Фаол ва ташаббускор маҳаллалар сараланди
  • 18 Август 2014

Фаол ва ташаббускор маҳаллалар сараланди

Аввал хабар қилинганидек, жойларда “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари бўлиб ўтмоқда.

ЖИЗЗАХ вилоятида самарали фаолият кўрсатаётган 300 дан ортиқ фуқаролар йиғинлари ҳам танловнинг қуйи босқичларида фаол қатнашди. Айниқса, уларнинг ҳудудларда амалга ошираётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, асосий фаолият йўналишлари бўйича комиссиялар ҳамда “Ота-оналар университети” ишини самарали ташкил этиш, шунингдек, аҳоли бандлигига кўмаклашиш борасида эришган ютуқ ва натижалари барчада катта таассурот қолдирди. 

— Маҳалламиз ҳудудида 6 та маиший хизмат кўрсатиш корхонаси, 23 та оилавий тадбиркор, 28 та касаначи самарали фаолият кўрсатмоқда, — дейди Жиззах шаҳридаги “Ҳамзаобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Неъмат Қобилов. — Жорий йилнинг ўтган даврида соҳани ривожлантириш ҳисобига яна 16 та иш ўрни яратилди. Оилаларни мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш йўналишларидаги фаолиятимизда ҳудудимиздаги корхона ҳамда ташкилотлар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик аҳамияти катта бўлмоқда. 

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари ушбу фуқаролар йиғини фаолиятини юқори баҳолади ва уни биринчи ўринга муносиб, деб топди. Кўрик-танловнинг БУХОРО вилояти босқичида Fиждувон туманидаги “Тошлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинига омад кулиб боқди.

— Ютуғимиз тасодиф эмас, — дейди ушбу маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулнора Шамсиева. — Маҳалламизда доимий комиссиялар билан ҳамкорликда ишлаш изчил йўлга қўйилгани ютуқларимиз омили бўлмоқда. Хусусан, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Уларни миллий қадриятлар ва урф-одатларга ҳурмат, она-Ватан ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги саъй-ҳаракатимиз юқори самара бераяпти. Кейинги бир неча йил мобайнида вояга етмаганлар ҳуқуқбузарликлари ва жиноятчилиги умуман қайд этилмагани фикримиз тасдиғидир. Буларнинг барчаси танлов ҳайъати томонидан эътироф этилди. Албатта, кўрикнинг республика босқичида ҳам муносиб қатнашишга ҳаракат қиламиз.

Ўрта Чирчиқ туманида бўлиб ўтган танловнинг ТОШКЕНТ вилояти босқичида таъкидланганидек, ҳаётимизнинг ҳеч бир жабҳасини маҳалладан айри ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Одамлар бир ишни бошлашдан аввал маҳалла идораси эшигини қоқмоқда. Жойларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ташаббуси, иштироки ва кўмаги билан ҳал бўлаётган масалалар жуда кўп. Буларнинг барчаси мустақиллик йилларида маҳаллага янги мақом ва кенг ваколатлар берилгани шарофатидандир. 

— Маҳалла аҳолиси билан ишлашнинг масъулияти катта, — дейди совриндорлардан бири, Қибрай туманидаги Беруний номли маҳалла фуқаролар йиғини раиси Феруза Тошматова. — Шукрки, маҳалламиз тинч-осойишта, одамлар аҳил, меҳр-оқибатли. Икки ярим мингдан зиёд аҳоли, 650 та оила бор. Шулардан 470 га яқин хонадон томорқа хўжалиги, 60 дан ортиғи тадбиркорлик билан шуғулланади. Кейинги пайтларда ҳудудимиз бунёдкорлик майдонига айланди. Қурилган янги ижтимоий инфратузилма объектлари маҳалламиз ҳуснига ҳусн қўшмоқда.

Қизғин кечган баҳс якунида Паркент туманидаги “Истиқбол” маҳалла фуқаролар йиғини ғолиб, деб топилди. Президентимиз раҳнамолигида маҳалла институтини ривожлантириш ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар бугун қандай юксак самаралар бераётгани ҳеч кимга сир эмас. Табиийки, маҳаллаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда фаолларни рағбатлантириш юзасидан кўрсатилаётган чора-тадбирлар ишимиз самарасини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Мазкур танлов ҳам ана шундай эзгу мақсадларга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Шулар хусусида атрофлича сўз юритилган танловнинг НАВОИЙ вилояти босқичида 10 та фуқаролар йиғини ғолиблик учун баҳсга киришди. Якунда ҳакамлар хулосаси билан Навоий шаҳридаги “Кимёгар” маҳалла фуқаролар йиғини биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

— Маҳалламизда 1600 та оила тинч-тотув яшаб келаяпти, — дейди ғолибликка эришган маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўктам Мирзаев. — Энг муҳими, бугунги кунга келиб, оилавий тадбиркорлар сафи кенгаймоқда. Бу ҳудудимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилаётир. Танлов ҳақида гапирсак, маҳаллада маънавий муҳитни қарор топтириш, “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқаришда асқатадиган илғор тажрибаларни қўлга киритиш имконини берганлиги билан, айниқса, аҳамиятли бўлди. 

Самарқанд шаҳрида ўтказилган танловнинг САМАРҚАНД вилояти босқичида 16 та жамоа иштирок этди. Уларнинг ҳудудларда амалга ошираётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, аҳоли, хусусан, аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида эришган ютуқлари барчанинг эътиборини тортди. Шу билан бирга, маҳаллаларда мустақиллик байрамининг 

23 йиллигига тайёргарлик кўриш мақсадида олиб борилаётган ишлар, “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида тайёрланган фотолавҳалар кўргазмаси кўпчиликка манзур бўлди. 

Якунда Пастдарғом туманидаги “Зангибой” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси ғолиб чиқди.

— Маҳалламиз спортчилари ва ҳунармандлари билан вилоятда ном қозонган, — дейди ушбу маҳалла фуқаролар йиғини раиси Исмоил Сапаров. — Спортчилар турли мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритаётган бўлишса, ҳунарманду косибларимиз тайёрлаган маҳсулотлар нафақат юртдошларимиз, балки хорижликларга ҳам маъқул келмоқда. Танлов чоғида биз ўзлаштирган илғор тажрибалар бу борадаги ишимизни янада кучайтиришда айни муддао бўлади, деб ўйлайман.

Кўрик-танловнинг ҳудудий босқичлари давом этмоқда.

Вилоят мухбирлари 

материаллари асосида тайёрланди.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn