Истиқлол журналистлар нигоҳида
  • 17 Июль 2014

Истиқлол журналистлар нигоҳида

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида «Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!» мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Мазкур академия, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Миллий телерадиокомпания билан ҳамкорликда ташкил этилган семинарда олимлар, экспертлар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, маънавият тарғиботчилари иштирок этди.
Академия ректори А. Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. Муҳаммадиев, Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Ш. ўуломов, Миллий телерадиокомпания раисининг биринчи ўринбосари О. Тошбоев, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Ф. Ризаев, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ф. Муҳаммаджонова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида узоқни кўзлаб юритилаётган сиёсат халқимизнинг тинч ва осойишта, эркин ва фаровон ҳаёт кечиришида, барча соҳалардаги ислоҳотлар муваффақиятида, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрўсининг тобора юксалишида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.           
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори истиқлол айёмига қизғин ҳозирлик кўриш, уни юксак савияда кутиб олишга оид ишларни кенг, изчил ва тизимли тарзда йўлга қўйишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.   
Энг улуғ, энг азиз байрамни муносиб кутиб олиш ва нишонлаш мақсадида юртимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий фаолиятнинг асосий маъно-мазмунини, Ватанимиз тараққиёт йўлининг ҳар томонлама тўғри ва ҳаётий эканини, демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш борасида эришилган ютуқларнинг аҳамиятини юртдошларимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш оммавий ахборот воситалари ходимларининг долзарб ва эзгу вазифасидир. 
Мамлакатимизнинг тараққиёт одимлари, қўлга киритган натижаларини бутун дунё тан олаётгани, халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаб бораётганини кенг ёритиш, бу ютуқларнинг асосий омилини халқимизнинг тафаккури ўзгариб, фуқаролик фаоллиги тобора кучайиб бораётганида кўриш, ушбу ижтимоий-сиёсий жараёнларни ҳар томонлама асослаб бериш ва бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда таҳлил қилиш журналистлардан катта маҳорат, ёритилаётган мавзуни чуқур ўрганишни талаб этади. «Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!» деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маърифий тадбирларни чуқур таҳлилий асосда, халқчил, самимий ифодалаш, уларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш муҳим аҳамиятга эга.
Анжуманда Ўзбекистон миллий ахборот тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, истиқлол айёмини оммавий ахборот воситаларида ёритиш, маънавият-маърифат, таълим-тарбия, иқтисодий ривожланиш, ёшларга оид давлат сиёсати соҳаларидаги саъй-ҳаракатлар, «Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросига доир маърузалар тингланди ва муҳокама этилди.


Н. УСМОНОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn