Миллий ҳунармандчилик
  • 10 Июль 2014

Миллий ҳунармандчилик

«Устоз ва шогирд» анъаналари асосида изчил ривожланиб бормоқда

Мамлакатимизда миллий ҳунармандчиликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 30 мартдаги “Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони, айниқса, дастуриламал бўлмоқда.
Натижада ҳунармандларимиз томонидан тайёрланган буюм ва маҳсулотлар нафақат юртдошларимизни, балки хорижликларни ҳам ўзига мафтун этаётир. Асосийси, ҳунармандчилик бугун аҳоли, хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш орқали оилалар фаровонлигини оширувчи муҳим йўналиш сифатида ҳам ўзини намоён қилаяпти. 
Олот туманидаги “Халифа” маҳалла фуқаролар йиғинида 4265 нафар киши яшайди. Ўрнак олса арзигулик хонадонлар, ҳунармандлар ҳақида гап кетганда, Расуловлар оиласи, хусусан, маҳалланинг чевар келини сифатида танилган Сабоҳатхоннинг номи, албатта, тилга олинади.
— Сабоҳатхон  Бухоро шаҳридан маҳалламизга келин бўлиб тушган, — дея  изоҳ беради фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Боғдагул Давронова. — Ўзи ҳали ёш бўлса-да, кўплаб шогирдлар тайёрлаган. Эътиборлиси, Сабоҳат халқ амалий санъатининг бир эмас, бир неча турларини ўзлаштирган. Зардўзлик, каштачилик, патдўзлик, қуроқчиликдан ташқари, миллий қўғирчоқлар ясаш ҳадисини ҳам олган.
— Бухоро муҳандислик-технология институтида таҳсил олганман, — дейди у. — Ёшлигимдан зардўзлик ва тикувчиликка қизиқаман. Онамдан шу ҳунар сирларини ўрганганман. Энди ўйлаб қарасам, ҳунарли бўлиш, бунинг устига олий ўқув юртида таҳсил олиб, малакали кадр бўлиб етишиш мустақил ҳаётга қадам қўйган ҳар бир ёш учун зарур экан. Айни дамда Олот политехника ва сервис касб-ҳунар коллежида ишлаяпман. Бундан ташқари, туманимиздаги 15-мусиқа мактабида ҳунармандчилик тўгараги  очдим. Қизларга зардўзлик, қуроқчилик, патдўзликни ўргатяпман. Миллий қўғирчоқлар тайёрлаш, каштачилик сир-асрорларидан ҳам сабоқ бераяпман. Биз, ҳунармандларга Президентимиз томонидан яратилган кенг имконият ва қулайликлар кучимизга куч қўшмоқда.
Сабоҳатхон қунт билан ишлайди. Нақшлар уйғунлигига эътибор қаратади. Шу боисдан унинг қўлидан чиққан зардўзлик буюмлари сифати, чиройи, нафислиги билан ҳаммага маъқул тушмоқда. Қаҳрамонимиз тайёрлаган миллий сўзаналарда табиат манзаралари ўз аксини топган. Уларда ҳаётга муҳаббат туйғуси уфуриб туради. Миллий қўғирчоқлар ҳам ўзига хос: барчасида болаларча беғуборлик, самимият мужассам. Эртак қаҳрамонлари қиёфасидаги қўғирчоқларни қўлига олган киши беихтиёр болаликка қайтгандек бўлади. Чиқит матолардан маҳорат билан тайёрланаётган рўзғорбоп қуроқдўзлик буюмлари эса ҳар қандай кишида “Инсон қўли мўъжиза яратади” деган фикрни уйғотиши табиий.
— Устозимдан зардўзлик сирларини ўрганаяпман, — дейди Маржона Қудратова. — Коллежда олган билимларим бу борада қўл келаяпти. Мазкур ҳунар кишидан катта сабр-тоқат  ва ижодий ёндашувни талаб қилади. Шу ҳунарни пухта эгаллаб, келгусида маҳсулотларим билан халқаро майдонга чиқиш ниятидаман.
Маҳалланинг чевар келини 2012 йилда ўтказилган “Йил аёли” кўрик-танловининг туман босқичида ғолиб бўлган эди. “Миллий қўғирчоқлар” фестивалида ҳам унинг меҳнати юқори баҳоланди. Муҳими, Сабоҳатнинг саъй-ҳаракати билан кўплаб қизлар ҳунарли бўлмоқда.
Ҳозирги пайтда вилоятда С. Расуловага ўхшаб ўз ҳунарини ёшларга ўргатаётган мингдан зиёд ҳунарманд самарали меҳнат қилаётир. Айни чоғда улар шу ҳунарга меҳр қўйган ўн мингдан ортиқ йигит-қизларни халқ амалий санъатининг сирли оламидан хабардор этмоқдалар.


Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn