Меҳр ва эътибордан кўнгиллар обод
  • 04 Февраль 2014

Меҳр ва эътибордан кўнгиллар обод

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўз мазмун-моҳиятига кўра, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ҳар биримизнинг фаровон яшашимиз учун зарур шарт-шароит яратиб беришга йўналтирилган.

Буни ўз даврида юртимиз тараққиёти учун хизмат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган нуронийларимизнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Ҳозирги пайтда юртимизда 4395 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиcи ва ногирони, 80 мингдан зиёд уруш орти меҳнат фахрийлари,
19 мингдан ортиқ якка-ёлғиз кексалар, 1400 нафар юз ва ундан юқори ёшдаги мўътабар бобо ҳамда момоларимиз умргузаронлик қилишмоқда.
Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Марказий Кенгашининг 2013 йил якунлари ҳамда истиқболдаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишида ана шулар хусусида атрофлича сўз юритилди. Айни чоғда фахрийларни ижтимоий, маънавий ва тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш кўлами кенгайиб бораётгани диққатга сазовордир.
Ҳисобот даврида  52 минг нафар фахрий давлат ва жамоат ташкилотлари кўмагида тиббий кўрикдан ўтказилди. Шундан 26 минг нафари шифохоналарда, ўн бир минги санаторийларда саломатликларини мустаҳкамлаб қайтишди.
Йиғилишда Президентимизнинг 2013 йил 25 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони фахрийларни қўллаб-қувватлаш йўналишида катта аҳамият касб этгани таъкидланди. Зеро, ушбу ҳужжатга биноан, 4940 нафар уруш қатнашчиcи ва ногиронига 500 минг сўмдан пул мукофотлари берилди. 
Умуман, фахрийларимиз халқимизнинг доимий эътибори ва ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб яшамоқдалар.
Тадбирда Соғлом бола йилида амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Якунда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn