Ёш тадбиркорларга имтиёзли кредитлар
  • 22 Июль 2014

Ёш тадбиркорларга имтиёзли кредитлар

Навоий шаҳрида ўтказилган “Ёш тадбиркор — юртга мададкор” танловининг вилоят босқичида 100 нафар ёш ўз бизнес лойиҳаси билан иштирок этди.

Ушбу тадбир “Соғлом бола йили” Давлат дастури ҳамда Президентимизнинг жорий йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Марказий банк вилоят бош бошқармаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Фермерлар ва “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгашлари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Вилоятда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, айниқса, ёш тадбиркорларнинг бизнес ғояларини молиялаштириш мақсадида тижорат банклари томонидан жорий йилда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига 6,3 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ажратилиши кўзда тутилган.
Танлов доирасида бозор муносабатларини ўрганиш, бизнес-режа тузишнинг муҳим жиҳатлари ҳақида ёшларга батафсил маълумот берилди.
— Мебель жиҳозлари ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳам учун тижорат банкидан 75 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиш ҳамда танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлдим, — дейди Қамбарали Наврўзов.
Танловда шу каби 10 нафар йигит-қиз истиқболли лойиҳалари учун тақдирланди.


Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn