Истиқлол фарзандлари
  • 13 Август 2014

Истиқлол фарзандлари

Ўзбекистон — ёшлар мамлакати. Юртимиз аҳолисининг 60 фоиздан зиёдини ёшлар ташкил этиши бунинг тасдиғидир. 

Шу боис мамлакатимизда истиқлолнинг илк йилларидан Президентимиз раҳнамолигида замонавий билимларни пухта эгаллаган, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук ёш авлодни камолга етказиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган.

Республикамизда ёшларнинг нафақат мукаммал билим эгаллаши, айни вақтда муайян мутахассисликка эга бўлиб, жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топиши учун кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада мақсадли давлат дастурлари рўёбга чиқарилаётир. Пировардида кейинги йилларда янгича дунёқарашга, қатъий ишонч ва эътиқодга эга, мустақил фикрлайдиган, мамлакати ҳамда халқига содиқ, Ватанимизнинг янада равнақ топиши учун муносиб ҳисса қўшишга интилаётган ўн минглаб янги авлод мутахассислари тайёрланди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу серқирра фаолиятни ҳар томонлама ривожлантириш ва рағбатлантиришда дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти.

Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги муносабати билан кеча пойтахтимизда бошланган “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остидаги “Истиқлол фарзандлари” деб номланган ёшлар фестивали ҳам баркамол авлодни қўллаб-қувватлаш йўлидаги навбатдаги хайрли чора-тадбирларнинг бири бўлди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши томонидан ташкил этилган фестивалда Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиблари, халқаро спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган ёшлар қатнашмоқда.

Фестивалнинг биринчи куни мамлакатимизнинг Бош майдонидаги Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Юртбошимизнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан бунёд этилган бу ердаги ҳар бир иншоот ёшларда катта таассурот қолдирди.

Ёшларимиз юзидаги ўзгача шукуҳ тарих тасмаларига муҳрланганча Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси ва Симпозиумлар саройига саёҳат билан кундалик дастур давом эттирилди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган, энг ёрқин ютуқларга эришган, ҳар соҳада илғор мустақиллик фарзандлари шу куни нафақат кутубхонага аъзо бўлишди, балки мазкур бинонинг эътиборга молик барча жойлари билан яқиндан танишишди.

Ёрқин келажак томон қадам ташлаб улгурган юртимиз ёшлари Турин политехника ва Вестминстер университетларига ташриф буюришди.

Фестивалнинг дастлабки куни “Туркистон” саройида ўтказилган “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остидаги гала-концерт билан якунланди. Ёшлар фестивали 15 августгача давом этади.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn