Тинчлик — энг улуғ неъмат
  • 25 Июль 2014

Тинчлик — энг улуғ неъмат

Бу бебаҳо бойлик мустақиллик шарофати, Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самараси, ёрқин келажак гаровидир.

Истиқлолимиз бахш этган неъмату имкониятларнинг саноғи беҳисоб. Улардан баҳраманд бўлиб яшаш эса — катта бахт, улуғ саодат. Шу боис бугунги дориламон кунларимизнинг ҳар бир дақиқасига қанча шукроналар айтсак, шунча кам.
Баъзида дунёнинг турли бурчакларида юз бераётган воқеа-ҳодисалар, талотўплар ҳақида эшитамиз. Шунда Ўзбекистондек жаннатмонанд юрт бошқа ҳеч қаерда бўлмаса керак, деган ўй кечади хаёлимдан. Тўғри-да, ҳар қарич еримиз зар, ҳар ҳовуч тупроғимиз олтин. Энг муҳими, тинч ва осуда ҳаёт кечираяпмиз. Одамларимиз ўтаётган ҳар бир кунидан рози, давлатимиздан, Президентимиздан миннатдор. Фарзандлари бугунидан, эртасидан кўнгли тўқ.
“Бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун барака қочади”, дейди халқимиз. Ҳақ гап. Бунинг исботини кунда-кунора ойнаи жаҳон орқали кўриб, билиб турибмиз. Айрим давлатлардаги беқарорлик, қуролли тўқнашувлар оқибатида минг-минглаб бегуноҳ одамлар қони тўкилаётгани, ёстиғи қуриётганидан хабардормиз. Улар орасида аёллар, болалар, кексалар энг кўп жабр чекаётганига нима дейсиз?! Қандайдир ёвуз кучлар томонидан янги-янги уруш ўчоқлари пайдо қилинаётганига-чи?! Ахир уруш ва нотинчлик ҳукм сураётган мамлакатларда одамларнинг келажакка бўлган ишончи сўниб, улар эртага фарзандлари ҳоли қандай кечишини билмай, қайғуга, ғам-ғуссага ботаяпти-ку. Қонли тўқнашувлар юз бераётган давлатлар иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан эллик йил, балки ундан ҳам кўпроқ орқага кетиши ҳам бор гап.
Албатта, бу  барчамизни тинчликнинг қадрига етиб, ҳар нафасда ниҳоятда ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашга ундайди. Давлатимиз раҳбари томонидан истиқлолнинг биринчи кунлариданоқ осудалик ва хотиржамликни сақлаш энг асосий вазифа эканлиги уқтириб келинаётганининг боиси ҳам шунда.
Қаранг, юртимиз йил сайин иқтисодий жиҳатдан бақувват ва обод бўлиб бораяпти. Шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгариб, кўнглимизда фахру ифтихор туйғулари жўш ураяпти. Тўйлар тўйларга, байрамларга уланмоқда. Мана, куни кеча Президентимизнинг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу миллий анъана ва қадриятларимиз улуғланаётгани, осмонимиз мусаффо, дастурхонимиз тўкин, турмушимиз обод эканлигининг яққол исботи!
Умуман, 23 йиллик қисқа муддатда ўтмиш асоратларидан қутулиб, ривожланишнинг равон йўлига чиқиб олдик. Кўплаб соҳалардаги юқори ўсиш суръатларимиз жаҳоннинг манаман деган давлатларини ҳам ҳайратга солаётгани рост. Ваҳолонки, бундай марраларга эришиш учун тараққий этган айрим мамлакатлар бир неча асрлик даврни босиб ўтгани кўпчиликка яхши маълум.
Бироқ юқорида айтиб ўтган муваффақиятларимизни олқишлаётган дўстларимиз қатори, ҳасадга берилиб, бизга қарши турли қабиҳликлардан тоймайдиган, керак бўлса, бунинг учун катта-катта маблағини аямайдиган ёвуз кучлар ҳам борлигини асло ёдимиздан чиқармаслигимиз керак. Бу эса ҳар биримиздан кўзимизни каттароқ очиб, огоҳ бўлиб яшашни талаб этади. Чунки ҳозирги ўта таҳликали ва қалтис замонда, ён-атрофимизда турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз — тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек сақлаш устувор вазифа ва мақсадимиздир. Ана шу жараёнда давлатимиз раҳбарининг “Бу муқаддас заминда менинг киндик қоним тўкилган, ота-боболаримизнинг муборак хоклари ётган ушбу тупроқни мен ҳимоя қилмасам, ким ҳимоя қилади?” деган сўзлари ҳар биримизнинг ҳаётий эътиқодимизга айланиши зарур.
Зеро, Ватан — муқаддас, Ўзбекистонимиз — ўзимизники! Шундай экан, уни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга ўзимиз — барчамиз масъулмиз!


Убайдулла ИСОМХОНОВ,
меҳнат фахрийси.
Тошкент шаҳри

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn