Август ойи — ҳосилга ҳосил қўшадиган давр
  • 01 Август 2014

Август ойи — ҳосилга ҳосил қўшадиган давр

Мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор суръатлар билан ривожлантириш, унинг экспорт салоҳиятини юксалтиришда пахтачиликнинг ўрни ғоятда катта. Зеро, заминимизда етиштирилаётган пахта ҳосили эвазига юртимизда фаолият юритаётган саноат корхоналари юқори сифатли хом ашё билан таъминланиб, ундан пахта толаси, калава ип, тўқимачилик маҳсулотлари, ёғ, совун, кунжара каби 25 дан зиёд турдаги маҳсулот олинади. Пахта толасини экспорт қилиш ҳисобидан келадиган валюта маблағлари эса халқимизнинг ҳаётини янада фаровон ва обод қилиш йўлидаги эзгу мақсад ҳамда вазифалар рўёбини таъминлашда катта ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан истиқлол йилларида пахтачилик тармоғини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, пахта етиштириш ва уни қайта ишлашга бўлган ёндашув бутунлай ўзгарди. Натижада ҳосилдорлик йил сайин ошиб, сифат кўрсаткичлари тобора яхшиланаяпти. Бунда деҳқон ва фермерларнинг меҳнат қилишлари учун барча шарт-шароит муҳайё қилингани, уруғлик, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш материаллари дала бошига етказиб берилаётгани, энг асосийси, ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос навлар экилаётгани муҳим омил бўлаётир. Бу йил ҳам асосий майдонларда эрта ва ўртапишар, касаллик ҳамда зараркунандаларга чидамли, экстремал об-ҳаво шароитларига мослашувчан, шунингдек, юқори сифатли тола берадиган ғўза навлари парваришланмоқда.
Қувонарли жиҳати, 2014 йил пахтачилик учун жуда қулай келди. Кўклам об-ҳавосининг нисбатан илиқ бўлиши туфайли экин-тикин ишларига барвақт киришилди. Барча агротехника тадбирлари ўз вақтида бажарилиб, уруғ бехато ундириб олинди. Пировардида экин ривожининг баравж бўлиши таъминланди.
Маълумки, август, деҳқончилик тақвимига кўра, асад ойига тўғри келади. Халқимизнинг “Асад — экинингни ясат” деган ажойиб мақолидан ҳам англаш мумкинки, ғўза парваришидаги энг масъулиятли ва муҳим палла энди бошланди. Бу даврда бажариладиган агротехника тадбирларининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олиб, уларни бекаму кўст адо этиш, экинни чин маънода “ясатиш” керак. Зеро, “Август ойи — ҳосилга ҳосил қўшадиган давр” эканлигини тажрибали деҳқонлар яхши билишади.
Серқуёш юртимизда меъёрдаги фойдали иссиқликни олаётган ниҳоллар кун сайин, таъбир жоиз бўлса, соат сайин ўсмоқда: шоналар гулларга, гуллар кўсакларга айланмоқда. Айни пайтда республикамиз далаларида ҳар туп ғўзада  ўртача 5-6 та, айрим илғор фермер хўжаликлари пайкалларида эса 7-8 тадан бўлиқ кўсак мавжуд. Уларни сақлаб қолиш ва ёнига кўсак қўшиш шу кунлардаги фидокорона меҳнатга боғлиқ.
Ҳақиқатан ҳам, ҳосил чўғи салмоқли, сифатли ва эртанги бўлишини истаган қишлоқ меҳнаткашлари, фермерлар борки, ой давомида ғўзани вақтида суғориш, сифатли культивация қилиш, чилпишни кечиктирмаслик, зараркунанда ҳашаротлар ва касалликларга қарши вақтида ишлов бериш пайидан бўладилар. Масалан, чилпиш — мўл ҳосил гарови эканлигини яхши англаган юртимиз деҳқонлари ҳозирги кунгача асосий майдонларда мазкур тадбирни якунладилар. Натижада ғўза бўйига эмас, энига ўса бошлади. Бошқача айтганда, ҳосил элементларининг шаклланиши тезлашиб, шона, гул ва тугунчалар ривожи кучайди.
Тажрибадан маълумки, тўғри ва сифатли чилпиш қилинган ғўзаларда ҳосил элементларининг ривожланиши 7-8 кунга тезлашиб, ҳосилдорлик гектарига 3-5 центнердан 8 центнергача ошади. Шу боис тажрибали деҳқонлар ҳосил тақдири ҳал бўладиган ушбу ойда қатор оралаб юриб, ён шохларни чилпиш билан бирга, ғўзаларни “варақлайдилар”. Бу тадбир билан улар, аввало, даланинг қайси жойида аҳвол қандайлигини аниқлайдилар ва навбатдаги юмушларни белгилаб оладилар. Иккинчидан, “варақлаш” орқали экин бағрига шабада югуртириб, ҳосил элементларининг димиқмаслигига эришган ҳолда, унинг баракасини таъминлайдилар.
Аслида, ғўза деҳқоннинг меҳридан яшнайди, унинг кечани — кеча, кундузни — кундуз демай қилган фидокорона меҳнати туфайли ясаниб, баракали ҳосил тўплайди. Бу жараёнда экинни обитобида суғориш муҳим аҳамиятга эга. ўўза тунда суғорилса, айниқса, яхши самара беради. Сабаби, обиҳаёт буғланмай, ғўза қониб сув ичади. Аммо суғоришда кўллатиб ҳам, чўллатиб ҳам бўлмайди. Мабодо, чанқатиб қўйилса, ғўза гул ташлайди ва ҳосил салмоғига путур етади. Борди-ю, кўллатиб суғорилса, ғўза ранги сарғаяди, бўйига зўр бериб, ғовлаб кетади. Бундай майдонларда дарҳол эгатларни тобга келтириш, маҳаллий ўғит билан культивациялаш ҳамда суспензиялаш ҳисобига ғўза ривожини бир маромда тутиш чораларини кўриш талаб этилади. Суғорилган, лекин ўйдим-ўйдим чанқаш ҳолатига келган пайкаллар аниқланиб, ўша ўқариқнинг ўзига сув олиб бориш йўли билан ғўзани қондириш лозим. Демак, ғўзани маромида суғоришда ҳам ҳикмат кўп. Халқимиз “Асад суви — асал суви” деб бежиз айтмаган-да!
Қолаверса, тажрибали бободеҳқонларимиз август ойида битта кўсак бир эчкининг сувини ичади, дейишади. Шуни инобатга олган ҳолда ғўзаларни ҳосил тўплаш-пишиш даврида гектарига 1200-1300 м3 сув билан суғориш тавсия этилади. Бунда суғоришни ҳар бир даланинг, керак бўлса, ҳар бир ғўза қаторининг ва тупнинг ҳолатини инобатга олган ҳолда қатор оралатиб ёки  якка қаторлатиб ташкил этиш яхши самара беради. Агар суғориш “шарбат” усулида бажарилса, янада яхши. Бу жараёнда маҳаллий ўғит ғўзага озиқ бериш билан бирга, мульча вазифасини ўтайди: сув буғланишини камайтиради, тупроққа сингишини яхшилайди, намни узоқ вақт сақлайди.
Бу ойдаги ғўза парваришида культивациянинг ҳам аҳамияти беқиёсдир. Қатор ораларининг юмшатилиши тупроқдаги ҳаво алмашувини яхшилаб, унда ҳосил ривожи учун қулай микроиқлимни вужудга келтиради. Натижада кўсаклар етилиб, вазни ортади. Жорий мавсумдаги шароит инобатга олиниб, август ойида ғўза қатор ораларини ғўза майдонларининг талабидан келиб чиқиб, яна 1-2 марта юмшатиш тавсия қилинади. Мазкур агротадбирнинг бажарилиши жараёнида культиваторларнинг ишчи қисмлари “балиқ сирти” қилиб ўралиб, тезлиги шундай танланиши керакки, техника равон ҳаракатлансин. Ана шунда ҳосил шохлари ва кўсакларга зарар етмайди.
Август ойи кириши билан ҳарорат нисбатан пасайиб, тунлари салқин тушиши кўсак қурти, ўргимчаккана каби зараркунандаларнинг кўпайишига қулай шароитни юзага келтиришини инобатга олган ҳолда, ҳосил кушандаларига қарши курашишни асло бўшаштирмаслик зарур. Бунда  биологик усул қўлланилиб, далаларга керакли миқдорда олтинкўз, трихограмма ва бракон каби фойдали ҳашаротлар чиқарилиши мақсадга мувофиқдир.
Умуман олганда, ғўза парваришида суғориш, культивациялаш ва чилпиш, бегона ўтлардан тозалаш каби агротехника тадбирларини ўз вақтида, сифатли ўтказиш орқали баракали хирмонга мустаҳкам замин яратилади. Шундай экан, ҳар бир фермер, барча қишлоқ хўжалиги ходимлари ўз дала шароити ва ғўза ривожи ҳолатини инобатга олган ҳолда, август ойи учун муҳим бўлган вазифаларни бугун аниқ белгилаб олишлари зарур. Зотан, “Август ойи — ҳосилга ҳосил қўшадиган давр” бўлиб, унинг ҳар дами ғаниматдир. Буни яхши англаган миришкор деҳқон ва фермерлар ой давомида фидойилик намунасини кўрсатиб, кўсаклар ёнига яна 5-6 тадан бўлиқ кўсак қўшишса, муродимиз ҳосил бўлур эди. Бу юртимиз пахта хирмони янада юксак бўлишига мустаҳкам замин яратади, албатта.

 


Озод МАТЯКУБОВ,
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг
Пахтачилик ва техник экинларни
ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn