Бунёдкор ёшлар
  • 29 Июль 2014

Бунёдкор ёшлар

юртимиз ободлиги ва фаровонлигига муносиб ҳисса қўшмоқдалар

Юрт равнақига дахлдорлик ҳисси яратувчанлик кайфиятини уйғотиб, шижоат ва ғайратни оширади. Айниқса, ён-атрофимиздаги янгиланиш ва ўзгаришларни кўрганимиз сари бунёдкорликка бўлган рағбатимиз ортаверади. Аслида, халқимизнинг бебаҳо бойлиги — Мустақиллик инъомларидан бири ҳам шу — мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишдек улуғ мақсад ҳаётимиздан муҳим ўрин эгалламоқда, онгу дунёқарашимизда ҳам, орзу-умидларимизда ҳам бу мақсад ўз ифодасини топган.
Чунончи, бугунги навқирон авлод давлатимиз раҳбари раҳнамолигида кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликка жавобан барча жабҳада фаол бўлишга, юксак билим ва салоҳияти билан дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён этишга ҳаракат қилаётгани таҳсинга сазовор.
Кези келганда, айтиш жоизки, “Бунёдкор” ёшлар меҳнат ҳаракатларининг ташкил этилишига уларнинг ташаббускорлиги сабаб бўлган эди. Зеро, ушбу ҳаракат Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, Самарқанд, Термиз, Наманган давлат университетлари талабалари олий таълим муассасаларида талабалар меҳнат отрядлари фаолиятини ташкил этиш таклифини билдиргач, вужудга келди. Ёшларнинг ташаббуси 2006 йил 15 июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таълим комплексининг олий таълим муассасаларидаги талабалар меҳнат гуруҳлари фаолиятини ташкил қилишга бағишланган мажлиси баёни билан қўллаб-қувватланди. Унга мувофиқ, талабалар меҳнат отрядлари низоми, ишчи гуруҳлар таркиби, талабалар меҳнат отрядлари фаолиятини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури шакллантирилиб, меҳнат гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди. Шу йилдан эътиборан, анъанавий тарзда “Бунёдкор” ёшлар меҳнат ҳаракати “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ташкил этиб келинмоқда.
Талабаларни йил давомида фойдали меҳнатга жалб этиш ҳамда маҳаллалардаги вақтинча ишсиз йигит-қизларнинг бандлигини таъминлашга йўналтирилган “Бунёдкор” меҳнат ҳаракатининг ёшлар сиёсатида тутган ўрни ва аҳамиятини таҳлил қилганда, бунга яна бир бор амин бўламиз.
2008 — 2013 йиллар давомида мазкур ҳаракатга 152 минг 185 нафар йигит-қиз жалб қилинди. Уларнинг 105 минг 364 нафари олий  ҳамда ўрта махсус таълим муассасаларидаги талаба ва ўқувчи-ёшлар бўлса, қолгани ўқиш ёки иш билан банд бўлмаган йигит-қизлардир.
Куч-ғайратли бу ёшларнинг бир қисми мамлакатимизнинг турли ҳудудларида касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактаблари, маданий ва спорт мажмуалари, замонавий уй-жойлар қурилишида, амалга оширилаётган таъмирлаш ишларида бунёдкорлик салоҳиятини кўрсатган бўлса, яна бир қисми ёзги оромгоҳларда тарбиячилик қилди, туманлардаги давлат идоралари ва ташкилотлари ходимларига компьютердан фойдаланиш бўйича курслар ташкил этиб, замонавий интерактив хизматларга доир билим ва тажрибаси билан ўртоқлашди, яна бир қисми маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида, сайёҳлик, савдо ва бошқа тармоқларда меҳнат фаолиятини олиб борди, фермер хўжаликларига пахта парваришида, йиғим-терим ишларида кўмаклашди.
Бу эзгу анъана жорий йилда янада кенг кўламда ва янгича мазмунда давом этмоқда. Президентимизнинг шу йил 6 февралда қабул қилинган  “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида “Бунёдкор” ёшлар меҳнат ҳаракати фаолиятини  такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилаётир. Хусусан, вақтинча ишсиз йигит-қизларнинг ўз оиласига нафи тегиб, жамиятда ўрнини топишида мазкур меҳнат ҳаракатининг аҳамияти тобора ошмоқда. Жорий йилда Наманган вилоятида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида “Баркамол авлод” республика спорт мусобақаларининг ўтказилиши муносабати билан олиб борилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларида Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидан жами 200 нафарга яқин ёшлар “Бунёдкор” меҳнат ҳаракати таркибида фаоллик кўрсатгани бунинг далилидир. Улар Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мусобақалари учун мўлжалланган  еттита қурилиш объектида меҳнат қилди ва меҳнатига яраша муносиб рағбатлантирилди. Айни пайтда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ҳудудий кенгашларига мурожаат этган, доимий иш жойига эга бўлмаган 14 мингга яқин ёшлар ва олий ўқув юртларининг 9260 нафар талабаси бунёдкорлик ишларини олиб бормоқда.  Жумладан, Хоразм вилоятининг Боғот туманида қурилаётган 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида 50 нафар, Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги 25-сонли умумтаълим мактабининг капитал таъмирлаш ишларида 28 нафар, Сирдарё вилоятининг Гулистон тумани “Зарбдор” массивидаги намунавий уй-жойлар қурилишида 120  нафар йигит-қиз фаолият юритмоқда. Шунингдек, республикамиз олий таълим муассасалари талабаларини шу йилнинг июль ойидан бошлаб “Бунёдкор” меҳнат гуруҳларига жалб этиш, бу орқали уларнинг ёзги таътилни мазмунли ва самарали ўтказишига кўмаклашиш чора-тадбирлари кўрилаяпти.
Энг муҳими, “бунёдкор”чилар мавсум давомида фақат жисмоний машғулотлар билан чегараланиб қолмасликлари учун маънавий-маърифий тадбирлар ҳам юқори савияда ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Меҳнат ҳаракатида иштирок этаётган ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат ҳиссини янада кучайтириш, уларнинг мафкуравий иммунитетини шакллантириш мақсадида “Дин ва ёшлар”, “Юксак маънавият — енгилмас куч”, “ўоявий таҳдид нима?”, “Замонамиз қаҳрамонлари”, “Огоҳлик — давр талаби”, “Бунёдкор ёшлар — ёш мусаввирлар нигоҳида”, “Ҳалол меҳнат шуҳратимни оширди” деб номланган давра суҳбатлари, маданий-маърифий учрашувлар, “Энг яхши меҳнат гуруҳи”, “Меҳнат гуруҳининг энг фаол аъзоси” каби танловлар, “Камолот”да менинг ўрним”, “Биз “Камолот” билан” сингари викториналар ўтказилади. Зеро, ушбу саъй-ҳаракатларни амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад, шижоатли ёшларимизнинг меҳнатга лаёқатини рағбатлантириш, уларнинг замонавий билимларини ошириш ва маънавий дунёқарашини кенгайтиришдир. 
Шуни таъкидлашни истардикки, “Бунёдкор” меҳнат гуруҳларига ёшлар кўнгилли тарзда аъзо бўладилар. Бунинг учун аввал улар тегишли тартибда тиббий кўрикдан ўтиб, режалаштирилган меҳнат тури бўйича тўлиқ маълумотга эга бўлишади. Меҳнат тури ва шарт-шароитдан келиб чиқиб махсус кийим-бош, бажараётган иш ҳажми ва кўламига қараб маош, шунингдек, тураржой, тиббий хизмат ва иссиқ овқат билан таъминланади. Меҳнат объектини танлашда хавфсизлик даражаси, талабалар соғлиғига салбий таъсир кўрсатмаслиги, кўп жисмоний куч талаб этмаслиги каби жиҳатлар ҳам назардан четда қолмайди. “Бунёдкор” меҳнат гуруҳлари аъзолари ўртасида таниқли спортчи ва Давлат мукофотига сазовор бўлган истеъдодли ёшлар билан давра суҳбатлари, миллий қадриятларимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузига, ватанпарварликка бағишланган маданий-маърифий, шунингдек, спорт-соғломлаштириш тадбирларининг мунтазамлигига эришиш  ҳам диққат-эътиборимизда.
Сўзимиз бошида бугун барчамизни маёқ мисоли яратувчанликка, эзгуликка ундаётган қалбимиздаги улуғ мақсад ҳақида гапирдик. Айнан шу мақсадни кўзлаган ёшларимиз шу кунларда юртимизнинг турли гўшаларида бунёдкорлар сафида елкама-елка туриб, шаҳар ва қишлоқларимизнинг чирой очишида камарбаста бўлмоқда, ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг турли йўналишларида меҳнат қилмоқда. Уларнинг қатъияти ва азму шижоатига ҳавас қилсак, арзийди.


Феруза МУҲАММАДЖОНОВА,
«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати
Марказий кенгаши раисининг биринчи
ўринбосари.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn