«Юрт келажаги — 2014»
  • 14 Август 2014

«Юрт келажаги — 2014»

Шаҳрисабз туманидаги “Лочин” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Юрт келажаги — 2014” иқтидорли ёшлар республика кўрик-танловининг финал босқичи қизғин паллага кирди.

Унда юртимизнинг барча минтақаларидан беллашувларнинг саралаш босқичларида муваффақият қозонган 600 нафардан зиёд йигит ва қизлар қатнашмоқда.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур танлов истеъдодли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш, уларнинг келгуси фаолиятига кенг йўл очишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Танловда 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган йигит-қизлар “Архитектура ва дизайн, либослар дизайни”, “Ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлар ва техник ишланмалар”, “Анъанавий ва амалий санъат”, “Иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни такомиллаштириш бўйича таклифлар”, “Адабиёт ва журналистика” йўналишларида ўз билимларини синовдан ўтказадилар. 

Таъкидлаш керакки, танловда иштирок этиш истагидаги ёшларнинг сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Жорий йилда республикамиз бўйлаб қарийб 55 минг нафар йигит-қиз кўрикда қатнашиш учун ариза топширди. Мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган туман ва вилоят саралаш босқичларида қатнашган ёшлар ўзларининг янги ғоялари, интеллектуал салоҳияти, мукаммал бизнес режалари, архитектура ва дизайн соҳасидаги янгича қарашларини намоён этишди. Уларнинг 606 нафари республика финал босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Танлов дастурига кўра, бир ҳафта мобайнида ўтказиладиган турли тақдимотлар, кўргазма, концерт, спорт мусобақалари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш учун барча шарт-шароит яратилди. 

— Танловнинг республика босқичи “Лочин” ёзги ўқув оромгоҳида ўтказилаётгани бежиз эмас, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши раисининг ўринбосари Сарвар Ашуров. — Ўқув машғулотлари чоғида иштирокчилар махсус ишлаб чиқилган интерактив дастур бўйича ўз ғояларини ҳаётга татбиқ этиш усулларини ўрганишади ва семинар-тренинглар чоғида олинган назарий билимларини амалий ишлар билан мустаҳкамлаб боришади. Бу ёшларимизнинг бир ҳафта мобайнида турли танловлар, давра суҳбатлари, тренинглар ва кўнгилочар дастурлар, спорт беллашувларида қатнашиб, янги дўстлар орттириши, ўз қобилиятини намойиш қилиши учун яна бир имкониятдир. Маҳорат дарслари ва семинар-тренингларни ўтказиб бериш учун оромгоҳга малакали мутахассислар, турли соҳаларнинг тажрибали вакиллари таклиф этилди.

Оромгоҳда ғолибларнинг ижодий ишларига бағишланган кўргазмалар уюштирилиши кўзда тутилган. Якунда иштирокчилар “Юрт келажаги — 2014” танлови ҳакамлар ҳайъати олдида ўз маҳоратларини намойиш қиладилар. Унда ўз йўналиши бўйича энг кўп балл тўплаган 48 нафар қатнашчига мутлақ ғолиблик мақоми берилади ҳамда улар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

 

А. МУҲАММАДИЕВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn