Фарзандлари соғлом юрт
  • 06 Август 2014

Фарзандлари соғлом юрт

Президентимизнинг “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқи жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Анжуманда иштирок этган нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар ҳукуматлари вакиллари, олимлар, мутахассислар, иқтисодиётнинг аграр секторида фаолият кўрсатаётган компаниялар, банклар ва бошқа молия институтлари раҳбарлари Ўзбекистон нафақат озиқ-овқат саноати, балки барча соҳаларда тараққиёт йўлидан собитқадамлик билан одимлаётганига ишонч ҳосил қилиб, “ўзбек модели”нинг амалдаги самарасини алоҳида эътироф этишди. Айни пайтда тадбирдан олинган таассуротлар, фикр-мулоҳазалар жаҳоннинг етакчи нашрларида ҳам эълон қилиб борилаяпти.

Бу ютуқлар осмондан тушган эмас

Конференцияда давлатимиз раҳбари барчанинг диққатини БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қаратди. Қайд этилганидек, ҳозирги вақтда дунёда 840 миллиондан ортиқ киши, яъни деярли ҳар саккиз одамнинг бири тўйиб овқатланмаяпти, сайёрамиз аҳолисининг 30 фоизидан зиёди тўлақонли равишда овқатланмаслик, энг асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги муаммосини бошдан кечирмоқда. Ана шундай сабаблар туфайли 160 миллиондан ортиқ бола бўйининг ўсиши, жисмоний ва интеллектуал ривожланишига доир камчиликлардан азият чекаяпти.

Ер юзи аҳолисининг тез ўсиши натижасида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ҳам ортмоқда. Аммо ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имкониятлари чеклангани боис мавжуд эҳтиёжни ҳал этиш масаласи долзарб муаммога айланиб, йилдан-йилга кескинлашаётир.

Мана шундай мураккаб бир даврда мамлакатимизда саломатлик кўрсаткичлари муттасил ошиб, умр кўриш давомийлиги юксалаётгани, албатта, фахрланишга арзийдиган ютуқдир. Эътибор беринг: сўнгги 10 йилда вазни тиббиётда кўзда тутилган меъёрдан кам бўлган болалар сони икки баробардан зиёд (4 фоиздан 1,8 фоизга) қисқарди, уларнинг бўйи ўртача 3 сантиметрга ўсди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон аҳолисининг ўртача умр кўриши 7,5 йилга (66 ёшдан 73,5 ёшга) узайди, хотин-қизларнинг ўртача умр кўриши 75 ёшга етди. Бугунги кунда дунёда камдан-кам давлатлар бундай кўрсаткичларга эришган.

Албатта, ҳеч бир муваффақият осонлик билан қўлга киритилмайди. Ёки шунчаки орзу-ҳавас билан мақсадга эришиб бўлмайди. Ҳар қандай шароитда ҳам сиёсатнинг тўғрилиги, йўналтирилаётган куч ва маблағ ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Масалан, юртимизда ҳар йили давлат бюджети харажатларининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳа ривожига сарфланади. Шунинг ўзиёқ бизда ушбу масалага қанчалар эътибор берилаётганини яққол тасдиқлайди. Ваҳолонки, мустабид тузум даврида аҳоли саломатлиги, соғлом фарзанд, деган тушунчалар ҳеч кимни қизиқтирмаган. Саноқлигина бўлган тиббиёт муассасалари имкониятлари замон талабига умуман жавоб бермагани айни ҳақиқат. Боз устига, пахта яккаҳокимлиги боис юртимизда экологик вазият кескин оғирлашиб, болалар саломатлиги, халқимиз келажагига катта зарар етказилганини кўпчилик яхши билади.

Қишлоқ хўжалигини бир ёқлама ривожлантириш натижасида унумдор ерлар ва ажойиб табиий-иқлим шароитига эга бўлган Ўзбекистонимизда аҳоли жон бошига гўшт ва сут маҳсулотлари, ғалла ва ҳатто, мева-сабзавоту картошка истеъмол қилиш собиқ Иттифоқнинг бошқа республикаларига қараганда икки баробар камайиб кетган эди.

Истиқлолга эришганимизнинг илк кунлариданоқ Президентимиз инсон ва унинг манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканлигини таъкидлаб, аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш, айниқса, она ва бола саломатлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратдилар. Мустақил юртимизнинг биринчи ордени “Соғлом авлод учун” деб аталганининг ўзиёқ шу улуғ мақсадга ишора эди.

Ўтган давр мобайнида ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинлари, шу жумладан, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларнинг кенг тармоғи яратилгани боис аҳоли, авваламбор, қишлоқ жойлардаги оналар ва болаларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари кенгайди. Бундай комплекс чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда оналар ўлими 3,1 баробар, гўдаклар ўлими 3,2 баробар камайди. “Save the children” халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта мамлакат қаторидан жой олди. Бундан фахрланмай бўладими?!

Келажакка бўлган мустаҳкам ишонч

Юртимизда ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказишда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бирга, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилаяпти. Ушбу сиёсатнинг аҳамиятини давлатимиз раҳбари бир неча бор ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб берганлар. Хусусан, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини йўлга қўйиш масалаларига бағишлаб, 2002 йилда ўтказилган мажлисда Президентимиз шундай деган эдилар: “...болаларимизни спорт орқали соғлом ва бақувват қилиб тарбиялаш — бу келажакка бўлган мустаҳкам ишонч ифодасидир. Чунки биз ҳаммамиз болаларимизнинг бахтли келажагини ўйлаб яшаяпмиз. Алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман, фақат ўзимизнинг шахсий, хусусий, оилавий манфаатларимиз учун эмас, юртимиз болаларининг келажагини ўйлаб яшаяпмиз.

Бу ҳаёт гўёки оқар бир дарё, кўз очиб-юмгунча ўтади-кетади. Лекин бизнинг ортимизда соғлом ва баркамол фарзандларимиз қолиши ва бошлаган ишларимизни давом эттириши лозим”.

Мана шундай ёндашув натижасида спорт мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялашнинг ажралмас таркибий қисмига айланди. Уни болалар ва ўсмирлар, айниқса, қизлар ўртасида оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш бўйича ноёб тизим яратилди. Нафақат шаҳарларда, балки энг олис туманларда ҳам замонавий спорт комплекслари барпо этилди. 2003 — 2013 йилларда 1816 спорт объекти ишга туширилгани буни яққол тасдиқлайди. 2014 йилнинг ўзида эса 110 болалар спорт объектини қуриш, реконструкция қилиш ва тубдан таъмирлаш режалаштирилган. Демак, бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда.

Ноёб тизим самаралари

Дунёда ёшлар ўртасида ўтказиладиган турли спорт мусобақалари кўп. Аммо улар орасида биздаги уч босқичли — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари каби пишиқ-пухта ишлаб чиқилган ноёб тизим учрамайди. Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган бундай шижоат ва нафосат байрамлари бугунги кунда Ўзбекистон тажрибаси сифатида хорижда ҳам катта қизиқиш билан ўрганилаяпти. Бу тизимнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда ўғил-қизларнинг истеъдод ва маҳорати босқичма-босқич шакллантириб борилади. Дастлабки босқичидаёқ минг-минглаб ёшлар спорт борасида ўз имкониятларини синаб кўрадилар. Аввало, шу орқали улар ўртасида спортнинг оммавийлиги ошади. Рақиби ўзидан кучлироқ эканини сезган ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланишга эҳтиёжи борлигини англайди ва бунга астойдил киришади. Қолаверса, бундай баҳслар эртамиз эгалари орасида соғлом рақобатни ҳам юзага келтиради. Яъни навбатдаги босқичларга ўтгани сайин кучли рақибларга дуч келиши уларни янада жиддийроқ машғулотлар олиб боришга ундайди.

Уч босқичли спорт ўйинларида мактаб ўқувчиларидан тортиб, олий таълим муассасалари талабаларигача — ёш авлоднинг барча вакиллари иштирок этади. Йилдан-йилга уларнинг қамрови кенгайиб бораяпти. “Баркамол авлод” мусобақалари мисолида айтадиган бўлсак, 2011 йилда унинг саралаш босқичида 700 мингдан ортиқ ўқувчи қатнашган эди. 2014 йилда мазкур рақам 810 минг нафарни ташкил қилгани фикримиз тасдиғидир. Бу кураш майдонларидаги баҳслар нақадар қизғин ва муросасиз кечганидан далолат беради.

Бундай ўйинларнинг яна бир муҳим жиҳати, баҳсларга тайёргарлик жараёнида ҳудудлар инфратузилмасида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда, кўплаб спорт иншоотлари қад ростлаяпти. Ҳозиргача ана шундай мусобақалар ўтказилган жойларда ҳақиқий “Олимпия шаҳарчалари” пайдо бўлдики, уларнинг барчаси ҳудудлар кўркига кўрк қўшибгина қолмасдан, балки яна минглаб ёшлар қалбида спортга муҳаббат туйғуларини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда. Масалан, “Баркамол авлод — 2014” спорт ўйинлари муносабати билан Наманган шаҳрида рўёбга чиқарилган бунёдкорлик ишлари бу навқирон кентни обод ва кўркам гўшага айлантирди. Хусусан, бу ерда қурилиш, реконструкция ва ободонлаштириш ишлари учун 62,7 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Биргина “Навбаҳор” марказий стадионида 36,9 миллиард сўмлик реконструкция ишлари бажарилди. 22 мингга яқин томошабинни бағрига сиғдира оладиган ушбу стадионда ўтказилган очилиш ва ёпилиш маросимлари юртимиз ёшлари қалбида узоқ вақт сақланиб қолиши, шубҳасиз. Бундан ташқари, “Баркамол авлод” спорт мажмуаси, “Дўстлик” теннис корти, Наманган олимпия захиралари коллежи, Олий спорт маҳорати мактаби, Наманган муҳандислик-педагогика институтининг стадион ва спорт заллари ҳам таъмирдан чиқарилиб, бугунги кун талаблари даражасига келтирилди. Бундай кўркам ва замонавий иншоотлар юртимизда спортни ривожлантириш, соғлом авлод камолоти йўлида давлатимиз раҳбарининг беқиёс ғамхўрлиги намунаси бўлиб, узоқ вақт халқимизга хизмат қилади.

— Ёшларга оталарча ғамхўрлик кўрсатаётган, уларнинг юриш-туриши, қизиқиши, саломатлигидан доимо хабардор бўлиб турган Президентимизга минг раҳмат, — дейди тўрақўрғонлик Абдумутал ота Раҳимов. — Мен мусобақа арафасида қизиқиб, тез-тез Наманган шаҳрига бордим. Вилоятимиз марказида шундай беқиёс ўзгаришлар бўлдики, асти қўяверасиз. Йўлларнинг равонлиги, гиламдек ёйилган анвойи гуллар, биноларнинг янада кўркамлашганидан дилимиз қувонди. Ҳаммаси мустақиллик шарофати, тинчлик ва осойишталик туфайли. Юртбошимизнинг “Баркамол авлод” спорт ўйинлари қатнашчиларига йўллаган табригида мусобақаларни юксак савияда ўтказиш учун муносиб тайёргарлик кўрган Наманган аҳлига алоҳида миннатдорлик билдирилгани ҳаммамизга чексиз қувонч ва ифтихор туйғуларини бағишлади. Бу юртимизда инсон қадри улуғ, меҳнати эътиборда эканига ҳаётий бир мисолдир. Ёшларимизга насиҳат қилганда ҳам шулар ҳақида гапирамиз, “Мустақиллигимизнинг қадрига етинглар, эл корига ярайдиган фарзанд бўлинглар”, деймиз.

Айтиш жоизки, 2000 йилда ҳаётга татбиқ этилган уч босқичли спорт мусобақалари юксак марралар сари парвоз майдони бўлиб, ўзининг ёрқин самараларини бераяпти. Яъни мана шу ноёб тизим асосида маҳоратини оширган йигит-қизларимиз эндиликда қитъа, жаҳон чемпионатлари ва бошқа нуфузли турнирлар, шунингдек, Олимпиада ўйинларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишмоқда. Жумладан, бугун барчамизнинг фахримизга айланган, дунё спортида алоҳида ҳурмат билан тилга олинадиган дзюдочи Ришод Собиров, эркин курашчи Дилшод Мансуров, теннисчи Оқгул Омонмуродова, енгил атлетикачи Светлана Радзивил, дзюдочи Яҳё Имомов, шахматчи Рустам Қосимжонов, оғир атлетикачи Руслан Нурудинов, футболчи Одил Аҳмедов, сузувчилар Раънохон Омонова, Юлдуз Қўчқорова, каби кўплаб иқтидорларимиз айнан уч босқичли спорт мусобақаларида элга танилишган. Уларга ҳавас қилиб, ҳар йили яна минглаб ўғил-қизларимиз спорт оламига қадам қўйишмоқда. Балки уларнинг ҳаммаси ҳам етук спортчи бўлмас. Лекин соғлом, иродали, мард ва қатъиятли бўлиб вояга етади. Доимо эзгулик ҳақида ўйлайди. Шунинг ўзи катта бир ютуқ.

Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади.

 

Шавкат ОРТИҚОВ,

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ёшлар фестивали Интизомли мижоз »