Илғор технологик лойиҳалар
  • 11 Август 2014

Илғор технологик лойиҳалар

янги турдаги қурилиш материалларини тайёрлаш имконини бермоқда

Мамлакатимизда қўшимча қийматга эга бўлган саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўлами кун сайин кенгайиб бораяпти. Натижада ички бозор импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдирилиши баробарида, экспорт салоҳияти ошмоқда. Шубҳасиз, бу борада саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ҳаётга татбиқ қилинаётган лойиҳалар муҳим омил бўлаётир.

Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикасини 2014 йилнинг биринчи ярмида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига бағишланган мажлисида таъкидланганидек, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш борасида ҳам муайян ютуқларга эришилмоқда. Негаки, юртимизда шу йилнинг олти ойида электр духовка, газ ва электр плиталар, кондиционер, электр двигатель ва насослар, маиший электр асбоблари, спорт анжомлари ва бошқа 200 турдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бошқача айтганда, маҳаллий корхоналар томонидан умумий қиймати 1,2 триллион сўмлик янги турдаги маҳсулотлар етказиб берилиши натижасида импорт ўрнини босиш самарадорлиги 504,7 миллион АҚШ долларини ташкил этди. 

Таъкидлаш керакки, иқтисодиётимизнинг етакчи соҳаларидан бири бўлган қурилиш материаллари саноатида ҳам кўплаб шундай истиқболли лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди. Натижада арматура ўрнини босадиган янги қурилиш материали — нометалл арматура ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. “Arm Composit” савдо белгиси остида тайёрланаётган бу маҳсулот пойтахтимиздаги “Бўстон текстиль” масъулияти чекланган жамиятида Маҳаллийлаштириш дастури доирасида олиб борилган изланишлар самарасидир. 

Дарҳақиқат, мазкур дастур саноатнинг юқори технологияли тармоқлари, хусусан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаси ривожида кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Бугунги кунда қурилиш-пудрат  ташкилотлари ва аҳолининг бунёдкорлик ашёларига бўлган эҳтиёжи, асосан, ўзимизнинг маҳсулотлар эвазига таъминланаётгани бунинг далилидир. Узоққа бормайлик, шу йилнинг ўтган даврида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш жами 13,1 фоиз ўсгани бунёдкорлик ишлари кўламининг 17,4 фоиз ошишида муҳим омил бўлди.

Соҳада, айниқса, кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқаришга илғор технологик ечимлар, инновацион ишланмалар изчил жорий этилиб, ноу-хаулар унумли қўлланилаётгани тамомила янги, арзон ва сифатли маҳсулотлар тайёрлашни ўзлаштиришда қўл келаяпти. Нометалл арматуралар шулар сирасига киради. 

— Бу маҳсулотнинг асоси шиша толаси ва базальтдан иборат бўлиб, соҳа мутахассислари уни қисқача “шишапластик арматура” деб аташади, — дейди жамият раҳбари Анвар Рўзметов. — У турдошларига қараганда жуда мустаҳкам, сифати юқори ва турли ташқи таъсирларга чидамли. Шу боис бундай арматураларга жаҳон бозорида талаб тобора ошиб бораяпти. Юртимизда ҳам унга эҳтиёж катталиги бизни изланишга ундадики, натижада ушбу маҳсулотни ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик.  

Маълумки, қурилишда арматура энг муҳим материаллардан бири ҳисобланади. Одатда, у пўлатдан тайёрлангани туфайли иш жараёнида бирмунча мураккабликларни келтириб чиқаради. Чунки оғир металлни ташиш, тепага чиқариш сарф-харажатни оширишдан ташқари, вақтни ҳам олади. Янги маҳсулот эса, мутахассисларнинг айтишича, сифат кўрсаткичлари бўйича пўлат арматурадан асло қолишмайди, ҳатто устунликка ҳам эга. Масалан, вазни анча енгил, баҳоси эса икки баробар арзон. Шунинг учун бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатларида нометалл арматуралардан кенг фойдаланилаяпти. 

Ҳозирги пайтда “Arm Composit” савдо белгиси остида ойига ўртача 100 километр узунликдаги композитли арматуралар ишлаб чиқарилаяпти. Уларнинг оғирлик кўтариш хусусияти ҳам юқори эканлиги қурувчиларга маъқул. Негаки,  диаметри 18 мм.ли металл арматуралар ўрнини 14-16 мм.ли шишапластик арматуралар боса олади. 

— Маҳсулотимизни кенг жамоатчиликка илк бор “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида бўлиб ўтган “Қурилиш — UzBuild 2014” халқаро кўргазмасида намойиш қилдик, — дейди Анвар Рўзметов. — У нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик мутахассисларда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Буюртма асосида турли диаметрли ва хоҳлаган узунликдаги арматуралар етказиб бериш имкониятимиз бор эмасми, пировардида маҳаллий қурилиш ташкилотлари билан шартномалар имзолашга муваффақ бўлдик. 

Хорижнинг энг замонавий технологик линиялари билан жиҳозланган корхонада бугун лойиҳанинг кейинги босқичини ҳаётга татбиқ этиш устида иш олиб борилаяпти. Бу импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бир неча баробар ошириш, ички бозорни арзон ва юқори сифатли композитли арматуралар билан тўлдиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

 

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn