Ёзги таътил мароқли ўтмоқда
  • 25 Июль 2014

Ёзги таътил мароқли ўтмоқда

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумининг боришига бағишланган анжуман ташкил этилди.

Таъкидланганидек, Соғлом бола йилида мавсумга тайёргарлик кўриш ҳар қачонгидан эрта бошлангани бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Яъни болалар хавфсизлиги ҳамда уларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, малакали кадрларни жалб этиш ва оромгоҳлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар рўёбга чиқарилди.
Пировардида оромгоҳлар сони ўтган йилдагига нисбатан 100 тага кўпайтирилиб, уларнинг умумий сони 1085 тага етказилди. Соғломлаштириладиган болалар сони ҳам шунга мос равишда 10 минг нафарга оширилди. Ихтисослаштирилган оромгоҳлар ҳам 100 тага ортиб, ҳозир 217 та шу турдаги оромгоҳ самарали фаолият кўрсатмоқда. Ўсмирлар учун мўлжалланган оромгоҳлар эса қарийб 3 баравар ошди.
Жорий мавсумдан эътиборан кам таъминланган оилалар фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва турли соҳаларда меҳнат қилаётган кам таъминланган ходимларнинг фарзандларини имтиёзли соғломлаштириш кўлами янада кенгайгани тадбирда алоҳида айтиб ўтилди. Масалан, 4 минг 500 нафардан ортиқ Оролбўйи минтақаси болаларининг Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги оромгоҳларда бепул дам олишлари режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар уларнинг аксарияти ушбу имкониятдан фойдаланишди. Айни чоғда “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида Меҳрибонлик уйларининг 3 минг 658 нафар тарбияланувчиси ва 50 нафар жисмоний имконияти чекланган бола бепул дам олишига барча нарса муҳайё этилди.
Тадбирда бугунги оромгоҳлар болаларни интеллектуал ривожлантириш маскани сифатида ўзини ҳар жиҳатдан намоён этаётганлигига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, Соғлом бола йилида шу мақсадга йўналтирилган ихтисослаштирилган оромгоҳлар турлари янада кўпайтирилди. Интеллектуал ривожлантириш, тарбия ва спорт, ижтимоий мослашув, меҳнат ҳамда дам олиш, техник ижодкорлик, экологик-биологик, ўлкашунослик, бадиий ижодиёт оромгоҳлари ана шулар жумласидандир. Масалан, Тошкент вилоятидаги “Қуёшли” оромгоҳида Республика интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи йўлга қўйилиб, унда фан олимпиадаларида ғолиб бўлган 520 нафар бола устозлари билан биргаликда касаба уюшмалари томонидан бепул ҳордиқ чиқарди.
Ўсмир ёшидаги ўғил-қизларнинг мароқли дам олишини таъминлаш мақсадида касаба уюшмалари, маҳаллий ҳокимликлар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказлари ҳамда корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида жойларда 132 та меҳнат ва дам олиш оромгоҳи ташкил этилди. Уларга касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари жалб қилинмоқда. Шу кунга қадар 4 минг нафардан ортиқ ўсмирлар ушбу имкониятдан фойдаланди.
Оромгоҳларда таълим-тарбия сифатини янада ошириш йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳам тадбир иштирокчиларининг диққат-эътиборида бўлди.
Умуман, ҳозирги пайтга қадар барча турдаги оромгоҳларда 264 минг 430 нафар бола соғломлаштирилиб, бу борадаги режа 93,8 фоизга бажарилди.
Болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш мавсуми изчил давом этмоқда.

 


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn