Орзуларимиз рўёби
  • 05 Август 2014

Орзуларимиз рўёби

Мактабда инглиз тилидан дарс бераман. Илк ўқувчиларим бугун академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таҳсилни давом эттиришмоқда. Улар орасида инглиз тилини чуқур ўрганиб, шу йўналишдаги танловларда, фан олимпиадаларида муваффақият қозонган йигит-қизлар бор. Уларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, баҳридилингиз очилади. Теран фикр ва кенг дунёқарашга эга, зукко ҳамда соғлом бу ёшлар – менинг шогирдларим! Буни ҳар доим ғурур билан, фахр билан айтаман. Аслида ўқитувчи учун камолга етаётган шогирдларининг ютуғини кўришдан ортиқ шараф йўқ!

Давлатимиз мустақиллиги эълон қилинган йили бошланғич синфда ўқирдим. Тўғри, у пайтлари ёшлар учун ҳозиргидек кенг имконияту шарт-шароитлар йўқ эди. Мустақилликнинг илк йилларидан таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган алоҳида эътиборнинг, ғамхўрликнинг тафтини ҳис қилиб улғайдик. Ўз билим ва салоҳиятим билан талаба бўлганим, океан ортидаги мамлакатда малака ошириб келганим, дунё кўрганим, мустақил ҳаётда эришган жами ютуқларим — ҳамма-ҳаммаси Истиқлол ва у берган чексиз имкониятлар ҳосиласи.
2014 йилда “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” республика кўрик-танловида олий ўринни эгалладим. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида вилоят умумтаълим мактаблари ўқитувчилари учун инглиз тилини ўқитишда янги педтехнология ва АКТдан фойдаланиш мавзуидаги семинарларда мураббий сифатида иш олиб бормоқдаман. Булар мақтаниш учун айтилаётган гаплар эмас. Аксинча, юртимизда ҳар бир инсоннинг, қайси соҳа вакили бўлишидан қатъи назар, қизиқиш ва манфаати, қадр-қиммати устувор экани, меҳнати муносиб баҳоланаётганига бир мисолдир.
Ота-она борки, фарзандининг ўзидан ҳам кўра бахтли бўлишини истайди. Педагог сифатида шуни ишонч билан айтаманки, бугун камолга етаётган болаларимиз биздан ҳам етук ва кучли авлод бўлиб шаклланмоқда. Бу олдимизга қўйган улуғ мақсадларимизнинг рўёби, буюк келажагимиздан нишона эмасми?!

 


Гулшана МАҲМУДОВА,
Наманган шаҳридаги 6-ихтисослаштирилган
умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn