Таҳлил ва танқид руҳида
  • 24 Июль 2014

Таҳлил ва танқид руҳида

Тошкент вилояти фаолларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 17 январдаги мажлисида Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси атрофлича таҳлил қилинди.

Вилоят ҳокими А. Усмонов бошқарган йиғилишда қайд этилганидек, вилоятда иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, табиий шароит ҳамда хом ашё ресурсларидан омилкорлик билан фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги мақсадли дастурлар  ижроси юзасидан кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг “2013 — 2015 йилларда Тошкент вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги ҳамда “2013 — 2015 йилларда Тошкент вилояти йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Ҳисобот даврида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 7 фоиз ўсишига эришилди. Шу жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,8, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 7, қурилиш 5,2, чакана савдо айланмаси 12,8, пуллик хизматлар кўрсатиш ҳажми 14,2 фоиз кўпайди.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида корхоналарга кенг кўламда имтиёз ва преференциялар қўлланилиши ҳисобот даврида улар томонидан 32,1 миллиард сўмлик тайёр маҳсулот ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш имконини берди. Шунингдек, ҳудудий инвестиция дастури доирасида 33,7 миллион АҚШ долларилик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.
Фаоллар йиғилишида қишлоқларда намунавий лойиҳа бўйича уй-жойлар қуриш, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ишлаб чиқариш инфратузилмаси, уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳамда бу борадаги муҳим чора-тадбирлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, йиғилишда ҳисобот даврида эришилган ютуқлар билан бир қаторда айрим соҳаларда камчилик ва нуқсонларга ҳам йўл қўйилаётгани таъкидлаб ўтилди. Уларни бартараф этиш бўйича муҳим чора-тадбирлар белгиланди.
Тошкент вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. Азимов сўзга чиқди.


Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn