Фарзандлар камоли — юрт истиқболи
  • 18 Август 2014

Фарзандлар камоли — юрт истиқболи

Президентимизнинг юртимизда камолга етиб келаётган ёш авлод ҳақида айтган шундай сўзлари бор: “Фарзандларимиз, ёшларимиз бизнинг нафақат ишончимиз ва келажагимиз, ёшларимиз бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир”. Айни шундай эътибор ва ғамхўрлик туфайли мамлакатимизда ёшларга беқиёс имкониятлар яратиб берилган. Уларнинг бахти ҳам, фахри ҳам ана шунда.

“Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида пойтахтимизда ташкил этилган “Истиқлол фарзандлари” ёшлар фестивали ҳам йигит-қизларимизни миллий истиқлол ғояларига чексиз садоқат, она-Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда демократик жамиятни ривожлантириш йўлидаги ишларга дахлдорлик туйғусини шакллантириш ва бу эзгу интилишларни давом эттиришдаги масъулиятини янада оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан ўтказилган тўрт кунлик фестивалга республикамиз барча ҳудудидан иқтидорли ёшлар таклиф этилди. Улар бу вақт оралиғида пойтахтимизда сўнгги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, олий ўқув юртлари фаолияти билан яқиндан танишишди.

Йигит-қизларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтириш, амалдаги қонунлар моҳиятини ёшларга тарғиб этиш бугуннинг бош вазифаларидан биридир. Шу нуқтаи назардан уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти билан танишуви муҳим аҳамият касб этди. Иқтидорли ёшлар Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси, Конституциявий суд, Олий суд фаолияти билан яқиндан танишдилар. Ўз навбатида, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти вазифалари ҳақидаги билимларини янада мустаҳкамладилар. 

Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган мулоқот давомида мамлакатимизда ёшлар сиёсатига тааллуқли бўлган, хусусан, таълим-тарбия ва унинг сифати, тадбиркорлик, иқтисодиёт, бандлик, ёшлар билан ишлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

“Истиқлол фарзандлари” ёшлар фестивали доирасида “Бунёдкор” стадионида Ўзбекистон футбол федерациясининг халқаро тоифадаги ҳаками, ФИФА рефериси Равшан Ирматов билан бўлиб ўтган учрашув ёшларда унутилмас таассурот қолдирди. 

Айтиш жоизки, учрашув бошланишидан олдин “Бунёдкор” стадиони мажлислар залида Равшан Ирматов ҳақидаги янги китобнинг тақдимоти ҳам ўтказилди. Бу китоб учрашув иштирокчиларига совға сифатида тақдим этилди.

— Мазкур ёшлар фестивали иштирокчиси бўлиш менга ҳам катта фахр бахш этди, — дейди “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Равшан Ирматов. — Юртбошимизнинг “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва ҳеч кимдан кам бўлмаймиз” деган сўзлари ҳар биримизнинг қалбимиздан мустаҳкам жой эгаллаган. Биз бугунимиз ва эртамиз эгалари бўлган ёшларга ишонамиз, уларга суянамиз. 

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn