Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?!
  • 10 Июль 2014

Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?!

Бу гап бежиз айтилмаган. Собиқ шўролар даврида фақат хом ашё етказиб берадиган, пахта яккаҳокимлиги ҳукм сурган, шу тариқа бир ёқлама шакллантирилган қишлоқ хўжалигига эга Ўзбекистон истиқлолга эришгач, замонавий бозор талаблари асосида шиддат билан юксалаётган мамлакатга айланди. Айниқса, жонажон юртимизнинг аграр соҳада эришаётган улкан муваффақиятлари, ижобий кўрсаткичлари таҳсинга сазовор.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётганимга ҳам ўттиз етти йил бўлибди. Тракторчилик, сувчилик, бригадирлик қилдим. Тиним билмай ишласак-да, меҳнатимизнинг роҳатини кўрмасдик. Мустақиллик бизга фермер бўлиш, мулкка эгалик қилиш имкониятини берди. Одамнинг руҳияти ўзи шундай, қилаётган ишингдан ҳузурлансанг, яшашга бўлган иштиёқинг ҳам шунчалик ошиб бораверади. Очиғи, бугун шундай ишчанлик кайфиятидаман. Мана, қарийб 8 йилдан буён фермер хўжалиги раҳбариман. Шу йиллар давомида деярли ҳар куни деҳқону мироблар меҳнатини рўёбга чиқариш, ҳар қаричи олтинга тенг бўлган еримизни ҳақиқий эгасига топшириш йўлида давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган амалий саъй-ҳаракатларнинг, ғамхўрлигу эъзознинг тафтини ҳис қилиб яшамоқдаман.
Яқинда Президентимиз Фарғона вилоятига ташрифи чоғида, бугунги ҳаётимиз ҳақида гапирар экан, фермер аёлларга чин маънода суянамиз ва улар билан ғурурланамиз, деганида, қалбим ифтихорга тўлди.
Фермер хўжалигимиз тасарруфидаги ерлар бугун 420 гектарга етди. Ҳар йили 245 гектар ерда ғалла, 170 гектар ерда буғдой етиштирамиз. Мен билан елкама-елка меҳнат қилаётган 140 нафар ишчи саъй-ҳаракати билан ўтган йили ғалла топшириш шартнома мажбуриятини 130 фоизга бажардик. Бу нафақат 140 оилага, шу билан бирга, кўплаб юртдошларимизнинг хонадонига қут-барака олиб кирди, десак, муболаға бўлмайди.      


Лола МУРОТОВА,
Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги
«Нурли обод» фермер хўжалиги раҳбари,
«Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳибаси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn