Инновацион лойиҳалар самараси
  • 31 Июль 2014

Инновацион лойиҳалар самараси

Пойтахт вилоятидаги “Максам-Чирчиқ” очиқ акциядорлик жамияти мамлакатимиз кимё саноатининг етакчи ва илғор корхоналаридан бири ҳисобланади. Айни вақтда бу ерда ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича йирик лойиҳалар амалиётга жорий этилмоқда.

Бу жараёнда давлатимиз раҳбарининг “2009 — 2014 йилларда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техникавий ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича энг муҳим лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлмоқда.
Яқинда корхонада ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ этилаётган янги лойиҳалар ва улар истиқболларига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди. Унда “Ўзкимёсаноат” давлат-акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналар бош муҳандислари, олим ва мутахассислар, ишлаб чиқариш илғорлари, лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича экспертлар қатнашди.
Айтиш жоизки, кейинги йилларда “Максам-Чирчиқ”да катта ҳажмдаги модернизация ва реконструкция ишлари бажарилди. Аммиак ҳамда карбамид ишлаб чиқариш цехларида технологик жараёнларни автоматик бошқариш тизими жорий этилди. Сув инжекторлари, буғлаткичлар, сепараторлар, тозалаш иншооти ускуналари замонавийларига алмаштирилди. Паст зичликдаги аммоний нитрат ишлаб чиқариш цехининг қурилиб, ишга туширилиши жамоанинг яна бир катта ютуғи бўлди.
Айни пайтда корхона маҳсулотлари тури қирқдан ошди. Энг муҳими, улар ички эҳтиёжларни қондириш баробарида, дунёнинг 30 дан ортиқ давлатларига экспорт қилинмоқда.
Тадбир доирасида иштирокчилар корхонада муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган инновацион лойиҳалар билан ҳам бевосита танишиш имконига эга бўлдилар. Хусусан, жамиятнинг Қибрай туманидаги ёрдамчи хўжалигида ишга туширилган биогаз қурилмаси, Чирчиқ шаҳридаги тиббий-реабилитация марказида қуёш батареяларидан фойдаланиш лойиҳаси кўпчиликда қизиқиш уйғотди.


Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn