«Nikkei Sangyo» нашри юртимиз ҳақида
  • 11 Август 2014

«Nikkei Sangyo» нашри юртимиз ҳақида

Яқинда Япониянинг оммабоп нашрларидан бири — “Nikkei Sangyo” (Nikkei Business Daily)” газетасида “Самарқанд конференцияси ҳамда япон-ўзбек муносабатларини мустаҳкамлаш истиқболлари” сарлавҳали мақола босилиб чиқди.

Унинг муаллифи — “Matsumae International” халқаро жамғармаси раиси, Токаи университети профессори Хирохиса Учида япониялик газетхонларни шу йил 15-16 май кунлари  Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференция якунлари билан атрофлича таништиради.

Мақолада ёзилишича, анжуманда дунёнинг элликка яқин мамлакатидан минг нафардан зиёд олим ва мутахассислар, шу жумладан, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари  иштирок этди.

“Мазкур конференция қатнашчиси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг донолиги ва узоқни кўра билишидан ҳайратга тушдим, — деб ёзади муаллиф. — Хусусан, Президент халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида ўзининг тарихий, маданий ва интеллектуал меросини асраб-авайлашга, бойитиш ва кўпайтиришга, шунингдек, униб-ўсиб келаётган ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга етарлича эътибор қаратмайдиган, ҳар томонлама уйғун ривожланган, мустақил фикрлайдиган, ўз қараш ва ёндашувига, гражданлик позициясига эга бўлган шахсни  камол топтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўймайдиган ҳар қандай давлат ва жамият тарих ҳамда тараққиёт йўлидан четда қолиб кетишга маҳкум эканини қайд этди. Ислом Каримовнинг мамлакатлар ва миллатлар ўртасида фан, таълим ва маданият соҳаларида мулоқот ривожи учун барқарорлик ҳукм суриши лозим, зеро тинчлик ва барқарорлик бўлмаса, илм-фан соҳасида ҳеч қандай ўсиш, тараққиёт бўлиши мумкин эмас, деган фикрига ҳам тўласинча қўшиламиз”.  

Анжуман ҳақида фикр юритар экан, Х. Учида тадбир чоғида япониялик иштирокчилар  илм-фан ҳамда технология масалаларини ҳамда Япония ва Ўзбекистоннинг илм-фан соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш имконига ҳам эга бўлганини қайд этади. Шу ўринда муаллиф газетхонларни япон ва ўзбек олимлари “Майданак” расадхонасида ўзаро ҳамкорликда олиб бораётган ишлар билан таништиради. 

“Сафарим чоғида Ўзбекистоннинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги изчил ижтимоий-иқтисодий ўсишга эришган, илғор ва барқарор мамлакатлардан бири эканлигига амин бўлдим, — деб ёзади у. — Мамлакатда транспорт инфратузилмаси ҳам яхши ривожланган. “Тошкент — Самарқанд — Тошкент” йўналишида қатновчи “Афросиёб” тезюрар поезди бунга мисол бўла олади. Поездда кетар экансан, Буюк Ипак йўлининг бетакрор манзараларидан баҳраманд бўласан киши. Фикримча, мамлакатимиз Ўзбекистон билан нафақат савдо-иқтисодий жабҳада, балки таълим, кадрлар тайёрлаш ва маданият соҳаларида ҳам ҳамкорликни янада мустаҳкамлаши лозим”.

 

«Жаҳон» АА.

Токио

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Эртамизнинг ишончи ва таянчи Теран илдизлар »