Оилалар қувончи
  • 12 Август 2014

Оилалар қувончи

Юртимизда энг улуғ, энг азиз байрамимиз шукуҳи кезаётган шу кунларда Чиноз туманилик икки ёш — Моҳира ва Анвар Абдураҳмоновлар оиласи қўшалоқ қувончни қарши олди. Бундан сал аввалроқ улар ўғил фарзандли бўлишганди, куни кеча эса бу бахтиёр оила янги хонадонга кўчиб ўтди. 

Аслида Олмазор қишлоғидаги хонадонлар бугун чинакам бахт ошёнига айланган. Кейинги йилларда бу ерда 100 дан ортиқ оилалар намунавий лойиҳалар асосида қурилган шинам ва замонавий ҳовли-жойларга кўчиб ўтишди. Шу билан бирга, ҳудудда аҳоли узоғини яқин қилувчи яхлит инфратузилма ҳам шаклланди. 

Яқинда қишлоқда яна бир шодиёна — мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди. “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган тадбирда истиқлол туфайли қишлоқларда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, эришилаётган муваффақиятлар, ютуқ ва марралар хусусида сўз борди. Ёшларнинг билим олиши, ўзлари танлаган йўналишнинг етук мутахассиси бўлиши учун яратилган қулай шароитлар юксак самара бераётгани таъкидланди. Тўкин дастурхон атрофида кечган байрам гурунгларида Ватанни мадҳ этувчи шеърлар ўқилди, куй-қўшиқлар рақсларга уланди. 

Шу куни қишлоқнинг 25 оиласига намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган янги тураржойларнинг калитлари топширилди. 

 

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn