Қишлоқларимиз янада файзли ва обод бўлмоқда
  • 10 Июль 2014

Қишлоқларимиз янада файзли ва обод бўлмоқда

Бундан 15-20 йиллар аввал қишлоқларимиз қиёфаси бугунгидай кўркамлик касб этади, деса, ҳеч ким ишонмасди. Чунки ўша пайтларда қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги тафовут гўёки ер билан осмонча, одамларнинг дунёқараши, турмуш тарзи ҳам шунга яраша эди.

Истиқлол йилларида қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш устувор вазифалардан бирига айланди ва бугун бунинг самарасига барчамиз гувоҳмиз.  Қишлоқ аҳолисини уй-жой, тоза ичимлик суви, табиий газ, электр энергия билан таъминлаш, жойларда хизмат кўрсатиш тармоқларини ташкил этиш борасидаги ишлар кўлами беқиёс даражада кенгайди. Натижада ўтган қисқа фурсатда одамлар ҳаёт тарзи ўзгариб, қишлоқларимиз янада файзли ва обод бўлиб бормоқда. 
Айниқса, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қуриш ишлари йилдан-йилга жадал тус олмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида республикамизнинг 147 та туманида 10 мингта намунавий уй-жой қад ростлаганини, мана шу эзгу тадбир бошланганидан буён эса 33  минг 557  оила янги уйларда бахтли ва фаровон ҳаёт кечириб, яхши кунларини ўтказаётганини инобатга олсак, бу хайрли ташаббуснинг аҳамияти нақадар юксак эканлиги ойдинлашади. Бундай бахтли оилалар сони жорий йилда янада кўпаяди.
Дарҳақиқат, бугун биз барчамиз учун энг улуғ ва энг азиз байрам — Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги тантанаси арафасида турибмиз. Бундай замонавий уй-жойлар, уларда яратилаётган қулай турмуш тарзи одамлар кайфиятини кўтариб, она-Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшишдек эзгу мақсадларга ундаётгани, шубҳасиз. Зеро, тобора обод ва ривожланиб бораётган юрт аҳли ана шундай эътибор ва эҳтиромга муносибдир. 


Бекмурод ДУШАНОВ,
«Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг
компаниясининг бўлим бошлиғи.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn