Қорақалпоғистон Республикаси: Бунёдкор эл саодати
  • 14 Август 2014

Қорақалпоғистон Республикаси: Бунёдкор эл саодати

23 йил — кўҳна тарих олдида кўз очиб юмгунчалик фурсат. Бироқ ана шу қисқа давр мобайнида халқимиз ҳаётида улкан ўзгаришлар юз берди. Асрларга татигулик ютуқлар қўлга киритилди. Кўнгиллардан бошланган ободлик шаҳару қишлоқларимиз қиёфасида ўз аксини топиб бормоқда. Бунга бошқа ҳудудлар қатори тобора гуллаб-яшнаётган Қорақалпоғистон Республикаси мисолида ҳам амин бўлишимиз мумкин.

Бугун Оролбўйи аҳли энг улуғ, энг азиз байрамимизни  катта муваффақиятлар, эртанги кунга мустаҳкам ишонч билан, хуш кайфиятда қарши олмоқда. Негаки, ҳар бир қадамда бунёдкорликнинг қудратини ҳис қилаяпмиз. Шунинг учун ҳам иккиланмай айтамизки, биргина Нукус шаҳрига бундан беш-олти йил олдин келган одам унинг ҳозирги жамолини кўриб, ҳайратланиши аниқ. Бу ердаги янгидан барпо этилган сўлим хиёбонлар, кенг ва равон кўчалар, муҳташам тураржой ҳамда иншоотлар шаҳар кўркига кўрк қўшиб турибди. Бинобарин, ўтган йиллар давомида азиз шаҳримиз ўзига хос меъморий кўринишга эга бўлди. Унинг фавворалари, муҳташам бинолари кўз кўрса қувонадиган, завқли ва файзли. Тошкент аграр университети, Тошкент тиббиёт педиатрия институти, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нукус филиаллари, замонавий услубда бунёд этилган қанчадан-қанча касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар, мактаблар... Шунингдек, қулай ва шинам меҳмонхоналар, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фойдаланишга топширилди. Республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш маркази, Тошкент акушерлик-гинекология илмий тадқиқот институтининг Нукус филиаллари томонидан аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Мутлақо янгича асосда бунёд этилган Савицкий номидаги давлат санъат музейи нафақат халқимиз, ҳатто хорижлик сайёҳларнинг ҳам эътиборини ўзига жалб қилиб келаяпти. Бердақ номидаги давлат мусиқа театри капитал реконструкция қилинганидан сўнг чинакам санъат кошонасига айланди. Буюк олим Мирзо Улуғбек, қорақалпоқ мумтоз шоирлари — Бердақ ва Ажиниёз ҳайкаллари қад ростлаган хиёбонлар обод бўлди, файзга бурканди.

Айтаверсак, бу каби эзгуликларнинг саноғи йўқ. Уларнинг ҳар бири бизга улкан қувонч, фахру ифтихор бахш этади, албатта. Беихтиёр муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг: “Қорақалпоқ халқининг оғир табиий шароитда ҳам ўз юртига содиқ бўлиб, шу заминни севиб-ардоқлаб келаётгани, қийинчиликларга мардона чидаб ҳаёт кечираётгани, астойдил меҳнат қилаётгани — чинакам қаҳрамонлик, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди. Бу сабр-матонат ҳар қанча ҳурмат ва эҳтиромга арзийди”, деган сўзлари ёдга тушади. Бундай қанотбахш калом замирида бизга кўрсатилаётган улкан эҳтиром мужассам. Ана шу юксак эътибор ва эъзоз туфайли бугун ҳар бир қадамда улуғвор ўзгаришларга гувоҳ бўлаяпмиз. Чунончи, спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самараси ўлароқ Нукус шаҳрида Олимпия захиралари ва Нукус спорт коллежлари, ёпиқ теннис корти, “Спорт манежи”, кураш зали, “Орол”, “Амударё” ва Олимпия захиралари коллежининг ёпиқ сув ҳавзалари, 20 дан зиёд болалар спорт майдончалари барпо этилди. Уларда бугун минглаб қорақалпоқ ёшлари спорт билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Жумладан, Эркинбой Қутибоев, Низаматдин Хожабоев, Азамат Ешатаев, Нодира Казакова, Алибек Крабаев, Нилуфар Гадоева, Баҳром Мендибаев каби жаҳон чемпионлари етишиб чиқиб, мамлакатимизни дунёга танитаяпти.

Ҳар бир халқнинг ҳаётини кўрмоқчи бўлсанг, бозорини бориб кўр, деган нақл бор. Шу маънода, бугун бозорларимизнинг тўкинлигидан кўнглимиз тўқ. Буларнинг бари истиқлол шарофати, халқимизнинг орзу-интилишлари самараси, албатта. Мана, ҳозир Оролбўйи минтақасида 3403 та фермер хўжалиги фаолият юритаяпти. Нафақат қишлоқ хўжалиги, балки саноат ривожида ҳам бу соҳа вакилларининг ҳиссаси катта. Эътибор беринг: биргина жорий йилнинг ўтган даврида 1346 та кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан жами 22 миллиард 687 миллион сўмлик истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилди. Бунинг ҳисобидан 7670 та иш ўрни яратилди.

Бу кимни қувонтирмайди, дейсиз?! 

Албатта, изланиш ва ташаббус муваффақиятлар сари йўл очаверади. Буни яхши англаган қишлоқ мулкдорлари ўз фаолиятини тобора кенгайтириш, пировардида эл-улусга муносиб хизмат кўрсатиш мақсадини дилларига тугишган. Амударё туманидаги “Амударё соҳили” фермер хўжалиги раҳбари Ислом Маткаримов ана шундай фидойи кишилардан. 

— Элликдан зиёд ишчиларимиз бор, — дейди у. — Уларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битириб келган ёшлар. Ана шу билимдон ва ғайрат-шижоатли мутахассисларимиз саъй-ҳаракати билан катта ютуқларга эришаяпмиз. Мисол учун, бундан икки йил муқаддам банкнинг 2 миллиард 210 миллион сўмлик молиявий кўмагида Голландиядан замонавий технологияни олиб келган эдик. Зукко ёшларимиз кўмагида ана шу ускуналарни ўзлаштириб олгач, чорвачиликдаги муваффақиятларимиз кўлами янада кенгайди. 

Қорақалпоғистон Республикасида кўнгли дарёдай тўлиб-тошиб турган бундай инсонлар кўп. Уларнинг юрт равнақи йўлидаги фидокорона меҳнати, шижоат ва қатъияти дилларга олам-олам шодлик улашади. 

Шундай хуш кайфият билан шаҳар марказидаги фавворалар отилиб турган майдонга йўл оламиз. Чор атроф меҳмону мезбонлар билан гавжум. Жозибали фавворалар вужудимизга ҳузур, дилимизга сурур бахш этади. Чеҳрасидан мамнуният ва самимият балқиб турган кишилар билан суҳбатлашамиз.  

— Бу ерга невараларим билан тез-тез келиб тураман, — дейди Нукусдаги Марказий майдонда сайр қилиб юрган онахон Гулхумор Қутимова. — Шаҳримизнинг қоқ марказидаги Бердақ бобо ҳайкали салобат бағишлаб турган, фавворалар отилиб, уларнинг салқинидан намхуш ҳаво таралаётган ушбу майдонни зиёрат қилувчилар кўп. Бу ерга ҳар гал келганимда ўзим сингари нуронийлар билан суҳбатлашаман. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак меҳр ва эътибор, ғамхўрликлар тўғрисида бир-биримизга тўлиб-тошиб гапирамиз. 

Ҳаётнинг пасту баландини кўп кўрган, машаққатларини тортган, бугун эса дориламон кунларга етиб келганидан қувончи қалбига сиғмаётган бундай нуронийларнинг эътирофи, дуосига қўшилмай бўладими?! Ахир осмонимиз мусаффо, мақсадлар улуғвор бўлгани учун ҳам тандирларда тўлиб нонлар ёпилаяпти. Дастурхонларимиз тўкин, тўйхоналарда эса кунда-кунора бахт-иқбол садолари янграб, тинчлик-осойишталик тараннум қилинмоқда. Буларнинг барчаси озод ва обод юртимизнинг бугуни файзли, эртаси нурафшон, келажаги буюк эканлигининг ёрқин далолатидир аслида.

 

Гулистон МАТЁҚУБОВА,

Қорақалпоғистон

халқ шоири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn