Ҳарбийларга — янги тураржойлар
  • 12 Август 2014

Ҳарбийларга — янги тураржойлар

Мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларнинг яшаш шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мустақиллик байрамимиз арафасида Наманган вилоятининг Поп туманида Ўзбекистон Республикаси МХХ чегара қўшинларининг ҳарбий хизматчиларидан бир гуруҳига тақдим этилган янги тураржойлар ҳам Ватан посбонлари учун кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир намунаси бўлди.

Сарҳадларимизни сергаклик билан қўриқлаётган офицер ва сержантлар учун бунёд этилган мазкур иншоот замонавий меъморчилик анъаналари асосида қурилган.  

— Оиламизга зарур қулайликларга эга бўлган икки хонали уй берилди, — дейди майор Шавқиддин Шодиевнинг рафиқаси Сетора Раҳимова. — Бу ердаги шароит худди шаҳардагидек, табиий газдан тортиб, иссиқ сувгача бор. Ҳовлидаги болалар майдончасини айтмайсизми?! Ундаги ўйин мосламалари, мўъжазгина бассейн фарзандларимизнинг қувнаб-яйраб ўсишларига хизмат қилади.          

Янги уй-жойлар калитини хонадон эгаларига топшириш маросими байрамга айланиб кетди. Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар ҳарбий хизматчиларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, энг аввало, юрт равнақи, осмонимиз мусаффолиги, чегараларимиз дахлсизлиги, қисқача айтганда, Ватанимиз тинчлиги билан боғлиқ эканлигини алоҳида таъкидладилар.    

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Б. Юсупов иштирок этди.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn