Ёш авлод манфаати йўлида
  • 24 Июль 2014

Ёш авлод манфаати йўлида

иш олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари тобора фаоллашмоқда

Пойтахтимизда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда БМТнинг Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФ ҳамкорлигида “Болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ННТ фаолияти самарадорлигини оширишнинг долзарб масалалари” мавзуида семинар-тренинг ўтказилмоқда. Семинар машғулотларида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Наманган ва Фарғона вилоятларидан қатор ННТлар вакиллари иштирок этаяпти.
Мустақилликнинг илк йиллариданоқ ёш авлодга ҳар томонлама муносиб шароит яратиш, замонавий билим ва дунёқарашга эга, баркамол фарзандларни вояга етказиш соҳасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Конституциямизда ҳам айни жиҳатга эътибор қаратилиб, ҳар бир ота-она ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги, давлат ва жамият етим ҳамда ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларини рағбатлантириши белгилаб қўйилган. Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни 1992 йилда ратификация қилган, 189 давлат қаторида Мингйиллик ривожланиш мақсадлари дастурини имзолаган ва шулар асосида ҳукуматимиз томонидан қатор дастурлар қабул қилиниб, изчил рўёбга чиқарилаётир.
Мамлакатимизнинг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни билан 18 ёшгача бўлган ўғил-қизларнинг манфаатларини муҳофаза қилиш механизми шакллантирилиб, ҳар бир боланинг ҳаёти ва саломатлигини, шаъни ва қадр-қимматини асраш, жисмоний ҳамда интеллектуал, маънавий-ахлоқий камол топишига кўмаклашиш каби ўта муҳим ва аниқ вазифалар бу борадаги давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини ташкил этмоқда.
Мазкур саъй-ҳаракатлар самарадорлигини оширишда фуқаролик жамиятининг барқарор институти ҳисобланган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам ўз ҳиссасини қўшаётир.
— Нодавлат нотижорат ташкилотлари болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича давлат ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишда, уларни рўёбга чиқаришда фаол иштирок этаётгани қувонарли, — дейди Миллий ассоциация гуруҳ раҳбари Ортиқхўжа Норов. — Хусусан, ассоциациямизга аъзо 400 га яқин ННТларнинг олтмишдан зиёди болалар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоялаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш соҳасида салмоқли лойиҳаларни амалга оширмоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг эркин  ва самарали фаолият кўрсатиши учун ҳуқуқий асос яратилиб, давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватланаётгани, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикликнинг йўлга қўйилгани ҳамда тобора ривожлантирилаётгани бунда муҳим омил бўлаяпти.
Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида 2007 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган “Меҳржон” маркази ижтимоий шериклик асосида ёш авлод манфаати йўлида эътирофга лойиқ ишларни олиб бораётган ана шундай ННТлардан бири.
— Марказимиз аёллар ва болалар ўртасида соғлом турмушни тарғиб этган ҳолда уларга тиббий, ижтимоий, ҳуқуқий, маданий-маърифий, руҳий ва бошқа йўналишларда ёрдам кўрсатади, — дейди марказ раҳбари Хуршида Ибрагимова. — Ушбу йўналишда ўтган йиллар давомида ўнга яқин лойиҳа амалга оширилди. Шу ўринда болаликдан соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик кўникмаларини шакллантириш, кашандалик, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик каби иллатларнинг олдини олиш мақсадида ҳаётга татбиқ қилиб келинаётган “Янги авлод соғлом турмуш тарзини танлайди” деб номланган лойиҳани мисол қилиб келтириш мумкин. Лойиҳа доирасида Қувасой шаҳридаги  мактаб ва  коллежларда ўқув-семинарлар ташкил этилди, натижада 2 ярим мингдан зиёд болаларнинг тиббий саводхонлиги оширилди. Ҳозирги кунда эса “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Қувасой шаҳар хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда “Бола ҳуқуқлари — катталар нигоҳида” мавзуида семинарлар ўтказмоқдамиз.
Эътироф этиш жоизки, ЎзННТМА ва ЮНИСЕФ ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур семинар-тренинг жойларда аҳоли кенг қатлами ичига кириб бориб, фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатаётган ННТ вакилларининг янада чуқур билим ва кўникмага эга бўлиши, ўзаро фикр ва тажриба алмашишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Унда оналик ва болаликни муҳофазалаш, имконияти чекланган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид долзарб вазифалар ечимини ўрганиш, бу йўналишда пухта лойиҳаларни ишлаб чиқиш билан боғлиқ масалаларга кенг ўрин ажратилган.


Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn