Ёш мутахассисларга — имтиёзли сармоялар
  • 07 Август 2014

Ёш мутахассисларга — имтиёзли сармоялар

Ҳар бир ота-она фарзанди камолини кўришни, унинг жамиятга наф келтирувчи инсон бўлиб вояга етишини истайди. Қувонарлиси шундаки, Истиқлол йилларида ушбу масалага давлат миқёсидаги устувор вазифа сифатида қаралиб, ёшларни, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, уларнинг орзулари рўёбга чиқишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Бу борадаги ишлар “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида, айниқса, янги босқичга кўтарилди.

Жумладан, бу йил Навоий вилоятидаги мавжуд 51 касб-ҳунар коллежини минглаб ёшлар турли соҳалар бўйича битирди. Ҳудудда  “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги изчил йўлга қўйилиши натижасида уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича муайян самарадорликка эришилмоқда. 

Марказий банкнинг Навоий вилояти бош бошқармасидан олинган маълумотга кўра, бугунги кунгача ҳудуддаги тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 1613 нафар мутахассис (шундан 849 нафари қизлар)га 7 миллиард 517 миллион сўмликдан зиёд кредит маблағлари ажратилган. Мисол учун, Нурота маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Чамангул Назарова ўз бизнесини йўлга қўйиш учун “Микрокредитбанк” ОАТБнинг вилоят филиалидан 2,8 миллион сўм миқдорида кредит олиб, каштачилик билан шуғулланмоқда. У келажакда асрлар давомида мерос бўлиб келаётган Нурота каштачилиги сир-асрорларини пухта ўрганиб, ишини янада кенгайтириш ва бу анъанани дунёга танитиш ниятида.

Умуман, банк филиали томонидан коллеж битирувчиларига 846 миллион сўм миқдорида имтиёзли микрокредитлар берилиши натижасида 230 нафар йигит-қиз ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди.

Бундан ташқари, банк жамоасининг чекка ҳудудларга алоҳида эътибор қаратаётгани ҳам амалда ўз самарасини кўрсатаяпти. Айтайлик, жорий йилнинг июнь ойида Нурота туманининг “Темирқовуқ” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳамда Нурота тумани марказида “Ёшларнинг бизнесдаги биринчи қадами” мавзуида семинар-тренинг ўтказилди. Унда қатнашган 124 нафар ёш мутахассисга сертификатлар топширилди. Шунингдек, тикувчилик билан шуғулланиш истагидаги 10 нафар қизга имтиёзли кредит эвазига тикув машиналари расмийлаштириб берилди.

Таъкидлаш жоизки, “Микрокредитбанк”нинг тадбиркорлар билан алоқаларини мустаҳкамлашида Президентимизнинг 2013 йил 29 мартдаги “Микрокредитбанк” очиқ акциядорлик тижорат банкининг капиталлашиш даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки мазкур ҳужжатга мувофиқ, молия муассасасининг устав капитали 40 миллиард сўмга кўпайтирилиб, умумий миқдори 200 миллиард сўмга етказилди. Бу эса, ўз навбатида, банкнинг тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш имкониятини янада оширди.  

Азму шижоатли, ғайратли ва иқтидорли ёшлар мамлакат истиқболи, тараққиёт таянчи ҳисобланади. Юртимизда эса бундай ёшлар жуда кўп. Шу маънода, “Микрокредитбанк” ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида бир неча йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ёш тадбиркор — юртга мададкор” танлови уларни янги марралар сари чорлаётир. Навоийлик ёшлар ҳам ушбу танловда мунтазам иштирок этмоқда.  

Филиал томонидан жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида 8 миллиард 239,3 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган бўлса, унинг қарийб 

2 миллиард сўми аёллар ишбилармонлигига, 106,7 миллион сўми оилавий бизнесни ривожлантиришга, 2,3 миллиард сўми хизматлар соҳасига, 296,9 миллион сўми озиқ-овқат, 212,1 миллион сўми ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўналтирилди. Муҳими, бундай саъй-ҳаракатлар туфайли тадбиркорлар орасида эндигина ўқув даргоҳини тугаллаб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёш ишбилармонлар янада кўпаймоқда.

 

Азамат ЗАРИПОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn