Парваришдаги муҳим босқич
  • 18 Август 2014

Парваришдаги муҳим босқич

Бугун дала айланган кишининг кўзи қувнайди. Баравж ривожланаётган ғўзалар шиғил кўсакдан маржон таққан. Бу, шубҳасиз, яратилажак катта пахта хирмонидан нишонадир. Ой охиригача парваришни бўшаштирмасак, экин янада яшнайди, кўсаклар бўлиқ бўлиб, ҳосилга барака киради.

Кейинги йилларда, айниқса, ғўза уруғчилигига катта эътибор қаратилиб, асосий майдонларда юқори сифатли тола берадиган, қурғоқчилик ва касалликларга чидамли, энг асосийси, эртапишар навлар парваришланаяпти. Натижада ҳосил нисбатан эрта пишиб етилиб, пахта йиғим-терим мавсуми ҳам йилдан-йилга қисқармоқда.

Бизнинг фермер хўжалигимиз 1999 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда 190 гектар ерда деҳқончилик қилаяпмиз. Ҳар йили давлатга пахта, ғалла ва чорвачилик маҳсулотлари сотиш бўйича шартномавий режаларни ошириб бажарамиз. Жумладан, ўтган мавсумда ҳар гектар пахта майдонидан 30 центнер ўрнига 37 центнердан ҳосил йиғиштириб олиб, пахтачиликнинг ўзидан 400 миллион сўм даромад кўрдик. 

Бу йил ҳам мўл ҳосил яратишни ният қилганмиз. Шу мақсадда эрта баҳорда 100 гектардан ортиқ майдонга ғўзанинг “Наманган-77” навини экиб, чигитни бехато ундириб олдик. Агротехника тадбирларини ўз вақтида ўтказиш пайидан бўлиб, ниҳоллар чинбарг чиқарган палладан бошлаб, ҳозирга қадар қатор ораларига етти марта чуқур ва сифатли ишлов бердик. ўўза айни гулга кирганда эса гектарига қўшимча равишда 500 килограммдан маъданли ҳамда уч тоннадан маҳаллий ўғит киритиб озиқлантирдик. Пировардида экин ривожи тезлашиб, гуллар кўсакларга айланди. Ҳозирги кунда ҳар бир туп ғўзада 10-12 тадан бўлиқ кўсак бор.

Тажрибадан маълумки, ҳосилни сақлаш ва кўпайтириш палласи ҳисобланган август ойида чин дилдан меҳнат қилган деҳқон пахтадан юксак хирмон уйиб, эл-юрт олдида юзи ёруғ бўлади. Шу боис ҳосил элементларини тўлиқ сақлаш ва кўпайтириш учун зарур барча чора-тадбирни вақтида кўраяпмиз. Суғоришни фақат “шарбат” усулида амалга ошираётганимиз туфайли экинлар қониб сув ичаяпти. 

Август ойида ҳосил зараркунандаларига қарши астойдил курашилмаса, кўсак қурти, ўргимчаккана, беда қандаласи, қора шира каби офат деҳқонни доғда қолдириши ҳеч гап эмас. Чунки кечалари ҳароратнинг нисбатан пасайиши уларнинг кўпайишига қулай шароит яратади. Биз бу борада яхши самара бераётган биологик усулни кенг қўллаяпмиз. Мазкур жараёнда туманимиздаги “Аслиддин Зиё” ва “Осиё Сурхон” биолабораторияларининг тажрибали энтомологлари биз билан елкама-елка туриб хизмат қилишмоқда. Бу ҳосил кушандаси нишона берган пайкални вақтида аниқлаш ва шу заҳотиёқ керакли миқдорда бракон, олтинкўз, трихограмма сингари биомаҳсулотлар чиқариш имконини бераяпти. Бундай саъй-ҳаракатларимиз боис зараркунандаларнинг урчиш хавфи батамом бартараф этилмоқда.  

Барча агротехника тадбирлари обитобида, сифатли ўтказилаётгани туфайли бугунгача мўлжалдаги ҳосилнинг асоси яратиб бўлинди, ҳисоб. Бироқ ҳозир хотиржамликка берилишнинг мавриди эмас. Сабаби, экин кун санаб ривожланаяпти, унга мадад бериш, таъбир жоиз бўлса, меҳр кўргизиш лозим. Ана шундагина кўзланган мақсадга эришишимизга шубҳа қолмайди. 

 

Алимардон ОМОНОВ,

Денов туманидаги «Шерзод» кўп тармоқли

фермер хўжалиги раҳбари.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn