Аҳолининг банкларга ишончи мустаҳкамланмоқда
  • 15 Июль 2014

Аҳолининг банкларга ишончи мустаҳкамланмоқда

Мустақиллигимизнинг 23 йиллик тарихига назар ташласак, мамлакатимизда демократик бозор муносабатларини чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш борасида оламшумул ютуқларга эришилганига яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз.

Бу, шубҳасиз, юртимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, банк тизимини янада такомиллаштириш, тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлаш ҳажмини мунтазам ошириб бориш ҳамда хизматлар сифатини тубдан яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани самарасидир. Ҳозирги кунда ушбу тизим тадбиркорларнинг яқин ҳамкори ва таянчига айлангани ана шундан далолат беради.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази 2011 — 2014 йиллар давомида тадбиркорлар фаолиятида банк тизимининг ўрни ва аҳамияти ҳақида жамоатчилик баҳосини ўрганишга қаратилган бир қатор тадқиқотларни олиб борди. Бундай тадбирларнинг навбатдагиси республикамизнинг барча ҳудудларидаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари ўртасида ўтказилди.
Респондентларни танлашда тадбиркорлик соҳасининг барча тоифалари (оилавий тадбиркорлик, фермер хўжалиги, деҳқон хўжалиги, якка тартибдаги тадбиркорлар, кичик корхона ва микрофирмалар) қамраб олиниб, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ва тадбиркор аёлларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Сўров натижаларига кўра, шаҳар ҳудудида “микрофирма” ва “кичик корхона” деб аталувчи субъектлар кўпроқ бўлса, қишлоқ жойларда ишбилармонликнинг энг ривожланган тури якка тартибдаги тадбиркорлик эканлиги, айниқса, оилавий тадбиркорлар сафи тобора кенгайиб бораётгани аниқланди. Тадбиркорлар ёш бўйича таҳлил қилинганда, 18 — 24 ва 25 — 29 ёшдагиларнинг аксариятини якка тартибдаги тадбиркорлар, 30 — 39 ва 40 — 49 ёшдагилар, ўз навбатида, олий маълумотлиларнинг асосий қисмини кичик корхона субъектлари ташкил қилиши маълум бўлди.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, тадбиркорларнинг банк кредитларидан фойдаланишлари йил сайин ортмоқда. Бу, албатта, уларнинг мазкур тизимга бўлган ишончи кучаяётганини кўрсатади.
Сўровларда мамлакатимиздаги тижорат банклари фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бинобарин, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Ипотека-банк”, “Агробанк”, Миллий банк, “Асака” банки, “Трастбанк”, “Қишлоқ қурилиш банк”, “Савдогарбанк” филиалларининг фаолияти ҳудудларда юқори баҳоланган.
Респондентларнинг 95,4 фоизи (Бухоро, Қашқадарё, Хоразм ва Фарғона водийси вилоятларидаги тадбиркорларнинг аксарияти) банклар фаолиятини ижобий баҳолагани ҳам эътиборга лойиқ. Сўровда қатнашганларнинг мутлақ кўпчилиги банк ходимлари ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришини, маслаҳат бериш ва муаммоларни ечишда тезкор ёрдам кўрсатишини, омонатларини сақлаш бўйича барча амалиётларни ўз вақтида амалга оширишини, бу жараёнда белгиланган тартиб-қоидаларга тўла риоя қилишини ҳамда қонунбузилишига йўл қўймаслигини алоҳида эътироф этди.
Шу билан бирга, сўровда иштирок этганларнинг қарийб 98 фоизи омонатга пул қўйишда “Банкка бўлган ишонч” асосий таомилга айланганини, кейинги ўринларда “Юқори даромадлилик” ҳамда “Маблағларнинг кафолатланганлиги” тамойилига ишонишганлигини билдирди.
Сўралганларнинг 97,5 фоизи эса кредит олишда ҳеч қандай муаммо йўқлигини эътироф этишди. Уларнинг фикрича, кредитлашнинг тартиб-қоидалари соддалаштирилганлиги бу борада муҳим омил бўлмоқда.
— Корхонамизда 2005 йилдан буён пойабзал учун чарм ишлаб чиқариларди, аммо хом ашёни четдан келтиришдаги узилишлар туфайли ишимиз тўхтаб қолди, — дейди “Мир-Улуғбек-МХ” МЧЖ раҳбари Фурқат Ҳасанов. — Натижада биномизни ижарага беришга мажбур бўлдик. Ўша пайтда, биласизми, боши берк кўчадан чиқишнинг иложи йўқдек туюлганди бизга. Бахтимизга корхонамиз қайта оёққа турди. Бунда “Ипотека-банк”нинг 741,2 миллион сўмлик кредити қўл келди: унинг ҳисобидан замонавий асбоб-ускуналарни харид қилиб, пайпоқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Бундан ташқари, хом ашё харид қилиш учун 120 миллион сўм кредит олгандик, уни ўз вақтида тўлаб бўлдик. Шулар баробарида, корхонамизнинг айланма маблағини тўлдириш учун яна 18 ой муддатга 61,9 миллион сўм кредит олдик.
Ўз навбатида, банк томонидан жорий йилнинг январь ойида 1,2 миллиард сўм кредит ажратилгани туфайли замонавий русумдаги технологияларни ўрнатдик ва фаолиятимизни янада кенгайтирдик. Натижада 50 та иш ўрни яратилди. Умуман, ишчи-ходимларимизнинг 37 нафари аёллар, 26 нафари касб-ҳунар коллежи битирувчиларидир.
Мана, бугун маҳсулотларимиз сифатли, харидорларнинг қизиқиши ҳам шунга яраша. Бунинг учун банк жамоасидан миннатдормиз.
Бундан ташқари, респондентларнинг 97,8 фоизи банклар томонидан ажратилаётган кредитлар натижасида тадбиркор аёллар сони кўпаяётганини қайд этгани ҳам диққатга сазовордир.
— Чевар эмасманми, маҳалламизда яшовчи аёлларнинг буюртмаларини бажариб юрардим, — дейди Қўрғонтепа туманидаги “Ягона ҳамкор нури” МЧЖ раҳбари Сарвархон Рўзиматова. — Ҳунармандлар ўзларига яратиб берилган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, муваффақиятларга эришаётганини кўриб, биз ҳам эркак ва аёллар учун кийим-кечаклар тайёрлашни йўлга қўйдик. Маҳсулотимизга аҳоли орасида талаб юқори. Албатта, бу ютуғимизда доимий ҳамкоримиз — “Қишлоқ қурилиш банк”нинг ҳиссаси катта. Негаки, унинг 250 миллион сўмлик кредити бизга нафақат моддий таянч, балки руҳий далда бўлди. Муҳими, сармояни тўғри йўналтирганимиз туфайли 40 нафар аёл доимий иш билан таъминланди. Шулардан 10 нафари коллеж битирувчиларидир. Ўтган йил давомида 160 минг донадан ортиқ трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга эришдик. Келгусида мазкур банкдан яна 300 миллион сўм кредит олиб, маҳсулот экспортини йўлга қўйишни ҳам режалаштираяпмиз.
Сўровда, шунингдек, тижорат банклари томонидан мамлакатимизнинг олис, меҳнат ресурслари ортиқча бўлган бир қатор туманларидаги тадбиркорлар ва аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилаётган имтиёзли кредитлар тўғрисидаги фикрларга ҳам ойдинлик киритилди. Унга кўра, респондентлар мутлақ катта қисми (98,7 фоизи)нинг фикрича, бу борада банкларнинг амалий ёрдами катта бўлмоқда. Берилаётган имтиёзли кредитлар туманларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасининг жадал ривожланишига, қишлоқларимиз қиёфаси тубдан ўзгаришига, янги савдо марказлари ишга тушишига хизмат қилмоқда, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг иш билан таъминланишига имкон бермоқда.
Қолаверса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш учун тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга ажратилаётган имтиёзли кредитлардан ҳам респондентлар мамнун эканлигини маълум қилишди. Жумладан, сўровда қатнашганларнинг 98,9 фоизи айнан шундай кредитлар қишлоқ аҳолисининг ҳаёт даражасини янада яхшилаш билан бирга, бандликни оширишда қулайликлар яратмоқда, деб ҳисоблайди. Айниқса, шу орқали томорқада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми ортиб, ички бозорларда нарх-навонинг мўътадил бўлиши таъминланмоқда.
— Бугунги кунда юртимиздаги ўзгаришларни кўриб, қалбимиз ғурурга тўлаётир, шижоатимизга шижоат қўшилмоқда, — дейди Жондор туманидаги “Ўзбекистон” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Қодир Қаландаров. — Қишлоғимиз аҳолиси банкларнинг амалий ёрдами билан барча орзу-мақсадларига эришаётганини айтмайсизми?! Ахир улар томорқа хўжалигида паррандачилик, асаларичилик ва қорамолчилик билан шуғулланиб, оиласининг фаровонлигини юксалтирмоқдалар-да. Илгари бундай шароит бўлганми? Ҳатто тушимизга ҳам кирмаган.
Оммавий ахборот воситалари орқали бошқа давлатлар фуқароларининг турмушини кўриб турибмиз. Кўплаб мамлакатларда банклар одамлар ҳаётига кириб, яқиндан ёрдам бераяптими?! Йўқ! Бизнинг юртимизда эса молия муассасалари аҳолининг энг яқин кўмакчисига айланган. Шунинг учун уларга бўлган ишончимиз тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Банкларимизнинг жамиятдаги ўрни ва обрўси тобора ошаверса, барчамизга фойда. Мустақиллигимизнинг яқинлашиб келаётган 23 йиллик айёми арафасида булар ҳақида сўзлаш янада мароқли.
Шу билан бир қаторда, респондентларнинг 96,6 фоизи фикрича, микрокредитни тижорат банклари орқали амалга ошириш ишончли ҳамда кафолатли. Уларнинг мутлақ кўпчилиги ажратилаётган микрокредитлар аҳоли фаровонлигини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш, чекка ва қишлоқ ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришга замин яратаётир, деб ҳисоблайди.
Тадбиркорларнинг қарийб 98 фоизи бундай имкониятдан самарали фойдаланиб, кўзлаган натижаларга тўлиқ эришгани, бунда жиддий қийинчиликларга учрамаганини билдиргани ҳам диққатга сазовор. Сўровда иштирок этганларнинг 97,5 фоизи банк тизимида ишбилармонлик муҳити яратилганлигини алоҳида таъкидлаб, бу қисқа муддат ичида ҳеч бир муаммосиз кредитлар олиб, бизнесини йўлга қўйишга имкон берганини таъкидлаган. Ниҳоят, сўровда қатнашганларнинг 98,7 фоизи банкларнинг имтиёзли кредитлари кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш, улар томонидан маҳсулотларни экспорт қилишда муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этган бўлса, хорижий инвесторлар эса банкларга бўлган ишончи ортиб бораётганини тасдиқлашган.
Шу ўринда респондентлар жойларда Марказий банк ташаббуси билан Бош прокуратура, Савдо-саноат палатаси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, “Камолот” ЁИҲ билан ҳамкорликда ўтказилаётган амалий учрашувларга юқори баҳо берганлар. Уларнинг 98,8 фоизи “ушбу амалий учрашувларнинг тадбиркорликни йўлга қўйишда катта ёрдами тегмоқда, барча саволларга тўлиқ жавоблар олаяпмиз, ёшларимиз иш ўринларига эга бўлишларида имкониятлар яратмоқда” каби жавоблар олинди.
— Ўзбекистон банк тизими халқаро андозаларга мос равишда самарали фаолият кўрсатаётгани учун биз муваффақиятли иш юритаяпмиз, — дейди Ўзбекистон — Ҳиндистон қўшма корхонаси раҳбари Сатвиндер Сингх. — Бундай дейишга тўла асос бор. Чунки кўплаб давлатларнинг банклари фаолияти билан яқиндан танишман. Ўзбекистон банклари тадбиркорларга яқин ҳамкор бўлаётгани диққатга сазовордир. Тадбиркорга нима керак бўлса — барчаси муҳайё. Қарийб ўн йилдирки, мамлакатингизда қўшма корхонамиз фаолият юритиб келмоқда. Бизга нуфузли банклардан бири — “Асака” банки сифатли хизмат кўрсатади. Барча банк амалиётларини офисимизда туриб, интернет орқали бошқарамиз. Корхонамиз, асосан, фармацевтика соҳаси билан шуғулланади. “Асака” банкидан кредит олиб, мана, фаолиятимизни кенгайтирдик. Эндиликда банклар томонидан яратилган қулай инвестиция муҳити бизни муваффақиятлар сари етакламоқда.
Умуман, хорижий қўшма корхоналарнинг Ўзбекистон банкларига нисбатан ишончи юқорилигини алоҳида айтишни истардим. Бу борада бизга барча имкониятларни яратиб берган давлатингиз раҳбари Ислом Каримовга ўз миннатдорлигимизни билдириб қоламиз ва қадрлаймиз. Биз диёрингизда фаолият кўрсатаётганимиздан мамнунмиз.
Таъкидлаш жоизки, мазкур юксак эътирофлар давлатимиз раҳбари томонидан ушбу тизимни ривожлантириш борасида қабул қилинган Фармон ва қарорлар, давлат дастурлари банк тизимида ўз вақтида, сифатли ижро этилаётганлигининг амалдаги ифодасидир.
“Ижтимоий фикр” маркази томонидан сўров натижалари асосида банк-молия соҳасини янада ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилдики, бу пировардида тизимнинг янада равнақ топишига хизмат қилиши муқаррардир.


«Ижтимоий фикр»
жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида С. ҚОСИМЖОНОВ
тайёрлади.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn