Юксак ғамхўрликнинг амалий ифодаси
  • 29 Июль 2014

Юксак ғамхўрликнинг амалий ифодаси

Бразилияда футбол бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз, ФИФА рефериси Равшан Ирматов муносиб иштирок этиб, Ўзбекистон фарзандлари истеъдод ва маҳорат, билим ҳамда заковат бобида ҳеч кимдан кам эмасликларини амалда яна бир карра намойиш қилди.

Президентимизнинг 2014 йил 25 июлдаги Фармонига мувофиқ, халқаро майдонда мамлакатимизнинг спорт соҳасидаги шон-шуҳратини юксалтириш, ўзбек футболининг нуфузини ошириш, миллий футбол ҳакамлари мактабини ривожлантириш ишига қўшган муносиб ҳиссаси учун Равшан Ирматов “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди.
Кеча пойтахтимиздаги “Олимпия шон-шуҳрати” музейида халқаро тоифадаги ҳакамни шарафлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Равшан Ирматовга Ватанимизнинг юксак мукофоти — “Эл-юрт ҳурмати” ордени ҳамда Президентимиз совғаси — “Malibu” автомобили тантанали равишда топширилди.
Ҳар гал мана шундай ажойиб тантаналарнинг гувоҳи бўлганимизда, қалбимиз ғурур ва ифтихорга тўлиб, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикка яна бир карра шукрона келтирамиз. Дарҳақиқат, тинчлик — энг бебаҳо неъмат. У қарор топган жойда ривожланиш, ўсиш бўлади. Бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари кенг қулоч ёзади.
Одамлар эзгу ниятларининг рўёбини, фарзандлари камолини кўриб, тақдиридан рози бўлиб яшайди. Байрамлар байрамларга уланади, қувончли дамлар, тўю тантаналар кўпаяди. Биз мустақиллик йилларида мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида барча соҳаларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг самаралари мисолида буни яхши биламиз, теран ҳис этамиз.
Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бир вақтлар миллий тараққиёт йўлимизга шубҳа билан қараб, келажагимизга ишонқирамай муносабатда бўлганлар бугун эришаётган марраларимизга ҳайрат ила боқаётгани ва куч-қудратимиз, салоҳиятимизни тан олаётгани ҳам айни ҳақиқат. Давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати асосида янгидан-янги зафарларни қўлга киритаётган халқимиз, мана, бу йил энг улуғ, энг азиз айём — Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллигини катта тантана сифатида нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Бугун нафақат шаҳарларимизда, балки энг олис қишлоқларимизда ҳам қурилиш, бунёдкорлик ишлари жадал давом этаётир. Кўплаб замонавий бинолар, меҳмонхоналар, таълим муассасалари, спорт иншоотлари қад ростлаяпти, боғу хиёбонлар кўркамлаштирилиб, йўллар, кўприклар қурилмоқда. Буларнинг замирида, яна такрор бўлса-да, таъкидлаш жоиз, тинчлик ва барқарорлик ётибди.
Истиқлол барча соҳалар қатори мамлакатимиз спорти учун ҳам юксалиш даври бўлиб, тарих зарварақларидан мустаҳкам ўрин олмоқда. Хусусан, Президентимиз раҳнамолигида соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани, жисмоний тарбияни оммалаштириш, болалар спортини ривожлантириш, барча ҳудудларимизда спорт инфратузилмасини шакллантириш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар, сарфланаётган катта куч ва маблағлар ўз меваларини бераяпти. Айниқса, “кичик Олимпиада” номини олган уч босқичли ноёб тизим — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари янгидан-янги номларни кашф этишга хизмат қилаётир. Мана шундай мусобақаларда, спорт майдонларимизда маҳоратини оширган истеъдодли фарзандларимиз бугун турли халқаро беллашувлар, жаҳон ҳамда қитъа чемпионатлари, Олимпиада ўйинларида муваффақиятли қатнашиб, Ўзбекистонимиз номини янада улуғлашга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишаяпти. Ҳар гал шоҳсупанинг энг юқори поғоналарини эгаллаган музаффар спортчиларимиз шарафига мадҳиямиз янграб, байроғимиз баланд кўтарилганда ғуруримизга ғурур қўшилмоқда.
Маълумки, “Куч — адолатдадир” деган шиор Соҳибқирон Амир Темур салтанатининг барча ҳудудларида бирдек амал қилиб, ахлоқий-маънавий мезонга айланган. Халқимиз ҳаётидан чуқур жой олган ана шу бебаҳо қадрият, хусусан, ҳар қандай шароитда ҳам адолат, ҳалоллик, ватанпарварлик, олижаноблик ва бағрикенглик билан иш тутиш Равшан Ирматов тимсолида бутун дунёга яна бир карра намоён бўлди.
— Бизнинг мана шундай нуфузли мусобақаларда иштирок этаётганимиз мустақиллик шарофати, мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор натижасидир, — дейди Равшан Ирматов. — Жаҳон чемпионати давомида давлатимиз раҳбарининг “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз”, деган сўзлари доимо ёдимизда турди. Ҳар бир беллашув олдидан шунга муносиб бўлишга, бор маҳоратимизни намойиш этишга интилдик. Камтарона меҳнатларимни Ватанимизнинг юксак мукофоти билан тақдирлаган давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорлик изҳор этаман.
Бразилияда ўтказилган жаҳон чемпионати ўйинлари 170 яқин давлатга трансляция қилинди. Ана шу баҳсларни миллиардлаб мухлислар ойнаи жаҳон орқали, қолаверса, бевосита стадионлардан туриб кузатди. Ҳар гал қайсидир мусобақани бошқариш учун ҳамюртимиз тайинланганида, “Ўзбекистонлик Равшан Ирматов”, дея уни алоҳида таништириб боришди. Нуфузли телеканаллар, нашрлар, интернет сайтлари ҳамюртимиз фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этди. Шу орқали бутун дунё жонажон Ватанимиз тўғрисида, халқимиз ҳақида янада кенгроқ маълумотга эга бўлди.
Бразилиядаги мундиалга жаҳон бўйича жами 25 та ҳакамлар бригадаси жалб қилинган эди. Хусусан, Европадан тўққизта, Жанубий Америкадан бешта, Осиёдан тўртта, Африка ва Шимолий Америкадан учтадан, Океания минтақасидан битта ҳакамлар бригадаси фаолият кўрсатди. Ҳамюртимиз эса МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлари вакиллари орасида ушбу чемпионатга таклиф этилган ягона бош ҳакам ҳисобланади. Шунинг ўзиёқ ўзбек ҳакамлик мактабига берилган юксак баҳодир.
Энди айтинг, агар юртимиз мустақил бўлмаганида, Президентимиз томонидан спортга, спортчиларга шунчалар эътибор қаратилмаганида, бундай ютуқлар қўлга киритилармиди?! Тасаввур ҳам қилиб бўлмасди! Бир пайтлар бизга менсимай, паст назар билан қараганлар энди “Ўзбекистон ҳакамлар мактабидан ўрганиш керак”, деб тан олмоқда, эътироф этишга мажбур бўлмоқда. Демак, ҳақиқат, адолат қарор топаётир.
Халқаро фаолиятини 2003 йилда бошлаган, ҳадемай, 37 ёшини қаршилайдиган Р. Ирматовнинг бугунгача эришган ютуқларига кўпчилик ҳавас билан қарайди. У 2007 ва 2009 йилларда ўсмирлар ҳамда ёшлар ўртасидаги жаҳон биринчиликлари, 2008 ва 2011 йилларда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари финали, 2010 йилги мундиаль, 2011 йилги Осиё кубоги финали, 2012 йилда ХХХ ёзги Олимпиада ўйинларининг футбол баҳслари, 2013 йилда эса Бразилияда ташкил этилган конфедерациялар кубоги беллашувларини бошқарган.
Ирматов тўрт бор “Осиёнинг энг яхши ҳаками” деб топилган. Шунингдек, у 2011 йилда Халқаро футбол уюшмалари федерацияси томонидан “Жаҳоннинг энг яхши ҳаками” дея эътироф этилган. Ҳамюртимиз 2013 йил якунлари бўйича ҳам дунёнинг энг кучли ҳакамлари рейтингида юқори поғоналардан бирини эгаллаган.
Бундан тўрт йил муқаддам Жанубий Африка Республикасида ўтказилган жаҳон биринчилигида Равшан Ирматов бешта учрашувни бошқариб, футбол тарихига кирган эди. Бу галги нуфузли мусобақада Швейцария — Эквадор, Мексика — Хорватия, АҚШ — Германия, Голландия — Коста-Рика ўйинларини бошқарди ва шу орқали мундиалларда жами тўққизта учрашувда бош ҳакам бўлиб майдонга тушган ягона рефери сифатида жаҳон рекордини ўрнатди. Бундан аввалги рекорд (8 та ўйин) бир йўла уч нафар рефери — Жоэль Кинью (Франция), Бенито Арчундия (Мексика) ва Хорхе Ларрионда (Уругвай)га тегишли эди.
Тадбирда ўзбек ҳакамининг бундай юксак муваффақияти мамлакатимиз мустақиллиги ва Президентимиз Ислом Каримов томонидан спортни, хусусан, футболни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрликнинг амалий самараси экани алоҳида таъкидланди.
Ана шундай эътибор ва ғамхўрлик самарасида ўзбек футболи катта ютуқларга эришди. Ўтган йиллар давомида ёш футболчиларимиз Мексика, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Эрон каби давлатларда ўтказилган жаҳон ва Осиё чемпионатларида муносиб қатнашди, Ўзбекистон футбол федерацияси ФИФАнинг “Fair Play” (ҳалол ўйин) соврини билан тақдирланди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон халқ шоирлари Иқбол Мирзо, Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони Руслан Нуруддинов ва бошқалар мамлакатимизда спортни ривожлантириш ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатаётган улкан эътибори учун Президентимиз Ислом Каримовга миннатдорлик изҳор этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев сўзга чиқди.

 


Шавкат ОРТИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ
олган сурат.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn