Ғамхўрлик ва эъзоз самараси
  • 14 Август 2014

Ғамхўрлик ва эъзоз самараси

Ота-она борки, фарзандининг тўрт мучаси бутун, бахтиёр бўлиб камолга етишини истайди. Унинг саломатлигини ҳар недан устун қўяди. Фаолиятим давомида бунга кўп бора иқрор бўлганман. Ваҳолонки, эндигина дунёга келган гўдакни бағрига босганча  биз, шифокорларга умид ва нажот кўзи билан боқиб турган онанинг, отанинг кўнглидан кечаётган ҳисларни англаш қийин эмас.

Отам шифокор бўлишимни орзу қиларди. “Одамлар дардига дармон бўлишдан ортиқ бахт йўқ”, дер эди шу ҳақда сўз кетса. Бу орзу мени Бойсундан пойтахт сари етаклади. Тошкент педиатрия тиббиёт институтида таҳсилни тамомлагач, Сурхондарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига ишга келдим. Мана, шу марказнинг чақалоқлар патологияси бўлимида ишлаётганимга ҳам икки йилдан ошибди.

Мамлакатимизда “Соғлом она — соғлом бола”  дастури умуммиллий ҳаракатга айланиб, Ўзбекистон ўсиб келаётган ёш авлод саломатлиги ҳақида энг кўп ғамхўрлик кўрсатаётган етакчи давлатлар қаторида экани барчамизни қувонтиради. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар самарасини тиббиёт марказимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Тубдан реконструкция қилиниб, шу йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топширилган муассасамизнинг замонавий қиёфасини, яратилган қулайликларни кўриб, кўз қувнайди. Сўнгги русумдаги технологияларнинг келтирилиши эса ташхис қўйиш ва даволаш ишларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Хуллас, мукаммал шароитда ишлашимиз учун барча имконият мавжуд.

Бизнинг бўлимда зотилжам, ошқозон-ичак, туғма нуқсонли ва бошқа касалликка  чалинган чақалоқлар даволаб парваришланади. Илгари жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурати бўлганида ёки бошқа оғир ҳолатларда бемор гўдаклар пойтахтдаги тиббиёт муассасаларига жўнатилар эди. Эндиликда бунга ҳожат қолмади. Марказимиз моддий-техника базаси, кадрларимиз салоҳияти тобора яхшиланиб бораётганининг меваси бу! Ёши улуғ устозларимиз собиқ тузум даврида барча соҳадаги каби тиббиётда кузатилган камчиликларни, оғриқли муаммоларни хотирлаб, сўзлаб беришганида ҳозирги ютуқларимиз, ўзгариш ва янгиланишлар ўз-ўзидан бўлмаётганини англаймиз. Шундай кезларда кўнгилдаги мамнунлик ҳисси янада ортади. Зеро, юрт равнақини фарзандлари камолотида кўрган эл ҳеч қачон кам бўлмайди.

 

Дилафрўз РАВШАНОВА,

Сурхондарё вилояти болалар кўп тармоқли

тиббиёт маркази шифокори.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn