Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар
  • 01 Август 2014

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар

экологик барқарорликнинг муҳим омили

Биологик хилма-хиллик ҳар бир давлатнинг миллий бойлиги саналади. Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб флора ва фауна олами, унинг ранг-баранглигини асраб-авайлаш, келажак авлод вакилларига тўла-тўкис етказишга устувор аҳамият қаратилаётир. Бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий пойдевор яратилиб, улар давр талаблари асосида такомиллаштирилмоқда, ижро механизмлари мустаҳкамланаяпти.
Давлатимиз раҳбари томонидан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган ғоя ҳамда таклифлар асосида “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши бу борада янги босқични бошлаб берди. Зеро, унга мувофиқ, экологик назорат соҳасидаги муносабатлар тартибга солинди. Бу эса давлат ва жамиятнинг атроф-муҳитни муҳофазалаш соҳасидаги масъулиятини янада оширишга йўналтирилгандир.
Шуларга уйғун тарзда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи томонидан тегишли ҳуқуқий базани маромига етказиш, уларнинг бажарилиши устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш, мазкур масалага жамоатчиликни жалб этиш, уларни ҳал қилишда фуқароларнинг иштирокини кенгайтириш бўйича тушунтириш-тарғибот тадбирларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Маълумки, республикамиз табиати ўрмонлари, яйловлари, сув ҳавзалари, тўқайзорлари, чўллари, деҳқончилик қилинадиган ер майдонлари  — агроценозлари, аҳоли яшайдиган қишлоқ ва шаҳар экотизимлари билан ўзига хос. Улар ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёси тур таркиби ва аҳамияти билан ажралиб туради. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эса ноёб, камсонли, йўқолиб кетиш арафасида турган тирик организмлар ва уларнинг яшаш муҳитини сақлаб қолишда алоҳида аҳамиятга эга. Бунда тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар қаторида “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Яқинда қўмитамиз ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳи мазкур Қонуннинг Бухоро, Жиззах ва Тошкент вилоятларида ижро этилишини назорат-таҳлил тартибида ўрганди.
Ўтказилган тадбирда унинг натижалари Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси мутахассислари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Адлия вазирлиги, Фанлар академияси ходимлари, Ўзбекистон экологик ҳаракати фаоллари, тегишли маҳаллий давлат ҳокимлиги органлари мутасаддилари иштирокида муҳокама этилди.
Айтиш лозимки, Бухоро, Жиззах ва Тошкент вилоятларида ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг бажарилиши юзасидан муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан, Тошкент вилоятидаги “Чотқол” давлат биосфера қўриқхонаси, “Угом — Чотқол” давлат миллий табиат боғи ҳамда Жиззах вилоятидаги “Зомин” давлат қўриқхонаси, “Нурота” давлат қўриқхонаси ва “Зомин” миллий боғи бошқармалари томонидан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг давлат кадастри белгиланган шакллар бўйича юритилиши таъминланган. Айни пайтда Бухоро вилояти ҳудудидаги мавжуд муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда давлат кадастрини юритиш ишларини янада такомиллаштириш лозим.
Шулар қаторида Тошкент вилоятидаги “Чотқол” давлат биосфера қўриқхонаси ҳамда Жиззах вилоятидаги “Зомин” давлат қўриқхонасида ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини ўрганиш, уларни ҳисобга олиш борасида илмий тадқиқотлар ўтказилиб, атроф табиий муҳит мониторинги юритилиши борасида қатор ишлар амалга оширилган. Бу ҳақда мутасадди ташкилотлар томонидан батафсил ахборот берилди.
Бундан ташқари, назорат-таҳлил тадбири давомида Қонуннинг 28-моддаси ижроси кўриб чиқилди. Яъни ҳудудларда давлат табиат ёдгорликларини муҳофаза қилиш, табиат ёдгорликларини ободонлаштириш ва асраш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди. Жумладан, Тошкент вилоятидаги табиий комплекслар ва тарихий-маданий мерос объектлари сақланишини таъминлаш бўйича “Угом — Чотқол” давлат миллий табиат боғи бошқармаси ва “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси ҳудудий бошқармаси томонидан қўшма лойиҳа имзоланиб, вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган. Бухоро вилоятида давлат табиат ёдгорликлари, шу жумладан, айрим ўсимликларни сақлаб қолиш диққат-эътиборда бўлиб келаётир. Чунончи, ҳудудда ёши 100 ва ундан ошган ёввойи ҳамда табиий ҳолда ўсувчи дарахтларни давлат томонидан муҳофазага олиш мақсадида уларни рўйхатдан ўтказиб, давлат табиат ёдгорлиги мақомини бериш бўйича ишлар амалга оширилган. Қолаверса, ҳам Жиззах вилоятининг “Зомин” давлат қўриқхонаси ҳудудидаги Қирққиз, Куёвтош, Бурама арча табиат ёдгорликларига ҳам расмий мақом бериш лозим.
Мухтасар айтганда, ҳар бир тирик организм табиатнинг тарихан бетакрор, генетик жиҳатдан ягона, ўзига хос аҳамиятга эга бўлагидир. Биохилма-хиллик объектлари инсон ҳаётида қандай аҳамиятга эга эканлигидан қатъи назар, табиий жамоалар мувозанати ва умуман, табиий барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шундай экан, соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, уларнинг ижросини таъминлаш, мавжуд қонунларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш, жамоатчиликнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилишдаги иштирокини кенгайтириш тирик организмлар ва ландшафтлар ранг-баранглигини асраб-авайлашнинг муҳим шартидир.


Садиржан ЖАКБАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи аъзоси.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn