Август ойида қилинган меҳнат мўл ҳосил гаровидир
  • 07 Август 2014

Август ойида қилинган меҳнат мўл ҳосил гаровидир

Кейинги йилларда жаҳон бозорида ўзбек пахта толаси ва ундан тайёрланган маҳсулотларга бўлган талаб тобора ортиб бораяпти. Буни соҳа мутахассислари юртимизда етиштирилган пахта толасининг саноатбоплиги ва сифат кўрсаткичларининг юқорилиги билан изоҳлашмоқда. Ўтган йилнинг кузида бўлиб ўтган IX Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида жаҳоннинг 40 та мамлакатидан пахта ва тўқимачилик саноатининг қарийб 1000 нафар вакили иштирок этиб, якунда 680 минг тонна пахта толаси ҳамда умумий қиймати 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ тўқимачилик маҳсулотлари савдоси бўйича шартномалар имзолангани бунинг яққол далилидир.

Шубҳасиз, бу мустақиллик йилларида Президентимиз ташаббуси билан пахтачилик тармоғини ривожлантириш, сифатли хом ашё етиштириш, уни қайта ишлаш борасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг юксак самараси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Зеро, ўзбек толаси ўзининг юқори сифати, ранги, пишиқлиги, микронейри ва бошқа техник кўрсаткичларининг устунлиги билан алоҳида ажралиб туради.     

Дарҳақиқат, республикамизда ернинг ҳақиқий эгаларига — фермерларга берилгани, уларнинг эмин-эркин меҳнат қилишлари, ўз салоҳиятини намоён этишлари учун барча шарт-шароит яратилгани, моддий-техника базасининг мустаҳкамланиб бораётгани, энг муҳими, улар меҳнатининг муносиб рағбатлантирилаётгани муваффақиятларни тобора мустаҳкамламоқда.

Мамлакатимиз деҳқонлари томонидан жорий мавсумда 1 миллион 280 минг гектардан зиёд майдонда ғўзанинг юқори сифатли тола берадиган, эрта ва ўртапишар “Наманган — 77”, “Ан-Боёвут — 2”,“Бухоро — 102”, “Султон”, “С-6524”, “Бухоро — 6” “Омад”, “Меҳнат” каби минтақалар тупроқ-иқлим шароитига мос навлари парваришланмоқда. Айни кунларда агротехника тадбирларини сифатли бажариш орқали ғўза ривожини янада жадаллаштириш пайида бўлинмоқда. Зеро, август ойи ҳосил салмоғини ошириш учун энг қулай, айни пайтда, ўта масъулиятли давр ҳисобланади. Тажрибали деҳқонлар бот-бот таъкидлаганларидек, “Август ойида қилинган меҳнат мўл ҳосил гаровидир”.

Аслини олганда, деҳқончиликда ҳар бир ойнинг ўз ўрни, бажариладиган агротехник тадбирларнинг мақсад-вазифалари бўлади. Бироқ пахтачиликда августдаги юмушларнинг аҳамияти, айниқса, беқиёсдир. Бу даврда ғўза агротехника талабларига изчил амал қилиб парваришланса, унинг ривожи тезлашиб, шоналар гулга, гуллар кўсакларга айланади. Бўлиқ кўсаклар эса ой охирларида очилиб, лўппи-лўппи пахта бўлади.

Бугунги кунга қадар чилпиш тадбирларини якунлаган пахтакорлар ниҳолларни “шарбат” усулида суғориб, қатор ораларини юмшатиш, бегона ўтлардан тозалаш ва ҳосил зараркунандаларига қарши курашиш ишларига асосий эътиборни қаратишмоқда. 

Асад — экинингни ясат” деган нақл бор халқимизда. Бунинг маъноси шуки, асад, яъни август ойида ғўзани том маънода ясатиш, яшнатиш керак.

Бунинг учун эса, айни кунларда ғўзани ҳар қачонгидан ҳам эътибор билан парваришлаш талаб этилади. Ушбу масъулиятли ойда фермеру мутахассислар, сувчию механизаторлар, энтомологлар ўз ишига ўта жиддий ёндашмоғи даркор. Негаки, пахтачиликда ишга доимий эътибор, уюшқоқлик ва бирдамлик ўта муҳимдир. Бепарволик ва бефарқлик фақат зарар келтиради. Айниқса, ҳосил тақдири ҳал бўлаётган шу кунларда бундай ҳолатларга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди.

Август ойида бажариладиган муҳим агротехник тадбирлардан бири экинларни маромида суғориш ҳисобланади. Яъни ғўзани кўллатиб ҳам, чўллатиб ҳам суғормаслик талаб этилади. Акс ҳолда, ҳосил тугунчалари тўкилиб, етарлича ҳосил тўпланмайди. ўўзани тунги суғориш яхши самара беради: ғўза қониб сув ичади, сувдан унумли фойдаланилади. Айниқса, суғориш “шарбат” усулида олиб борилса, янада юқори самара беради. Чунки “шарбат” сувига қонган ғўза тез чанқаб қолмайди, суғоришлар оралиғи узаяди ва кўсаклар тезроқ тўлишиб, вазни ортади. 

Суғорилган майдонлар тупроғи етилиши билан қатор ораларини культивация қилиш муҳим тадбирлардан бири саналиб, ғўза туплари орасида ҳаво алмашинуви яхшиланади, кўсакларга ҳаво ва шамол тегиб, тез етилади. ўўза майдонларининг ҳолатига қараб, қатор оралари бирлашиб кетмаган далаларда яна 2 марта культивация қилиниши талаб этилади. Экин ривожи нисбатан кечиккан майдонлар аниқланганда, ғўза қатор ораларига 10 сентябргача 3 марта ишлов берилиб, ҳар бир культивацияда гектарига камида 300-400 килограммдан чириган маҳаллий ўғит киритиш ҳисобига ғўза ривожини жадаллаштиришга эришилади. Культивация вақтида культиватор ишчи органлари яхшилаб “балиқ сирти” қилиб ўралган, ғилдираклар олди суйри қилиб ҳимояланган, ғўза шохлари ва ҳосил нишоналарига зарар етказмайдиган бўлиши лозим. Мазкур жараёнда тракторнинг тезлиги ҳам бир маромда бўлиши талаб этилади. 

Агар культивация кечиктириб ўтказилса, жўяклар қуриб, юзаси ёрилади, ғўзанинг илдизлари шикастланади, намлик тез йўқотилади, бегона ўтлар кўпаяди, гул ва тугунчалар тўкилиб, ҳосилдорлик 15-25 фоиз пасаяди. Охирги культивациянинг чуқур ўтказилиши ғўзанинг илдиз тизимига салбий таъсир этиши мумкин. Шу боис охирги культивацияларни юзароқ ўтказиш мақсадга мувофиқ. 

Ушбу ойда ғўза қатор ораларига техника ва ишчи кучлари киритилмай қўйилган майдонларда ғўзанинг димиқиб, кўсакларнинг моғорлаб чириш ҳолатлари кўплаб кузатилган. Шу боис ҳосил тақдири ҳал бўладиган август ойида ғўза қатор оралаб юриб ён шохларни чилпиш билан бирга, ғўзаларни “варақлаш” муҳим аҳамиятга эга. Бу ғўза бағрига шабада югуриб, кўсакларнинг моғорламасдан эрта ва тўлиқ очилишини таъминлайди.

Августда бажариладиган юмушларнинг яна бир нозик жиҳати шундаки, бу пайтга келиб, ғўза қатор ораларида шўра, итузум, қўй печак, ғумай каби бегона ўтлар ҳам зўр бериб ўсади. Улар жуда тез ўсиши натижасида ғўзанинг ривожини сусайтириб, ҳашаротларни кўпайтириб, кўсаклар пишиб етилишини кечиктириб, терим пайтида ҳам қийинчиликлар туғдиради, ҳосил сифатини пасайтиради. Шу боис ҳар бир далани яна бир бор кўздан кечириб, бегона ўтларни йўқотишга жиддий эътибор қаратиш лозим.

Эътибор берган бўлсангиз, август кириши билан ҳаво ҳарорати  пасайиб, тунлари салқин тушаяпти. Бундай шароитда кўсак қурти, ўргимчаккана, беда қандаласи, қора шира каби зараркунандалар кўпаяди. Шу сабабли зарарли ҳашаротларга қарши курашни янада кучайтириш зарур. Озгина эътиборсизлик туфайли тўпланган ҳосилнинг 30 фоизигача қисми бой берилиши мумкин.

Зараркунандаларга қарши курашишда биологик кураш усулидан фойдаланиш, зарурат туғилганда, кимёвий воситаларни қўллаш керак.

Кўсак қуртининг тухумига қарши трихограмма ва олтинкўз биомаҳсулотларини  тарқатиш ҳамда қурт пайдо бўлган далаларда 5-6 кун оралатиб, уч маротаба (биринчиси 1:10, иккинчиси 1:5 ва учинчиси 1:10 нисбатда) гектарига 1000 — 2000 донадан бракон қўйилиши лозим. 

Ўргимчаккана тарқалган ерларда акарицидлар билан тизимли ишлов берилиши, препаратлардан “Узмайт” ва “Энтомайт” 1–1,5, “Альтин” 0,3–0,5 л/га меъёрда қўлланилиши уларни тезда бартараф этади.

Мухтасар айтганда, “Август ойида қилинган меҳнат мўл ҳосил гаровидир”. Буни яхши англаган миришкор деҳқон ва фермерлар айни масъулиятли паллада тунни тонгга улаб, фидокорона меҳнат қилишдан асло оғринмайдилар. Зотан, бугунги машаққатли меҳнат эвазига келадиган даромаддан, энг аввало, ўзлари баҳраманд бўладилар. Қолаверса, баракали ва мўл ҳосил тўпланиб, пахта хирмонимизнинг юксак бўлиши иқтисодиётимизнинг ривожланиши, юртимиз обод, турмушимиз янада фаровон бўлишига хизмат қилади. 

 

Равшан ҚУРБОНОВ, 

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги

Пахтачилик ва техник экинларни ривожлантириш

 бошқармаси бошлиғи, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn