Сифатли ва замонавий хизмат
  • 29 Июль 2014

Сифатли ва замонавий хизмат

лизинг берувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланганидан далолатдир

Пойтахтимизда Ўзбекистон Лизинг берувчилар уюшмасининг жорий йил олти ойлик фаолияти якунларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Молия вазирлиги, Марказий банк, Банклар ассоциацияси вакиллари, “Aхbor-Reyting” агентлиги, “SAIPRO” компанияси мутасаддилари ҳамда
оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда кейинги йилларда иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари қатори лизинг бозори ҳам жадал ривожланмоқда. Айни пайтда соҳа компаниялари иқтисодиётимизнинг деярли барча тармоқларини қамраб олиб, улар томонидан қишлоқ хўжалиги, автотранспорт, енгил саноат, тиббиёт, озиқ-овқат сингари соҳаларда ўз хизматларини кенг таклиф  этмоқда. Пировардида бугунги кунга келиб, ҳар бир фуқаро лизинг хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда.
Жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида республикамиздаги мавжуд лизинг берувчилар томонидан жами 371 миллиард сўмлик 2900 га яқин лизинг хизматлари кўрсатилгани, лизинг амалиётларининг умумий портфели эса 1 триллион 980 миллиард сўмни ташкил этиб, ушбу йўналишда ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 29 фоиз ўсишга эришилгани бунинг яққол тасдиғидир. Бу борадаги ишларни ривожлантиришда эса Президентимизнинг 2012  йил 10 майдаги “2012 — 2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир.
Анжуманда мутахассислар республикамиз лизинг бозорида кузатилаётган ўзгаришлар хусусида сўз юритиб,  давлатимиз раҳбарининг ушбу қароридан келиб чиққан ҳолда, келгусида бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳақида ҳам фикр алмашдилар.
Шу билан бирга, лизинг бозорини ривожлантиришда “Гаров реестри тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси  Қонунининг аҳамияти, кредит алмашинуви, лизинг компанияларининг рейтинг даражасини оширишга доир мавзуларда маърузалар қилинди.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Маҳаллада «Ахборот ойна»си Бунёдкор ёшлар »