Фидокорона меҳнатнинг юксак натижаси
  • 17 Июль 2014

Фидокорона меҳнатнинг юксак натижаси

Мамлакатимиз ғаллакорлари бу йилги мавсумда 8 миллион 50 минг тонна сара дон йиғиштириб олиб, зиммаларидаги шартнома мажбуриятини шараф билан адо этдилар. Деҳқон ва фермерларимизнинг юртимиз ғалла мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида эришган навбатдаги муҳим меҳнат ғалабаси Истиқлолимизнинг 23 йиллиги байрамига муносиб туҳфа бўлди.

Нон шундай улуғ ва табаррук неъматки, нафақат дастурхон тўкинлиги ва рўзғорнинг қут-баракаси, балки ҳаётимизнинг фаровонлиги унинг сероблиги билан белгиланади. Халқимиз бежиз “Уйинг буғдойга тўлсин” демайди-да! Бугун юртдошларимизнинг уйлари том маънода донга,  қалблари қувончга тўлди. Нечун хурсанд бўлмайлик, яратилган бу юксак хирмон — ўз донимиз, беминнат нонимиз, Ўзбекистон ғалласи!
Қўлга киритилган ушбу улкан муваффақият замирида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётимизнинг етакчи тармоғи — қишлоқ хўжалиги тубдан ислоҳ қилиниб, фермерлик ҳаракати янада ривожлантирилаётгани, тизимга кўплаб имтиёзлар жорий этилган ҳолда, замонавий агротехнологиялар, илғор инновациялар татбиқ этиш бўйича аниқ мақсадли чора-тадбирлар кўрилгани, энг муҳими, фермерлар ва барча дала меҳнаткашларининг моддий манфаатдорлиги оширилгани мужассам, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Дарҳақиқат, соҳада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар унинг бошқа тармоқлари сингари ғаллачиликда ҳам янги уфқларни очиб берди. Бундай дейишимизнинг боиси шундаки, ўтган асрнинг 90-йилларида экин майдонларимизнинг қарийб 90 фоизига қадар пахта экилгани, бунинг оқибатида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, буғдой, ёрма, гўшт ва сут маҳсулотлари, тухум ва шакарнинг асосий қисмини бошқа давлатлардан олиб келишга мажбур бўлганимизни катта авлод вакиллари яхши эслашади. Чунки ўша пайтлари аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган буғдойнинг асосий қисми четдан сотиб олинар эди.
23 йиллик мустақил тараққиётимиз даврида амалга оширилган улкан ислоҳотлар нафақат халқимиз дастурхонини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш, балки уларни катта миқдорда экспорт қилиш имконини берди. Бундай ютуқларимиз халқаро миқёсда юксак эътироф этилаётгани, хорижликларнинг бой тажрибамизни ўрганишга  қизиқиши ортиб бораётгани қувонарли ҳолдир. Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференцияда иштирок этган 200 дан ортиқ чет эллик олимлар ва мутахассислар мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида эришилаётган ютуқларни ўрганиш, хусусан, фермерларимиз билан тажриба алмашиш ниятида эканини билдиргани бунинг яққол далилидир.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича, 2014 йил ҳосили учун 1 миллион 142,6 минг гектар суғориладиган, 196,8 минг гектар лалмикор ерларда бошоқли дон экинлари парваришланди. Ҳар бир ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароити, сув билан таъминланиш даражаси ҳисобга олинган ҳолда, серҳосил, касалликларга чидамли бўлган “Чиллаки”, “Дурдона”, “Бобур”, “Андижон-2”, “Андижон-4”, “Дўстлик”, “Туркистон”, “Яксарт”, “Аср”  сингари маҳаллий буғдой навлари жойлаштирилди.
Мутахассисларнинг айтишича, мамлакатимизда айрим давлатлардагидек, фақат экин майдонларини кенгайтириш ҳисобидангина эмас, балки ҳосилдорликни кўтариш туфайли баракали ва мағзи тўқ буғдой етиштиришга муваффақ бўлинмоқда. Хусусан, жорий йилда республикамизда ўртача ҳосилдорлик 55 центнерни ташкил этди. Бу кўрсаткич Фарғона ва Андижон вилоятларида 62 центнерни, Самарқанд вилоятида 61 центнер, Бухоро ва Наманган вилоятларида 60 центнер, Қашқадарё вилоятида 58 центнер, Тошкент вилоятида 57 центнер, Навоий вилоятида 55 центнер, Сурхондарё вилоятида 51 центнерга етказилди. Айрим туманларда бундан-да юқори — 60-70 центнерлик натижага эришилган бўлса, кўплаб фермерлар эса 90-100 центнерлик маррани забт этишга муваффақ бўлдилар.
Бу биз танлаган тараққиёт йўлининг нақадар тўғри, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг нечоғлиқ самарали эканлиги, фермерлик ҳаракати амалда ўзини тўла оқлаётганлигидан далолат эмасми?!
 — Президентимиз яқинда Фарғона вилоятига сафари чоғида бизнинг фермер хўжалигимиз далаларига ташриф буюриб, фермерлар ва қишлоқ хўжалиги мутахассислари билан дилдан суҳбатлашдилар, — дейди Қува туманидаги “Роҳатой” фермер хўжалиги раҳбари Авазбек Тешабоев. — Давлатимиз раҳбари учрашувда фермерлик ҳаракатининг истиқболи ҳақида сўз юритар экан, “Фермер нафақат деҳқончилик сирларини пухта билиши, айни пайтда у иқтисодчи, ҳисобчи, менежер, селекционер, бизнесмен, керак бўлса, дипломат бўлмоғи зарур. Бугунги ҳаёт олдимизга қўяётган янги-янги вазифаларни яхши билиши, одамларнинг, айниқса, қишлоқ аҳлининг турмуш даражасини янада яхшилаш, юртимизни бундан-да обод қилишда фаол иштирок этиши керак”, дея алоҳида таъкидладилар. Бугунги фермерлар ана шундай мутахассис бўлишга ҳаракат қилишаётгани туфайли барча соҳаларда юқори натижалар қўлга киритилаяпти. Масалан, бизнинг фермер хўжалигимизда 349 гектардан ортиқ майдонда пахта ва ғалла етиштирилади. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари учун яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, балиқчиликни ҳам йўлга қўйдик, 200 тонна ҳажмдаги музлаткич омбор барпо этиб, мева-сабзавотларни сифатли сақлашни ўзлаштирдик. Буларнинг бари юртимиз аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилаяпти. 
8 миллион 50 минг тонна дон! Бу чакана кўрсаткич эмас, албатта. Бу қишлоқ хўжалигимиз тарихида янги саҳифа! Бу ғалла мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг юксак самараси! Бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида кўрилаётган оқилона чора-тадбирларнинг меваси!
Табиийки, деҳқон ва фермерларимиз қўлга киритган бундай улкан ютуқнинг кўплаб омил ва мезонлари бор. Улар орасида энг асосийси — уруғлик тайёрлашнинг яхши йўлга қўйилганидир.
Гап шундаки, юртимизда тупроқ ва иқлим шароитига мос серҳосил буғдой навларини яратиш, уларни районлантириш баробарида, уруғлик тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари таъминоти бўйича комплекс тизим яратилгани кутилган самарани бермоқда. Пировардида ғалла ҳосилдорлиги ошиши билан бирга, буғдойнинг сифат кўрсаткичлари, истеъмол хусусиятлари йилдан-йилга яхшиланаётир. 
 Машаққатли меҳнат эвазига яратилган ризқ-рўзимизни нест-нобуд қилмасдан, сифатли йиғиштириб олиш учун бу йилги ўрим-йиғим ишларига, айниқса, пухта ҳозирлик кўрилганини ҳам алоҳида қайд этиш зарур. Натижада мавсум уюшқоқлик билан ўтказилиб, мавжуд ғаллазорлардаги ҳосил жуда қисқа фурсатларда саранжомланди. Бунда “Клаас” русумидаги юқори унумли комбайнлардан фойдаланилгани қўл келди, албатта.
Биласиз, кейинги йилларда Ер юзи аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи тобора ортиб бораётир. Бироқ дунё миқёсида атроф-муҳитнинг экологик жиҳатдан бузилиши ҳамон давом этаётгани, иқлим ўзгаришларининг олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатлари, тез-тез такрорланаётган қурғоқчилик ва сув ресурслари тақчиллиги қишлоқ хўжалиги экинлари, жумладан, ғалла ҳосилига салбий таъсирини кўрсатмоқда. Охир-оқибатда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмининг пасайиши, унинг нарх-навоси ошиб кетиши кузатилаяпти. Ҳозирги кунда 840 миллиондан ортиқ киши, яъни деярли ҳар саккиз одамнинг бири тўйиб овқатланмаётгани бунинг тасдиғидир. 
Шундай оғир бир шароитда юртимиз фермерлари томонидан ҳар қачонгидан-да мўл ва сара дон етиштирилгани алоҳида таҳсинга лойиқ. Зеро, бу қишлоқ хўжалигида иш юритиш тартиб-таомилларини чинакамига эркинлаштириш, дала меҳнаткашлари моддий манфаатдорлигини ошириш, соҳага имкон қадар сармояларни кўпроқ жалб қилиш, унинг моддий-техник негизини бойитиш ва мустаҳкамлаш борасида ноёб тизим яратилгани, энг муҳими, Ватан тараққиёти, халқ фаровонлигини таъминлаш мақсадида кузнинг аввалидан ёзнинг саратонига қадар кунни кун, тунни тун демай, даласида бедор бўлган, бугунги қувончли кунда эса дўпписини осмонга отиб, бир яйраган миришкор инсонларнинг ғаллачиликни ривожлантириш йўлидаги фидокорона меҳнати самарасидир.


Икром ЎТБОСАРОВ,
Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn