Ёз неъмати
  • 08 Август 2014

Ёз неъмати

қишда ҳам дастурхонимизга файз бағишлайди

Халқаро диетологларнинг тавсиясига кўра, инсон истеъмол қиладиган озиқ-овқатнинг камида 50 фоизини мева ва сабзавотлар ташкил этиши зарур. Ушбу мезон билан ўлчанганда, мамлакатимиз аҳолисининг бундай неъматларга бўлган эҳтиёжи ортиғи билан таъминланмоқда.

Негаки, Ўзбекистонда ҳар йили 16 миллион тоннага яқин мева ва сабзавот етиштирилиб, аҳоли жон бошига қарийб 300 килограмм сабзавот, 75 килограмм картошка ва 44 килограмм узум тўғри келаяпти. 

Бундан маълум бўладики, республикамиздаги бу борадаги кўрсаткич оптимал, яъни мақбул деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар кўпдир. Энг муҳими, дала ва боғ неъматларини истеъмолчиларга йил давомида арзон нархларда етказиб бериш йўлга қўйилган. Бунда Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмасининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. 

Дарҳақиқат, унинг асосий фаолияти озиқ-овқат, айниқса, сархил мева-сабзавот маҳсулотларини улгуржи харид қилиш, сақлаш ва аҳолига узлуксиз ҳамда кафолатли равишда етказиб беришдан иборат. Айтайлик, ўтган йили уюшма тизимидаги улгуржи базалар томонидан 65 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси яратилиб, қиш ва баҳор ойларида республикамиз аҳолисига арзон нархларда тақдим этилди. Уларнинг сифатли сақланишида 60 минг тонналик совитиладиган ҳамда 116 минг квадрат километрлик совитилмайдиган омборхоналар мавжудлиги қўл келди.

Уюшма томонидан 2014/2015 йил қиш-баҳор мавсуми учун 70 минг тоннага яқин қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шу жумладан, 17,5 минг тонна картошка, 17,2 минг тонна пиёз, 14,2 минг тонна сабзавот, 9,2 минг тонна мева ва полиз, қарийб 11,5 минг тонна гуруч ҳамда дуккакли дон маҳсулотлари захирасини яратиш кўзда тутилган. Шу мақсадда бугунгача фермер ва деҳқон хўжаликлари билан умумий қиймати 15 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди.

Бу ҳақда Тошкент шаҳрида ташкил этилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

— “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси тизимидаги корхоналар томонидан интенсив боғлар яратилиб, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик каби тармоқларнинг йўлга қўйилаётгани озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини кўпайтиришимизда муҳим омил бўлаяпти, — дейди уюшма раиси ўринбосари Равшан Ҳамидбеков. — Масалан, интенсив боғ барпо этиш учун ажратилган 122 гектар майдонда 100 минг тупга яқин турли мевали дарахтлар ўтқазилди. Улар ўтган йилдан ҳосил бера бошлади. Бундан ташқари, 300 гектар ер майдонида шоли, 800 гектарда бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилаяпти.

Уюшма ташаббуси билан жорий йилда тажриба тариқасида Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги 100 гектар майдонда қовуннинг эртапишар “Жиян” нави етиштирилгани ўзини тўла оқлади. Гап шундаки, экин интенсив технология асосида парваришлангани туфайли ҳосил муддатидан бир ой олдин пишиб етилди. Тилими тилни ёрадиган бу қовунларга ташқи бозорда талаб ортиб, замонавий технологиялар ёрдамида қадоқланган ҳолда Россия, Германия ва Европанинг бошқа мамлакатларига экспорт қилинди.

Анжуманда шу каби истиқболли лойиҳаларни мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам амалга ошириш, замонавий совитиш камераларини бунёд этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.

 

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn