Муқаддас бурч масъулияти
  • 14 Август 2014

Муқаддас бурч масъулияти

Бугун Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилишни хоҳламайдиган йигит йўқ. Мана, ўзимдан қиёс. Болалик орзуим сабаб, олис бир қишлоқдан келиб, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ўқияпман.

Мустақиллик йилларида миллий армиямиз сифат жиҳатдан шундай такомиллашиб, профессионаллашдики, эндиликда ҳарбий бўлиш учун фақатгина иштиёқнинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун ҳар йигитдан пухта билим, юқори салоҳият, жисмоний ва руҳий тайёргарлик талаб этилади.

Шундай бўлди ҳам. Ўқишга киришимда муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаб қайтганим қўл келди. Аскарликда чинакамига чиниқдим, тобландим. Ўй-фикрларим, тафаккурим равшан тортди. Хизматни муваффақиятли якунлаб, олий таълим муассасаларига ўқишга киришда қўшимча балл шаклидаги имтиёздан фойдаланиш имкониятига эга бўлдим. Бу менинг орзуимга эришиш сари муҳим қадам бўлди.

Баъзан билим юртимизнинг катта авлодга мансуб офицер ва сержантларидан собиқ тузум армияси ҳақида эшитиб, ҳайрон қоламиз. Кўча чангитиб юрган йигитни дабдурустдан “военкомат”га чақириб, сочини олиб ташлашса-ю, хизматга жўнатишса... Қизиқ-а?! Ота-онаси билан тузукроқ хайрлаша олмай, ўзи ҳатто харитадан ҳам тополмайдиган жойларга кетаверишган экан-да акаларимиз...

Шукрки, биз мустақил юрт ўғлонларимиз. Бугунги аскар ким учун ва нима учун хизмат қилаётганини яхши билади. У ўз Ватани, ўз уйини ҳимоя қилади. Шунинг учун ҳам болаликданоқ ҳарбий бўлишга интилади. Ўзини шу масъулиятли вазифага ҳам руҳан, ҳам жисмонан тайёрлаб боради.

Ота-онасига, оиласига, халқига севги ва садоқати бўлган йигитгина Ватан ҳимоячиси бўла олади. Зотан, юртнинг ҳар қарич ери мўътабар. Уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш асл йигит учун энг муқаддас бурчдир.

 

Дўстбек МУҚИМОВ, 

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик 

билим юрти курсанти.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn