Аҳолига яна бир қулайлик
  • 05 Август 2014

Аҳолига яна бир қулайлик

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигида Фарғона водийси шаҳарларини пойтахтимиз билан боғловчи янги йўналишли такси йўналишларининг очилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш, аҳолига автотранспорт хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада ҳар йили юзлаб километр янги йўллар барпо этилиб, қўшимча йўналишлар очилаяптики, бу юртдошларимизнинг манзилини яқин, оғирини енгил қилмоқда. Фарғона водийси ва Тошкент шаҳрини боғловчи янги йўналишли такси йўналишларининг очилиши эса бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғи ўринбосари Ш. Шоваҳобовнинг айтишича, бундан кўзланган асосий мақсад енгил автомобилларда йўловчи ташишни ташкил этишни кенгайтириш орқали йўловчиларга қулайлик яратишдир. Шу боис Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона ва Қўқон шаҳарларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, йўналишларнинг охирги бекатлари, яъни автостанцияларда йўловчилар учун барча шарт-шароит муҳайё қилинди. Жумладан, маълумот бериш хонаси, овқатланиш ва дам олиш жойлари, меҳмонхоналар, чиптахоналар барпо этилди. Бундан ташқари, автомобиллар тўхтаб туриши, йўловчиларни олиш ва тушириш учун махсус жойлар, рейс олдидан ҳайдовчиларни тиббий ва автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш масканлари ишга туширилди. 
— Айни пайтда “Тошкент — Андижон”, “Тошкент — Наманган”, “Тошкент — Фарғона” ва “Тошкент — Қўқон” йўналишли такси йўналишларини очиш борасида тайёргарлик ишлари  якунига етказилди, — дейди агентликнинг Автотранспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими бошлиғи
Т. Жамалходжаев. — Натижада куни кеча мазкур йўналишлар тўлиқ ишга туширилди.
Шу ўринда айтиш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган “Шаҳар атрофида, шаҳарлараро (вилоятлар ичида, вилоятлараро) ва халқаро йўловчилар ташиш йўналишларини жойлаштириш учун очиқ тендерлар ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида Низом”га биноан, янги йўналиш очилгандан кейин уч-тўрт ой мобайнида уларда автотранспорт воситаларининг мунтазам синов ишлари бажарилиши лозим. Шу боис ҳозирги пайтда барча йўналишлар автотранспорт воситаларида тижорат асосида йўловчиларни ташиш учун тегишли лицензияга эга бўлган юридик корхоналарга навбатдаги очиқ тендер танловлари ўтказилгунга қадар вақтинчалик бириктириб берилди. Ушбу йўналишли такси йўналишларини жойлаштириш учун очиқ тендер танловларини эса жорий йилнинг октябрь ойида ўтказиш режалаштирилган.
Матбуот анжуманида Давлат солиқ қўмитаси, Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси вакиллари, агентликнинг турли йўналишлар бўйича мутасаддилари ва мутахассислари ҳам иштирок этиб, журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб бердилар.


С. ИБОДУЛЛАЕВ.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn