Ҳарорат қачон кўтарилади?
  • 04 Февраль 2014

Ҳарорат қачон кўтарилади?

Қиш чилласи чиқишига саноқли кунлар қолганида мамлакатимизда ҳаво ҳарорати  кескин пасайиб, заминни қалин қор қоплади.

Бу ҳол юртдошларимиз қалбига қувонч бағишлаш билан бирга, бир оз хавотир ҳиссини уйғотгани ҳам бор гап. Сабаби, аксарият кишилар таҳририятга бир савол билан мурожаат қилишмоқда: совуқ об-ҳаво қачонгача давом этади?
Биз бунга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати марказининг  мутахассисларига мурожаат қилдик.
— Ўзбекистонда совуқ об-ҳаво февраль ойининг биринчи ўн кунлигида сақланиб туради, — дейди марказнинг  синоптик-муҳандиси Гавҳар Мамажонова. — Бу пайтда ҳаво ҳарорати кўп йиллик ўртача меъёрдан 10-15 даража паст бўлиши кутилаяпти. Аниқроғи, 10 февралга қадар республикамиз ҳудудида ҳарорат кечалари 10-15 даража совуқ (4-6 февраль кунлари 15-20 даража совуқ), кундузлари эса 5-10 даража совуқ бўлади. Мамлакатимизнинг шимолий ҳудудларида ҳарорат 5 февралдан сўнг бир оз “ташлайди” ва об-ҳаво кейинги кунлари кечаси 18-23 даража, кундузи 8-13 даража совуқни ташкил этади.  
— Юртимизда кескин совуқ об-ҳаво кузатилишининг сабаби нимада? У қандай омилларга боғлиқ?
— Ҳудудимизда аномал даражадаги совуқ об-ҳаво шароити кузатилишига Россиянинг Европа қисмидан Волгабўйи ва Қозоғистон орқали мўътадил ҳамда арктик ҳаво массаларига тўйинган совуқ ҳаво оқими кириб келгани сабаб бўлди. Бундай синоптик жараён натижасида республикамиз бўйлаб ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетди. Айниқса, 3 февралда аксарият вилоятларда кечаси 13-16 даража, кундузи 10-12 даража совуқ ҳарорат қайд этилди. Шимолда эса симоб устунчаси кечаси 24-28 даражагача (Устюртда 31-33 даража совуқ), кундузи 15-20 даражагача пасайди.    
— Айтинг-чи, бундай ҳолат Ўзбекистон иқлимига хосми? Шунга ўхшаш об-ҳаво охирги марта қачон кузатилган?
— Охирги 25 йиллик маълумотлар шуни тасдиқлайдики, юртимизда 2008 ва 2012 йилларда ҳам жуда совуқ об-ҳаво кузатилиб, ҳарорат қиш фаслининг айни шу вақтида кескин тушиб кетган. Мисол учун, 2008 йил февраль ойининг биринчи ярмида 15-20 даража, айрим жойларда эса
22-25 даража совуқ бўлган. Хусусан, Тошкент шаҳрида ҳаво ҳарорати 2008 йил  11 февралда 15 даража совуқни ташкил этган.
2012 йилда совуқ об-ҳаво шароити 4-9 февраль кунларига тўғри келган экан. Мазкур даврда кўпгина вилоятларда 12-17 даражача совуқ кузатилган бўлиб, шимолда 25 даражагача пасайган. Шулардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бу йилги февраль ойининг биринчи беш кунлигидаги  совуқ об-ҳаво шароити ҳароратнинг кўп йиллик абсолют минимум даражасига яқинлашаяпти.
Бироқ хавотирланишга ўрин йўқ. Ҳадемай, совуқ ҳаво оқими чекиниб, унинг ўрнини мўътадил ҳарорат эгаллайди ва симоб устуни секин-аста меъёрига яқинлашади.  

Саид РАҲМОНОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn