ОАВ ва интернет-журналистика истиқболлари
  • 11 Июль 2014

ОАВ ва интернет-журналистика истиқболлари

Давлатимиз раҳбарининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида бугунги кунда, айни шу мураккаб ва қалтис замонда дунёда, ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни чуқур идрок этиш, уларнинг туб моҳиятига етиб бориш учун аввало одамларда мустақил фикрлаш ва яна бир бор мустақил фикрлашни шакллантириш талаб қилиниши алоҳида таъкидланди. Сабаби, турли ғоя ва манфаатлар кураши тобора кучайиб бораётган ҳозирги вазиятда ёлғонни рост, ростни ёлғон, деб кўрсатишга уриниш, турли сохта маълумотларни тарқатиш тобора авж олаяпти. Мана шундай шароитда оммавий ахборот воситаларининг роли ва масъулияти ҳар қачонгидан ҳам кўра юксалиб бормоқда.

Мамлакатимизда мазкур йўналишда, хусусан, ОАВ ривожи тенденциялари, уларнинг зиммасидаги масъулиятли вазифалар ижроси ҳамда медиа-соҳа ходимлари малакасини ошириш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Абдулазиз Абдуллаев сўзлаб берди.  
— Қайд этиш лозимки, юртимизда истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, сўз ва ахборот эркинлиги, оммавий ахборот воситаларини жадал ва эмин-эркин равнақ топтиришга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич ҳамда изчил рўёбга чиқарилаяпти. Соҳани тартибга солувчи ўндан ортиқ қонунлар қабул қилинди. Журналист профессионал фаолиятининг ишончли кафолати ва ҳимояси, ОАВ мустақиллиги ҳамда эркинлигини таъминлаш, ахборот жабҳасига бозор механизмларини жорий этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
Кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ қилиниши натижасида эса Ўзбекистонда медиа-тармоқлар жадал тараққий топиши, нодавлат оммавий ахборот воситалари сони кўпайиши кузатилаётир. Ўз навбатида, бир қатор фуқаролик институтлари томонидан мамлакатда мустақил, замонавий демократик талаблар ва стандартларга жавоб берадиган ОАВни шакллантириш, уларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, рақобатдошлигини ошириш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Уларнинг орасида Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳам бор.
Кадрларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш, журналистлар  ва техник ходимларнинг малакаси, маҳорати ва ижодий фаоллигини ошириш, медиа соҳасидаги муҳим мавзуларда конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ташкил этиш, қалам аҳли фаолиятини рағбатлантириш, шунингдек, мамлакатда интернет-журналистика тараққиётига кўмаклашиш мазкур фонднинг асосий вазифалари ва йўналишлари сирасига киради.
Бу вазифаларнинг самарали бажарилиши ҳозирги кунда алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар журналист масъулиятини янада оширишни тақозо қилмоқда. Улар ўз сўзи ва иши билан одамларни эзгу мақсадларга етаклаши, демократик, ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлидаги кенг кўламли вазифалар бажарилишида ишончли таянчга айланишлари лозим. Президентимиз табригида ҳам жамият журналистларнинг билим ва тажрибаси, профессионал маҳорати, гражданлик позициясига таяниши айтиб ўтилди.
ОАВ ходимларининг юқори малакаси мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётини тезкорликда, сифатли, холис ёритиш, дунё ҳамжамиятида миллий манфаатларни ҳимоя қилишда катта ўрин тутади. Жамоат фонди шулардан келиб чиқиб ўз фаолиятини олиб бораяпти. Жумладан, маҳаллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улардан бири “Ўзбекистон Республикаси пойтахт етакчи таҳририятларида ҳудудий босма ОАВ журналистлари малакасини ошириш” лойиҳасидир. Унда барча вилоятлардан 500 нафардан зиёд соҳа вакили ўз тажрибасини оширди.
Қолаверса, 2013 йилда 100 дан зиёд семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилиб, уларда 2500 дан ортиқ журналистлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматлари ходимлари қатнашди. Мазкур тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси қарори билан фондимизга ажратилган субсидиялар доирасида ўтказилди.
Чунончи, семинар-тренинглар давомида миллий анъаналар, аҳоли менталитети ва замонавий цивилизациянинг илғор ютуқларини инобатга олган ҳолда, босма оммавий ахборот воситалари материалларининг профессионал, ғоявий ва бадиий савиясини кўтариш, жамиятда маҳалла роли ва мақомини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасидаги ислоҳотлар, мустақил фикр, аниқ ҳаётий позиция ҳамда мустаҳкам ишончга эга баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ёшларга оид давлат сиёсати амалга оширилишининг бориши, “оммавий маданият” элементлари ва ёт ғояларнинг ёшлар онгига кириб келишига қарши курашиш каби масалалар кўриб чиқилди.
Айни чоғда тадбирлар мавзулари ҳам ранг-баранглик касб этди. Давлат дастурларини амалга оширишда ОАВ иштироки, ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтиришда ахборот хизматларининг ролини ошириш, журналист профессионал этикаси ва масъулияти, давлат органлари ахборот хизматлари салоҳияти ҳамда уларнинг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини ёритишда ОАВнинг роли ҳамда ўрни шулар жумласидандир.
Кези келганда айтиш лозимки, бу борадаги кўплаб лойиҳалар Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, ЕХҲТ, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, Словениянинг “Минтақавий мулоқот” ноҳукумат ташкилоти ва бошқалар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.    
Маълумки, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун жорий йилда қабул қилинди. Бу эса миллий журналистика равнақида муҳим воқеага айланди. Чунки мазкур ҳуқуқий ҳужжат нафақат давлат органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар ҳақидаги ахборотдан аҳоли, жамоат ташкилотлари, ОАВнинг фойдаланиши мумкинлигини таъминлайди, балки тақдим этилаётган маълумотлар сифати учун уларнинг масъулиятини оширади.
Шубҳасиз, очиқлик принципи рўёбида ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда интернетнинг роли беқиёсдир ва бошқа соҳалар каби оммавий ахборот воситаларини ҳам илғор АКТсиз тасаввур этиб бўлмайди. Улар аудиториясининг асосий қисмини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олсак, ушбу мавзу нақадар долзарб эканлиги ёрқинроқ аён бўлади. Зотан, ўсиб келаётган авлод қизиқишлари глобал тармоқ билан узвий боғлиқ эканлиги, интернетдан фойдаланувчилар сони тезликда кўпайиб бораётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Бундай шароитда фойдаланувчилар, айниқса, ёшларнинг ишончли ахборотни инсоннинг жисмоний ва маънавий ривожланишига зарарли таъсир ўтказадиган ахборотдан ажрата олиши жуда муҳимдир.
Президентимизнинг жорий йил 6 февралдаги ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори журналистлар зиммасига нафақат рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида ахборот тарқатиш, балки зарур билим ҳамда тажрибага эга бўлиш, шу асосда ёш авлодда мустақил фикрлаш, қатъий ҳаётий позицияни шакллантиришдек масъулиятли вазифани юклайди.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ, жорий йил сентябрь ойида “Миллий интернет журналистикасини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзуида илмий-амалий семинар ўтказиш белгилаб қўйилган. Тадбирда “интернет” атамасининг турли жиҳатларини муҳокама этиш, “интернет-журналистика” тушунчасига аниқ таъриф бериш режалаштирилмоқда. Ўйлашимизча, семинар журналистнинг ушбу ахборот майдонидаги фаолияти хусусиятлари, интернет-журналистика ривожланиши тенденциялари, дунё тармоғидаги материаллар жанрларининг ўзига хослиги ва мавзу йўналишлари, фойдаланувчилар эътиборини тортиш усуллари сингари масалаларга аниқлик киритиш имконини беради.        
Тадбир илмий ва таълим муассасалари вакиллари билан интернет-ОАВда ишлайдиган журналист-амалиётчилар ўртасида мулоқот шаклида ташкил этилади. У соҳа мутахассислари, жумладан, ёш журналистларда долзарб ахборотларни тезкорлик билан ва сифатли ёритиш кўникмаларини кенгайтириш, бунинг учун зарур базани беришга йўналтирилгандир. Муҳокамалар асносида “блог” ва “блогер” тушунчаларига аниқ таърифни шакллантириш, уларни “интернет-ОАВ” ҳамда “интернет-журналист”дан фарқини кўрсатиб бериш назарда тутилаяпти. Ўз навбатида, журналистнинг интернетдаги мақомига оид ўзига хос жиҳатлар аниқлаб олинади.
Таъкидлаш жоизки, он-лайн режимидаги журналистика, унинг ривожи ҳамда оммалашуви бутун дунёда долзарб тенденция бўлиб, интернет-нашрлари сони, энг асосийси, сифатини янада кучайтириш мамлакатимиз журналистикаси тараққиётига янги туртки беради. Шу маънода, ушбу семинар мутахассис-амалиётчилар маҳоратини ошириш, соҳада йиғилган тажрибани тизимлаштириш, ОАВ ва интернет жабҳасидаги қонунчилик меъёрларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар олишга хизмат қилади.
Шундагина биз ахборот соҳасида олдимизга қўйилган вазифаларни ҳар томонлама амалга оширишимиз мумкин. Булар одамлар, айниқса, ёшларнинг содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга очиқ кўз билан қараши, уларда қатъийлик, мустаҳкам ишонч ва ҳаётий нуқтаи назарни тарбиялашга йўналтирилгани билан ғоятда муҳимдир.


Саиджон МАХСУМОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn