Теран илдизлар
  • 11 Август 2014

Теран илдизлар

Учрашувларнинг бирида мендан “Азим ака, 44 йилдан буён деҳқончилик билан машғул экансиз. Бугунги кунда фермер хўжалиги раҳбарисиз. Айтинг-чи, қандай фермернинг иши самарали бўлади?” деб сўраб қолишди. “Аввал одамлар бойисин, кейин мен сармоядор бўламан” деган фермернинг иши доимо ўнгидан келаверади”, дедим бу саволга жавобан.

Ҳақиқатан ҳам, эл-юртни, одамларни ўйлаган киши ҳеч қачон кам бўлмайди. Буни мен ўз  ҳаётим мисолида баралла айта оламан. Оддий бир тракторчи эдим. Бригадирлик қилдим, хўжалик раҳбари бўлдим. Эндиликда эса тасарруфида 300 гектар экин майдони бор йирик фермер хўжалиги раҳбариман. Чорвачилик, паррандачилик йўналишларида ёрдамчи тармоқларимиз ҳам бор. 

Сизга айтсам, фермерлик ортидан эл-юрт ҳурматини қозондим. Камтарона меҳнатларим юксак баҳоланиб, тақдирланди. Ватанимиздаги энг бахтиёр оилалардан бирининг соҳибиман. Бир оддий деҳқон учун бундан ортиқ бахт борми?!

Хўжалигимизда 100 нафар киши меҳнат қилади. Яхши-ёмон кунларида доимо уларнинг ёнларидаман. Жорий йилда ҳар гектар майдондаги ғалладан 

60 центнердан ҳосил олдик. Чўл шароитида бу яхши кўрсаткич. Пахтадан ҳам бу йил мўл ҳосил етиштириш ниятидамиз. 

Дарвоқе, экин майдонларимиз Жилвон чўлида. Эшитган бўлсангиз, унинг Султонобод деган массиви бор. Ўша ерда экин экиб, ҳосил яратаяпмиз. Тўғри, чўлда яшаш ва ишлашнинг ўзига яраша машаққати бор. Лекин яхши шарт-шароит яратиш кишининг ўз қўлида. Яқинда ихтиёримизда қолган доннинг 

110 тоннасини ишчиларимизга тарқатдик. 10 та дала шийпони қурганмиз. Барчаси замонавий қиёфада.

Ишчиларимиз топган даромадларини тўйларга сарфлашаяпти, енгил машина харид қилишаяпти, уй-жой қуришаяпти, фарзандларини нуфузли олий ўқув юртларида ўқитишаяпти. Шуларни кўриб, қувончим ичимга сиғмайди. “Ким эдигу ким бўлдик?!” дейман ўзимга ўзим.

Минг карра шукр, Аллоҳ назари тушган заминда яшаяпмиз. Юртимиз тинч, турмушимиз фаровон, бозорларимиз тўкин. Қўлимиз меҳнатда. Дастурхонимиздан эса қут-барака аримайди. 

Истиқлол берган бундай неъматлар бардавом бўлсин. Халқимизнинг боши тўйдан чиқмасин!

 

Азим ЛАТИПОВ, 

Ўзбекистон Қаҳрамони, фермер.

Шофиркон тумани

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn