Умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади
  • 15 Август 2014

Умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фармойиши билан жорий йилнинг августи юртимизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ҳамда 16-17 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашари деб эълон қилинди.

Халқимизнинг асрлар оша ўтиб келаётган кўплаб эзгу қадриятлари, урф-одатлари мавжуд. Шулардан бири, шубҳасиз, халқимизга хос ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат ифодаси бўлган ҳашардир. Айтиш жоизки, истиқлол шарофати билан ҳашар янгича мазмун-моҳият касб этди ва ўзгача суръат олди. Муҳими, ҳашарда юртдошларимиз томонидан кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилади, қишлоқ ва шаҳарларимиз, қўйингки, юртимизнинг ҳар бир гўшаси обод қилиниб, кўкаламзорлаштирилади, янги иншоотлар ишга туширилади.
Шуларга мос равишда эҳтиёжманд одамлар ҳолидан хабар олиниб, улар ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланади.
Энг улуғ ва энг азиз байрамимиз — мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги олдидан ўтказилаётган умумхалқ ҳашари муносабати билан мамлакатимиздаги барча ташкилот, корхона ва муассасаларда ушбу тадбирни пухта ҳамда юқори савияда ташкил этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар кўрилди. Хусусан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви ва унинг ҳудудий тузилмалари ҳамда мавжуд 10 мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан умумхалқ хайрия ҳашари кунлари амалга ошириладиган кенг кўламли ишлар режаси белгилаб олинди. Жумладан, маънавий ҳаётимизнинг узвий қисмига айланган ушбу умуммиллий анъана доирасида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар атрофини, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳ ва қабристонларни, шунингдек, кўча ва йўлакларни тартибга келтириш, дарахтларни оқлаш ва буташ, ҳудудларни маиший ва қурилиш чиқиндиларидан тозалаш каби юмушлар баҳамжиҳат бажарилади.
— Истиқлол айёми арафасида ўтказиладиган ушбу умумхалқ ҳашарида қарийб барча юртдошларимизнинг фаол иштирок этишлари кутилмоқда, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари Д. Усмонов. — Улар ёрдамида мамлакатимиз бўйича 35 минг гектарга яқин майдон, 24 минг километрдан зиёд ариқ ва лотоклар тозаланиши, жойларда кенг кўламли ободонлаштириш, яратувчанлик тадбирлари рўёбга чиқарилиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, эҳтиёжманд инсонлар, ёлғиз қариялар ва ногиронларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилади, жумладан, уларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашилади. Ёш оилаларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни ҳам ният қилганмиз. Айни чоғда фуқаролар йиғинлари моддий-техник базаси янада мустаҳкамланади ҳамда улар зарур жиҳозлар билан таъминланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, умумхалқ ҳашарида эртамиз эгалари бўлган ёшларнинг ҳар қачонгидан фаол ва ташаббускор бўлиши кутилаётир. Бу уларнинг қалбида она-Ватанга ва истиқлол ғояларига садоқат, миллий урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат туйғусини янада мустаҳкамлашда ҳам айни муддаодир.
Умумхалқ хайрия ҳашаридан тушадиган маблағларнинг аксарият қисми “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини изчиллик билан давом эттириш мақсадлари учун йўналтирилади.
Умуман олганда, бунёдкорлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ғояларини ўзида мужассамлаштирган умумхалқ хайрия ҳашари кунлари неча-неча манзиллар обод бўлади ва қанчадан-қанча кўнгилларга шодлик улашилади. Бу эса улуғ байрамимизни обод манзилларда, хурсандчилик ва шодиёналар билан қарши олишимизда муҳим аҳамият касб этади.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.





Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn