Ижтимоий шериклик
  • 18 Август 2014

Ижтимоий шериклик

нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллашувининг муҳим шартидир

Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, жамиятни демократлаштириш ва модернизация қилиш жараёнида фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаол иштирок этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида келтирилганидек, бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратмоқда, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашмоқда.

Пойтахтимизда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси — ЎзННТМА, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Ижтимоий шерикликнинг шакл ва механизмларини такомиллаштириш, ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари ривожланиш самарадорлигини ошириш” мавзуида ўтказилган давра суҳбатида шулар алоҳида қайд этилди.

Таъкидланганидек, юртимизда жамият манфаатлари устуворлигига ҳисса қўшаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани эътирофга моликдир. Шу билан бирга, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга давлат дастурлари ижросини таъминлашда иштирок этаётган ННТ сафи йил сайин кенгаймоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари ва шу каби фуқаролик жамияти институтларининг фаолиятини тартибга солувчи 200 дан ортиқ қонун ҳужжатларининг қабул қилингани бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Шубҳасиз, давлат органлари томонидан мамлакатимизни ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир дастурларнинг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб боришга нодавлат нотижорат ташкилотларини кенг жалб этишда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг муҳим ўрни бор. Мазкур ассоциация томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш, давлат органлари билан ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалаларнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ҳудудларда соғлиқни сақлаш, таълим, ёшлар бандлигини таъминлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга йўналтирилган  ижтимоий аҳамиятга эга масалалар ечимида ННТ иштирокини кенгайтириш, улар фаолиятини кучайтириш ва мувофиқлаштириш устуворлик касб этаяпти.

— Айни пайтда Тошкент вилоятида фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сони 650 дан зиёдни ташкил қилади ва бу 2000 йилдагига нисбатан қарийб уч марта кўпдир, — дейди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент вилояти бўлими раҳбари ўринбосари Баҳриддин Холбўтаев. — Бу ННТ вилоятда аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий, экологик муаммоларни ҳал этиш, соғлом турмушни тарғиб қилиш, тарихий-маданий ёдгорликларни, миллий маданий ўзига хосликни сақлаш ва ривожлантириш, хайрия фаолиятини кенгайтириш каби мақсадларга йўналтирилган давлат дастурлари ижросида фаол иштирок этмоқда. Жумладан, ўтган йили “Обод турмуш йили” Давлат дастурининг Тошкент вилоятидаги ижросига вилоятнинг 27 та нодавлат нотижорат ташкилоти жалб этилди.

Бугунги кунда вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари йигирмага яқин соҳани қамраб олган бўлиб, тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, спортни оммалаштириш, имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, аёлларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини юксалтириш каби йўналишларда фаол иш юритмоқда. Мазкур жараёнда ижтимоий шериклик тамойилларига амал қилинаётгани ўз самарасини бераётир. Ўтган йили Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий форумининг Тошкент вилояти минтақавий босқичи ташкил этилди ва унда ижтимоий шерикликни янада кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини олиб бориш бўйича истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилди. Ҳудудда иш олиб бораётган йигирмадан зиёд ННТ ва давлат органлари ўртасида ўзаро мақсадли ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

— Нодавлат нотижорат ташкилотлари аҳоли кенг қатламларининг хоҳиш-иродасини, интилиш ва манфаатларини намоён этиб, фуқароларнинг муносиб турмуш шароитида, эркин, тинч ва осуда яшаши учун ҳаракат қилаётгани қувонарли, — дейди Тошкент вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси Шуҳрат Насимов. — Жорий йилнинг биринчи ярмида ҳудудимиздаги ННТ давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда 1 минг 200 дан зиёд маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар ўтказди. “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасидаги ушбу тадбирларга 27 мингдан зиёд аҳоли қамраб олинди ва уларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этди. Масалан, “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди билан ҳамкорликда “Ҳар бир болага меҳр, эътибор!” шиори остида уюштирилган хайрия тадбирлари боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ногирон ҳамда ота-онасиз юзлаб болаларга унутилмас таассуротларни туҳфа этди.

Бугунги шиддатли давр фуқаролик жамиятининг мазкур институти олдига долзарб вазифаларни қўймоқда. Хусусан, коллежни битирган йигит-қизлар бандлигини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаол иш олиб бориши мақсадга мувофиқ. Шу маънода, фуқаролик жамияти институтларини янада тараққий эттириш, бунинг учун давлат органлари билан тузилган ҳамкорлик меморандумларининг самарали ишлашига эришиш, чекка ҳудудлардаги ННТ фаолиятини кучайтириш, ижтимоий шериклик асосидаги саъй-ҳаракатларини рағбатлантириш айни муддаодир.

— Ташкилотимиз ногиронлар ва қандли диабетга чалинган беморларнинг ижтимоий муҳофазасига йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширади, — дейди “Умид” хайрия жамоат бирлашмаси директори Нилуфар Ибрагимова. — Ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни муваффақиятли уддалашимизда маҳаллий ҳокимликлар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйганимиз ўз натижасини кўрсатмоқда. 

Хулоса ўрнида айтганда, ушбу давра суҳбати нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат органлари билан долзарб, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишдаги ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий шерикликнинг шакл ва механизмларини янада такомиллаштириш юзасидан ўзаро фикр алмашиш имконини берди. Бу борада таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, мутасадди ташкилотларга тақдим этилди.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn