«Auchan Voyages» франциялик сайёҳларни Ўзбекистонга таклиф этади
  • 04 Февраль 2014

«Auchan Voyages» франциялик сайёҳларни Ўзбекистонга таклиф этади

Шу кунларда Францияда йирик чакана савдо оператори — “Auchan” компанияси кўмагида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини тарғиб этишга қаратилган реклама кампанияси ўтказилмоқда.

“Auchan” компанияси томонидан 10 миллион нусхада чоп этилган Ўзбекистон бўйлаб саёҳат рекламаси буклетлари мамлакатнинг барча нуқталарида тарқатилаётир.
Серқуёш ўлкамиз бўйлаб саёҳат йўналиши “Auchan Voyages” агентлиги томонидан Самарқандда фаолият кўрсатадиган “Orient Voyages” сайёҳлик компанияси билан ўзаро ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Саёҳат дастури жорий йилнинг апрель, май, июнь, сентябрь ва октябрь ойларида франциялик сайёҳларни Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари билан таништиришни кўзда тутади.
Компаниянинг “Auchan” ҳафталик каталоги ҳамда www.voyagesauchan.com веб-саҳифасида мазкур саёҳат ҳақида батафсил маълумот берилган. Шунингдек, Тошкент, Хива, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида жойлашган тарихий осориатиқалар хусусидаги ахборотлар ҳам франциялик саёҳат ишқибозлари эътиборига ҳавола қилинган.
“Auchan Voyages” агентлиги тарқатган хабарга қараганда, Ўзбекистонга ташкил этиладиган саёҳат чипталарининг бозори чаққон бўлмоқда — апрель ойига мўлжалланган сайёҳлар гуруҳи аллақачон тўлган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ҳақда “Euronews” телеканалида намойиш этилган промо-ролик сотувнинг ўсишига кўмаклашаяпти.
“Auchan” АҚШдаги “Wall-Mart Stores” ҳамда Франциядаги “Carrefour” чакана савдо операторларидан кейин дунёда учинчи ўринда турадиган компания ҳисобланади. У ўзининг 600 дан зиёд супермаркет ҳамда магазинларига эга.

«Жаҳон» АА.
Париж

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn