Замонавий ва ноёб лойиҳа
  • 15 Июль 2014

Замонавий ва ноёб лойиҳа

юртимиз иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади

Ҳар бир мамлакат иқтисодиёти ривожида транспорт-коммуникация тизими муҳим аҳамиятга эга. Шу боис юртимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб мазкур йўналишдаги ишларга, хусусан, темир йўл тармоғини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида рўёбга чиқарилаётган лойиҳалар эса нафақат юк ва йўловчи ташиш ҳажмини кенгайтириш, балки халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, юрт равнақини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Хусусан, ўтган даврда мамлакати-мизда ягона миллий темир йўл тизимини барпо этиш мақсадида “Навоий — Учқудуқ — Султон Увайстоғ — Нукус”, “Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон” темир йўл линиялари, Амударё узра узунлиги 681 метрлик муҳташам кўприк қуришдек улкан вазифалар ўзимизнинг етук муҳандислар томонидан қойилмақом тарзда поёнига етказилди. 2011 йилдан “Afrosiyob” тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилгани эса йўловчиларга қулайлик яратиш баробарида,  Марказий Осиёда дастлабки тезюрар поезд сифатида тарих саҳифаларидан муносиб жой олди.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2013 йил 18 июндаги “Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўл линияси  қурилишини  ташкил этиш чора-тадбирлари  тўғрисида”ги қарорига биноан, “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК ва Хитойнинг “China Railway Tunnel Group” компанияси томонидан  бошланган бунёдкорлик ишлари ҳам  ана шундай  эзгу ишларнинг мантиқий давомидир.
Бугунги кунда умумий узунлиги  123 километрдан зиёд, жумладан, туннель қисми 19,1 километрлик  мазкур лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда. Қурилиш икки томондан, яъни Ангрен ва Поп станцияларидан амалга оширилмоқда. Ҳозиргача 65 километр масофада тупроқ кўтариш юмушлари бажарилиб, темир йўл линиясининг 55 километрдан зиёд қисми қуриб битказилди.
Қурилиш-монтаж ишлари уч сменада ташкил этилган бўлиб, бунинг учун 560 га яқин замонавий техника ва икки ярим минг нафарга яқин қурувчилар жалб этилган.
Бундан ташқари, қурилиш доирасида, 266 та сунъий иншоот, 6 та темир йўл станцияси, 2 та вокзал ва 3 та тортиш электр станциялари барпо этилади. Табиийки, буларнинг бари ҳудуд аҳолиси турмушини янги босқичга кўтариш, мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш имконини беради. 
Қисқаси, бугунги кунга келиб, мамлакатимиз темир йўлларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Зеро, “пўлат излар”даги фаровонлик неъматларини ортган карвонлар юртимизни саодатли манзиллар сари етаклаётгани мустақил давлатимизнинг темир йўллари метиндек мустаҳкамлигидан далолат беради. Ушбу электрлаштирилган  янги темир йўл эса келажакда Ўзбекистоннинг марказий қисмини Фарғона водийси вилоятлари билан ишончли боғлаб,  “Хитой — Марказий Осиё — Европа” транзит темир йўл йўлагини яратишнинг муҳим омилидир.


Мирзо МУРОТОВ,
«Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК
ахборот хизмати раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn