Илғор технология ва малакали мутахассислар
  • 01 Август 2014

Илғор технология ва малакали мутахассислар

рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади

Бугун “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида тайёрланаётган маҳсулотларнинг хорижда ҳам харидорлари кўп. Маҳаллий тадбиркорларимиз буни мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани, соҳа вакиллари давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ҳамда саноат тармоқларига илғор технологиялар кенг жорий этилаётгани билан изоҳлайдилар.
Бундан тўрт йил муқаддам Андижон шаҳрининг Боғишамол даҳасида тадбиркор Шоирахон Исроилова томонидан ташкил этилган “UPM Textile” масъулияти чекланган жамияти ҳам ана шундай беқиёс имкониятлар туфайли ўз фаолиятини тобора кенгайтириб бораяпти. Ҳозир бу ерда тайёрланаётган 30 турдаги сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларга нафақат маҳаллий, балки ташқи бозорда ҳам талаб юқори. 2013 йилда жамиятнинг экспорт ҳажми 550 минг АҚШ долларини ташкил қилгани ҳамда мазкур кўрсаткич жорий йилнинг биринчи ярмида 1 миллион 450 минг долларга етказилгани ҳам бунинг яққол исботидир.
Айтиш жоизки, тадбиркорларга тақдим этилган имтиёз ва преференциялар “UPM Textile” масъулияти чекланган жамияти фаолияти ривожида ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Пировардида биргина 2013 йилнинг ўзида 36 миллион сўм иқтисод қилиниб, жамиятнинг ишлаб чиқариш тармоқлари кенгайтирилди, Германиядан лизинг асосида 230 минг долларлик тўқув дастгоҳлари келтирилди. Уларни бошқариш учун 20 нафар мутахассис ишга олинди. Бинобарин, калава ипдан корхонанинг ўзида мато тўқилиши ҳисобига маҳсулот таннархи пасайтирилди. Жорий йилда эса жамоа сафига яна 25 нафар коллеж битирувчиси қўшилиши билан ишчилар сони юз нафардан ошди.
Эътиборлиси, вилоятда “UPM Textile” каби ўнлаб йирик ҳамда юзлаб кичик корхоналар фаолият кўрсатмоқдаки, уларнинг моддий-техник базаси, иқтисодий салоҳияти кун сайин юксалиб бораётир.
“Антекс элит”, “Mars invest-teks”, “Роял силк”, “Ҳарир тола” масъулияти чекланган жамиятлари, “Алёртекс”, “Инвесттекс”, “Марҳамат текстиль”, “Дельта текс” қўшма корхоналари ана шулар жумласидан.
Яна бир қувонарли жиҳати, бугунги кунда Андижонда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотлари АҚШ, Хитой, Россия, Англия, Лихтенштейн, Туркия, Беларусь Республикаси каби мамлакатларга, шунингдек, Болтиқбўйи давлатларига пешма-пеш экспорт қилинаётир. Бунда Хўжаобод туманидаги тадбиркорлик субъектларининг ҳам ҳиссаси катта. Масалан, ташқи бозорга биринчилардан бўлиб йўл очган “Барчиной” хусусий корхонаси ҳозир салоҳиятли инвесторга айланиб бормоқда. Унинг маблағлари эвазига Хонобод шаҳрида иккита замонавий ишлаб чиқариш тармоғи барпо этилди. Хўжаободлик яна бир тадбиркор Исроилжон Ураимов эса Улуғнор туманида “Улуғнор инвест” корхонасига асос солиб, чўл ҳудудида илк бор экспортчи корхонани ишга туширди. Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Албатта, арзон ва сифатли хом ашё, илғор дастгоҳлар, малакали мутахассислар — саноат корхоналари ривожини таъминловчи муҳим омиллардир. Шу боис Андижон вилоятида тайёр енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган замонавий янги корхоналарни ташкил этиш ва мавжудларини модернизациялаш ҳудудий дастури ижросини таъминлашда мазкур жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилаётир. Чунончи, ушбу дастурга мувофиқ, жорий йилда вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманида қўшимча қувватларни ишга тушириш режалаштирилган. Бу эса яқин истиқболда ҳудуд иқтисодий салоҳияти янада юксалишидан далолат беради.

 


Саидаҳмад ШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn