Энг намунали маҳаллалар аниқланмоқда
  • 13 Август 2014

Энг намунали маҳаллалар аниқланмоқда

Бугун маҳалланинг ёшларни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, оила институтини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, жамиятда аҳиллик ҳамда тотувликни таъминлаш борасидаги ўрни ва аҳамияти ҳар қачонгидан ошмоқда. Айниқса, аҳолини аниқ йўналтирилган асосда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни кенг ривожлантириш, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг ҳаётдаги амалий ифодасини қарор топтириш борасидаги аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Дарҳақиқат, маҳалла нуфузини кўтариш йўналишида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида бугун нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам ушбу ноёб бошқарув институтининг фаолияти катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Буни Урганч шаҳрида ҳамда Жанубий Корея, АҚШ ва Хитой давлатларида маҳалла институти фаолиятини ўрганишга бағишлаб ўтказилган халқаро давра суҳбатларидаги эътирофлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Маҳалланинг ислоҳотлар жараёнидаги фаоллигини оширишда ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” кўрик-танловининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор. Зеро, мазкур кўрик фуқаролар йиғинларининг илғор иш тажрибаларини кенг оммалаштиришда айни муддао бўлмоқда. Шу кунларда танловнинг ҳудудий босқичлари “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилмоқда.

Кўрик-танловнинг Нукус шаҳрида бўлиб ўтган Қорақалпоғистон Республикаси босқичида қуйи босқичларда ғолиб чиққан 16 та фуқаролар йиғини 3 та шарт асосида ўзаро баҳсларга киришди. Аввало, фуқаролар йиғинлари томонидан амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳамда бу борада эришилган натижалар қонунийлик, ошкоралик, адолат ва тенглик тамойиллари асосида баҳоланди. Айни чоғда уларнинг  асосий фаолият йўналишлари бўйича комиссиялар ва фуқаролар йиғинларида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган маслаҳат марказлари ҳамда “Ота-оналар университети” фаолиятини намунали йўлга қўйиш юзасидан рўёбга чиқарилаётган ишлари ўрганилди. Шу билан бирга, иштирокчиларнинг иш фаолиятида учраб турадиган саволларга берган  жавоблари, дунёқараши ва ҳозиржавоблиги ҳам синовдан ўтказилди. 

Якунда Нукус шаҳридаги “Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғини биринчи ўринни қўлга киритди.

— Оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, жамиятда аҳилликни таъминлашда маҳалланинг ўрни тобора ошмоқда, — дейди мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раиси Р. Хожамуратов. — Хусусан, 648 та оила истиқомат қилаётган маҳалламизда шу жиҳатларга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳозир 6 та оилавий тадбиркоримиз бор, оилалардан 3 таси касаначилик, 4 таси эса ҳунармандчилик билан шуғулланмоқда. Ўтказилган танловда маҳаллаларнинг ушбу йўналишлардаги илғор тажрибалари билан ҳам танишдик. Бу, албатта, фаолиятимизни янада кучайтиришда қўл келади.

“Туркистон” саройида ўтказилган кўрик-танловнинг Тошкент шаҳар босқичида таъкидланганидек, кўзланган мақсад истиқлол йилларида маҳаллаларга кўрсатилаётган юксак эътибор, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни асраб-авайлашга оид ислоҳотлар аҳамиятини тарғиб этиш, фуқаролар йиғинларини комплекс ривожлантириш йўналишидаги ишларни чуқур ўрганиш, соҳага оид илғор тажрибаларни оммалаштиришдан иборатдир.

Танловда қатнашган 11 маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти  ана шу тартибда баҳоланди. Айни чоғда улар яратиб берилган кенг имкониятлардан нечоғли тўғри фойдаланаётгани, соҳага оид миллий қонунчилик ижроси, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ҳамда тинчлик ва осойишталик, аҳиллик ва меҳр-оқибат муҳитини таъминлаш, ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига оид ишлар атрофлича сарҳисоб қилинди. Натижада Шайхонтоҳур туманидаги “Шофайзи” маҳалла фуқаролар йиғини биринчи ўринга лойиқ топилиб, республика босқичида қатнашиш имконига эга бўлди. 

Ҳозир Сирдарё вилоятида 343 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолият кўрсатмоқда. Танловнинг туман ва шаҳар босқичларида уларнинг барчаси фаол иштирок этди. Ушбу босқичларда ғолибликни қўлга киритган маҳаллаларнинг ўзаро беллашуви ҳам юқори даражада ўтказилди.

Иштирокчилар учта шарт бўйича пухта назарий ва амалий тайёргарликка эга эканликларини намоён этишди. Ҳакамлар хулосасига кўра, барча шартлар бўйича юқори балл тўплаган Боёвут туманидаги “Бобоюрт” маҳалла фуқаролар йиғини ғолибликни қўлга киритди.

— Бу танлов фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятидаги кўплаб ижобий ўзгаришларнинг ўзига хос кўриги ҳамдир, — дейди ғолиб бўлган маҳалла фуқаролар йиғинининг масъул котиби С. Холиқулов. — Айниқса, маҳалла фаолларининг ўтган йиллардагига қараганда ўз вазифалари бўйича салоҳиятлари янада ошганлиги барчада илиқ таассурот қолдирди. Бунда, шубҳасиз, тизимга қаратилган катта эътибор, хусусан, шу йилнинг бошида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари малакасини ошириш ўқув курслари ташкил қилингани муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур курсларда олган назарий ва амалий билимларимиз танловларда ҳам, фаолиятимизни бугунги кун талаблари даражасида ташкил этишимизда ҳам айни муддао бўлмоқда.    

Наманган вилоятида 831 фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи бўлиб, танловнинг қуйи босқичларида сараланган 12 таси вилоят босқичида ўзаро баҳс олиб борди.  

— Маҳалланинг ноёб бошқарув тизими сифатидаги ўрни ва ислоҳотлар жараёнидаги иштироки йилдан-йилга салмоқли бўлиб бораётир, — дейди Учқўрғон туманидаги “Соҳил” маҳалла фуқаролар йиғини раиси 

Д. Баҳромова. — Бу, аввало, аҳолини аниқ йўналтирилган асосда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантиришга кўмаклашиш маркази сифатидаги фаолиятида кўзга яққол ташланмоқда. Масалан, 3 минг нафардан зиёд киши истиқомат қилаётган маҳалламизда аҳоли бандлигини таъминлашнинг самарали воситаси бўлган оилавий тадбиркорликни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинаяпти. Кейинги пайтларда биргина томорқа хўжалиги негизида 70 га яқин оила ўз бизнесини йўлга қўйди. Юзга яқин хонадонда асалари парваришланаяпти. Ёшларимизнинг кўпчилиги ҳудудда ташкил этилган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида меҳнат қилишаяпти. Бу эса фуқаролар бандлигини таъминлаш билан бирга, оилалар бюджетини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаяпти.

Мазкур маҳаллада ҳудудни ободонлаштириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, асосий фаолият йўналишлари бўйича комиссиялар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашувчи маслаҳат маркази, “Ота-оналар университети” ишлари ҳам намунали йўлга қўйилган бўлиб, ҳакамлар томонидан буларнинг барчаси инобатга олинди. Пировардида ушбу фуқаролар йиғини биринчи ўринга лойиқ, деб топилди. 

Танловнинг Термиз шаҳрида бўлиб ўтган Сурхондарё вилояти босқичида иштирокчи маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятидан ҳикоя қилувчи фотосуратлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. 

Ошкоралик, адолат ва тенглик тамойиллари асосида ўтказилган кўрик-танловда иштирок этган маҳалла фуқаролар йиғинларида амалга оширилган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари, эришилган ижобий натижалар, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар ҳамда ҳудудлардаги корхона ва ташкилотлар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқаси натижалари баҳоланди. Айни чоғда фуқаролар йиғинлари раислари, йиғинларнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбарлари ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш, ёш авлод вакилларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун яратилган шарт-шароитлар хусусида маълумот беришди. Ўзларининг иш тажрибалари билан ҳам ўртоқлашдилар. 

Якунда 14 та жамоа орасидан Сариосиё туманидаги “Бўйрапўш” маҳалла фуқаролар йиғини биринчи ўринга муносиб, деб топилди. Кўрик-танловнинг ҳудудий босқичлари давом этмоқда.

 

Вилоят мухбирлари 

материаллари асосида тайёрланди. 

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Истиқлол фарзандлари «Юрт келажаги — 2014» »