Инвестиция ва қулай ишбилармонлик муҳити
  • 11 Август 2014

Инвестиция ва қулай ишбилармонлик муҳити

саноат корхоналарининг жадал ривожида муҳим ўрин тутади 

Истеъмол бозоридан муносиб ўрин олиш — ҳар бир ишлаб чиқарувчининг устувор мақсади. Шу жиҳатдан мамлакатимиз ишбилармонлари томонидан тайёрланаётган юзлаб турдаги маҳсулотлар юқори сифати ҳамда ўзига хос дизайни билан маҳаллий ва хорижлик харидорлар эътирофига сазовор бўлаётгани қувонарлидир. Улар орасида Наманган шаҳридаги “Люкс плюс сервис” масъулияти чекланган жамиятининг замонавий моделдаги ихчам костюм-шим, куртка ва пальтолари ҳам бор.

Маълумки, бундай рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун, энг аввало, илғор технология ва малакали ишчи-мутахассислар талаб этилади. “Люкс плюс сервис”нинг бу борадаги имкониятларига ҳавас қилса, арзийди. Корхона, айниқса, 550 минг евро миқдоридаги сармоя ҳисобига катта ҳажмдаги модернизациялаш тадбирлари амалга оширилгандан сўнг ривожланишнинг янги поғонасига кўтарилиб олди. Ҳозир бу ерга ўрнатилган серунум, тежамкор, замонавий ва энг сўнгги русумдаги технологиялар шарофати билан либослар тайёрлаш жараёни компьютерлаштирилган дастгоҳлар ёрдамида сифатли бажарилмоқда.

— Корхонамиз фаолият бошлаган дастлабки йиллари ҳар бир либосни силлиқлашга соатлаб вақт сарфлардик, —  дейди костюмга ишлов бераётган Улуғбек Ҳамроқулов. — Хориждан келтирилган мана бу пресслаш ускунаси эса ушбу амалиётни саноқли дақиқалар ичида бажаради. Унинг маҳсулот сифатини таъминлашдаги ўрни ҳам катта. Айни пайтда ана шундай дастгоҳдан 14 таси ишлаб турибди.

Дарҳақиқат, технологик янгиланиш тадбирлари амалга оширилгандан сўнг корхона қувватлари ортиб, ишлаб чиқариш ҳажми олдингига нисбатан беш баробар ўсди ёки ойига уч мингтага етказиб кийим-кечак тайёрлаш имконияти юзага келди. Ўз навбатида, иш ўринлари кўпайиб, жамоа аъзолари сони 115 нафарга етди. Уларнинг 15 фоизини касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ташкил этади. Энг муҳими, ички бозордан мустаҳкам ўрин эгаллаган корхона ўз маҳсулотларини чет элга ҳам чиқара бошлади. Эндиликда хориж давлатлари билан тузилган экспорт шартномалари миқдори йил сайин ошиб бормоқда. Масалан, ўтган йил якунларига кўра 85,4 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот ташқи бозорга чиқарилган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмидаёқ бу борадаги кўрсаткич 57 минг АҚШ долларидан ошди. Олти ойда ишлаб чиқарилган умумий маҳсулот миқдори эса 1,4 миллиард сўмликка етди. 

—  Айни чоғда “Vakkoni” товар белгиси остида 30 дан ортиқ турда кийим-кечаклар ишлаб чиқараяпмиз, — дейди МЧЖ раҳбари Аюбхон Бобомирзаев. — Шу билан бирга, бозордаги мавқеимизни янада мустаҳкамлаш мақсадида навбатдаги лойиҳани ниҳоясига етказаяпмиз. Аниқроғи, яна бир цех биноси қуриб битказилмоқда. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида фойдаланишга топшириладиган бу иншоотда юздан зиёд киши меҳнат қилади. Тайёрлаётган маҳсулотларимиз миқдори эса яна бир миллиард сўмликка кўпаяди. Бундан  ташқари, келгуси йилдан бошлаб янги йўналиш — эркаклар кўйлаги тайёрлаш линияси барпо этишни режалаштириб турибмиз.

Айтиш лозимки, вилоятда “Люкс плюс сервис” сингари дастгоҳ ва ускуналарни ихчам ҳамда самарали техника ҳисобига янгилаб, юксак натижаларга эришаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони тобора ортиб бормоқда. Улардан бири — “Истиқлол текстиль дизайн” масъулияти чекланган жамиятида юқори сифатли костюм-шим ва курткалар тайёрланади. Йилига 1,3 миллиард сўмликдан кўпроқ бежирим кийимлар ишлаб чиқараётган мазкур корхона аввалги йили ISO 9001 халқаро сертификатини қўлга киритган эди. Ўтган йили эса Фарғона водийсида биринчи бўлиб мода ва дизайн марказини ишга туширди. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, кичик бизнес субъектлари кўплаб ҳамюртларимиз учун ўз иқтидори ва салоҳиятини намойиш этиш майдонига айланиб бораяпти. Масалан, Наманган шаҳридаги “Ифтихор кийим саноат” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Анна Добрих корхона фаолиятини барқарор йўлга қўйгани, истеъмол бозорини тўлдириш ва  экспорт фаолиятидаги самарали иштироки учун “Ташаббус — 2014” кўрик-танловининг якуний босқичида “Энг яхши тадбиркор” йўналиши бўйича ғолиб чиқиб, олтин медаль, биринчи даражали диплом ҳамда “Spark” автомашинаси билан тақдирланди. Ёш ва ғайратли тадбиркор ҳам ўз муваффақиятларини корхонада замонавий технологияларнинг кенг қўлланилиши билан боғлайди.

Эътиборлиси, саноат тармоқларини модернизациялаш ва янгилаш, замонавий инновацияга асосланган тежамкор ҳамда юқори самарали технологияларни жорий этиш билан боғлиқ бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Биргина ўтган йилнинг ўзида вилоят бўйича мазкур йўналишда 163 та лойиҳа амалга оширилиб, юксак натижаларга эришилди. Айни мақсад учун 30,8 миллион АҚШ долларига тенг маблағ ўзлаштирилган бўлса, унинг 21,2 миллион долларини хорижий сармоядорлар ва лойиҳа ташаббускорларининг ўзлари қоплашди. Бу, ўз навбатида, хўжалик юритувчи субъектлар молиявий имкониятлари эртанги кун манфаатлари учун дадиллик билан йўналтирилаётганини кўрсатади. Натижада юқоридаги чора-тадбирлар ҳисобига 105,6 миллиард сўмлик янги қувватлар, уларни бошқариш учун 3790 та иш ўрни юзага келди. Наманганликлар айни соҳадаги ишларни жорий йилда ҳам изчил давом эттиришмоқда. Буларнинг барчаси пировардида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини муттасил орттириш, экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn