Эртамизнинг ишончи ва таянчи
  • 11 Август 2014

Эртамизнинг ишончи ва таянчи

Ўғлим Улуғбек касбим давомчиси — кўз касалликлари шифокори. Қарийб қирқ йиллик тажрибам бўлса-да, у билан тез-тез маслаҳатлашишга тўғри келади. Боиси, Улуғбек — истиқлол фарзанди, замонавий шарт-шароитларда пухта таълим олган ёш мутахассис. Қолаверса, изланишдан тўхтамайди, ўқийди, ўрганади. Илғор технологиялардан, илм-фан ютуқларидан самарали фойдалана олади. Зеҳни ўткир, малакаси юқори.

 Қувонарлиси, бугунги ёшларимизнинг аксарияти ҳақида ана шундай фикрларни билдириш мумкин. Мана, яқинда бир танишим Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилган малака ошириш курсида ўқиб келди. “Машғулотлар қандай ўтди?” десам, сўровимга савол билан жавоб берди: “Биласизми, энг қойил қолганим нима бўлди?”. “Қани айтинг-чи, нима экан?” —  дея қизиқдим. “Бундан 10-15 йил аввал худди шу мавзуларда хорижлик мутахассислар маърузаларини эшитардик, — дейди у. — Қарасам, бу гал ҳаммаси — ўзимизнинг ёш мутахассислар. Бир нечта чет тилларни мукаммал билишар экан. Яна ораларида кўпчилиги дунёнинг манаман деган мамлакатларига бориб, маърузалар ўқиб қайтишар экан! Рости, ҳайратим ошди, бугунги ёшларимизга ҳавасим келди”.

Унинг айтганича бор. Ҳозир ҳатто миттигина болажонларимиз ҳали боғча ёшидаёқ чет тилини ўрганишмоқда. Сал эсини танигач, компьютернинг мураккаб амалиётларини ҳам тезда ўзлаштириб олишаяпти. Дарсдан сўнг ўзи қизиққан бирор фан бўйича тўгаракка ё спорт машғулотига қатнашаяпти. Буларнинг бари келажагимиз ишончли қўлларда эканлигининг яна бир далили эмасми?! Зеро, Ўзбекистон — алломалар юрти. Шундай экан, бу заминда камол топган ҳар бир фарзанд кўплаб аждодларимизга муносиб авлод бўлиб етишиши, шубҳасиз.

 

Расул КАРИМОВ,

Сирдарё вилояти кўз касалликлари шифохонаси бош шифокори,

«Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn