Меҳр-оқибат ва осойишталик қўрғони
  • 08 Август 2014

Меҳр-оқибат ва осойишталик қўрғони

Бугун юртимизда 10 мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида фаоллик кўрсатиб келмоқда.

Бу, аввало, маҳаллалар ҳудудини обод қилиш, янги маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини ишга тушириш орқали аҳоли, хусусан, аёллар ва ёшларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, фарзандларимизни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, она-Ватан ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида камолга етказиш, жойларда тинчлик ҳамда осойишталикни таъминлаш борасидаги ишлар мисолида кўзга яққол ташланиб турибди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллик байрами тобора яқинлашиб келаётган шу кунларда бу борадаги саъй-ҳаракатлар кўлами кенгайиб, янгича суръат олмоқда. Пойтахтимизнинг Ҳамза туманида жойлашган “Бирлашган” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ана шундай изланишларнинг гувоҳи бўлдик. Маҳаллада амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини кўрган кишининг баҳридили очилади. Масалан, бу ерда кўркам, ораста маиший хизмат кўрсатиш ва умумий овқатланиш шохобчалари, савдо дўконлари ҳамда новвойхоналар бир маромда ишлаб турибди. Кўплаб кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари самарали фаолият кўрсатаяпти. Ҳозирги кунга келиб уларнинг умумий сони 65 тага етди. Муҳими, аксарият субъектларда маҳалла аҳолиси, кўпроқ ёшлар меҳнат қилмоқда.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви маълумотига кўра, “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида 2014 йилнинг биринчи ярмида маҳаллалар ҳудудида 34 мингдан ортиқ маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнес субъектлари ташкил этишга кўмаклашилди. Уларда 42 мингдан зиёд иш ўринлари яратилди. Натижада 24 мингдан ортиқ хотин-қизлар ва 16 мингдан зиёд ёшларнинг бандлиги таъминланди.

— Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун кенг шарт-шароит ҳамда имкониятлар яратиб берилган, — дейди хусусий тадбиркор Мавлуда Исмоилбоева. — Ишни бошлашдан олдин маслаҳат сўраб, маҳаллага чиқдик. Фаоллар бизни қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган хусусий корхонани ишга туширдик. Бу ерда маҳалла ёшларидан 15 нафари меҳнат қилмоқда. Улар ишлаб чиқараётган 35 турдаги қандолат маҳсулотлари буюртма асосида эгаларига етказилмоқда. Айни чоғда махсус дўкон очиб, савдони йўлга қўйдик. Тез орада фаолиятимизни янада кенгайтириш ниятимиз бор. Бунда ҳам, албатта, маҳалла фаолларининг кўмагига таянамиз.

Ана шундай илиқ таассуротлар билан фуқаролар йиғинига йўл олдик. Мақсадимиз — шу эзгу ишларга бош-қош бўлиб келаётган маҳалла фаоллари фаолияти билан яқиндан танишиш. Кўча бошиданоқ маҳалла гузари кўринди. Унинг атрофи шунга мос равишда ободонлаштирилган. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор Абдулазиз Қирғизбоевни шу ерда учратдик. У фаоллар билан янги ғоялар устида ишлаётган экан. 

Йиғин идораси ҳам ташқи орасталикка уйғун. Шинамгина хоналар. Бир нечта телефон, факс, телевизор ва учта компьютер жамламаси йиғин аъзолари ихтиёрида. 

Фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида шу йилнинг биринчи ярмида фонднинг ҳудудий тузилмалари томонидан 421 фуқаролар йиғини компьютерлар, 488 таси мебель жиҳозлари билан таъминланди. Айни чоғда 67 та фуқаролар йиғини биноси реконструкция қилинди, 8 таси янгидан қурилди.

— Болажон халқмиз, нима бўлса, фарзандларга бўлсин, деймиз, — дейди Абдулазиз Қирғизбоев. — “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, яқинда ҳудудимизда жойлашган Авиасозлар даҳасидаги 1 ва 2-уйлар ҳовлисида болалар спорт майдончасини барпо этдик. Болажонлар бу ерда турли спорт турлари билан шуғулланишмоқда. Айни чоғда уларнинг ёзги таътилини мароқли ташкил этиш мақсадида мактабда кундузги оромгоҳ очиб, зарур шарт-шароитлар яратишга кўмаклашдик. Ёшларнинг одоб-ахлоқи ва бандлиги масаласи ҳам доимий эътиборимизда бўлиб келмоқда. Шу мақсадда ҳудудимизда истиқомат қилувчи 1664 нафар ёшнинг ҳар бири билан тез-тез суҳбатлашиб турамиз. Бу амалда самара бераяпти. Гап шундаки, ўрганиш натижасида маълум муддат ишсиз қолган ёшларни турли марказлар, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлар ёрдамида бошқа касб эгаллаши учун курсларга йўналтираяпмиз. Жорий йилнинг биринчи ярми давомида аниқланган 12 нафар банд бўлмаган йигит-қизни ҳамкорларимиз кўмагида ишга жойлаштирдик. 

Халқимизда “Бола одоби билан азиз”, деган нақл бор. Бирлашган маҳалласи фаоллари бу борада ҳам бир қатор хайрли ишларга қўл уришмоқда. Ёшларни “оммавий маданият”, диний экстремизм, миссионерлик ва ақидапарастлик каби иллатларнинг зарарли таъсиридан ҳимоялаш мақсадида эл ардоғидаги инсонлар иштирокида учрашувлар ҳамда давра суҳбатлари ўтказилмоқда. “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида” ҳамда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунлар мазмун-моҳияти атрофлича тушунтириб берилаётгани ҳудудда тинчлик ва осойишталикни таъминлашда айни муддао бўлаяпти.

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ёз неъмати Зоминнинг хуштаъм олмалари »