқори даражада техник ва таъмирлаш хизматлари кўрсатилмоқда. Ҳозирги пайтда корхона негизида “Боинг” компанияси билан ҳамкорликда композит материаллардан тайёрланган самолёт конструкцияларининг йирик қисмларини таъмирлаш бўйича Марказ қурилаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. 

Хўш, уйғун фаолият самаралари нималарда намоён бўлаяпти дерсиз?

Аввало, хавфсиз, барқарор ва қулай хизмат кўрсатишнинг юқори сифатига эришилаяпти. Йилдан-йилга парвозлар географияси кенгайиб бормоқда. Жорий йилда Сингапур билан ҳаво алоқалари ўрнатилди. Термиздан Санкт-Петербургга, Урганчдан Волгоградга янги мунтазам қатновлар очилди... Бу каби янгиланишлар туфайли Миллий авиакомпания 2014 йилнинг биринчи ярим йиллиги натижаларига кўра, муайян ютуқларни қўлга киритди. 

Гап шундаки, ушбу даврда 11,4 минг рейс амалга оширилиб, 1,2 миллиондан ортиқ йўловчилар ўз манзилига етказилди. Почта ва пуллик багажни ҳисобга олганда, 20 минг тоннадан зиёд юк ташилди. Бу кўрсаткичлар узоқни ўйлаб амалга оширилаётган чора-тадбирлар, пухта амалий ҳаракат, сидқидилдан қилинаётган меҳнат мевасидир. 

Ҳозирги кунда авиаташув тизимини янада такомиллаштириш ва Халқаро авиация иттифоқи — “SkyTeam” аъзоси бўлишга йўналтирилган тадбирлар изчил давом эттирилмоқда. Буларга эришиш ҳаво йўлларимизнинг дунё миқёсида тутган ўрнини янада мустаҳкамлаш, қатор преференцияларга эга бўлиш, рейслар харитасини кўпайтириш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш ва юк ташиш тизимини жадал ривожлантириш, юртимиз авиасаноати ҳамда туризм индустриясининг янада юксалишига мустаҳкам пойдевор бўлади.  

 

Саиджон МАХСУМОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn