«Инсонга наф келтириш — олий бахт»
  • 09 Июль 2014

«Инсонга наф келтириш — олий бахт»

Давлатимиз раҳбарининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида кейинги йилларда Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини, уларнинг фаолияти самарадорлигини янада ошириш, медиа тармоқларининг ҳуқуқий, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва янгилаш, техник ва технологик модернизация қилиш, журналист касбининг ижтимоий мақоми ва нуфузини кўтариш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани эътироф этилди.

Шубҳасиз, бу оммавий ахборот воситаларининг бугунги тезкор даврдаги ролини ошириш, соҳа вакилларининг ҳаққоний сўзи орқали адолатли ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, журналистнинг фуқаролик позицияси ва касбий фаолиятини янада такомиллаштириш, уларда танқидий-таҳлилий фикрлашни шакллантириш, ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни жорий этишга хизмат қилмоқда. Зотан, юртимизда олиб борилаётган беқиёс ўзгаришлар, инсон манфаатларини таъминлаш йўлида рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлар, умуман, барча соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқ ва муваффақиятларимизни кенг жамоатчиликка ўз вақтида, холис ва аниқ етказиб беришда ОАВ ходимларининг фаоллигини ошириш ҳаётий заруратдир.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан журналистика соҳасида ўтказилган “Инсонга наф келтириш — олий бахт” республика танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбирда шулар хусусида атрофлича сўз юритилди.
— Бугунги кунда касаба уюшмалари бошқа барча соҳа ходимлари қаторида оммавий ахборот воситалари ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор бермоқда, — дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова. — Ўтказилган танлов жамиятимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараси ҳақида аҳолини мунтазам хабардор қилиб келаётган энг фаол журналистларни муносиб рағбатлантиришга қаратилган бўлиб, унда 120 нафарга яқин журналист қатнашди.  
Мустақиллик йилларида диёримизда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш ҳамда ривожлантириш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, халқимиз турмуши фаровонлигини юксалтириш, ҳар томонлама етук ва баркамол авлодни тарбиялаш каби масалалар чуқур таҳлил қилинган  ижодий ишларнинг барчаси холисона кўриб чиқилиб, босма, электрон оммавий ахборот воситалари йўналишлари бўйича ғолиблар аниқланди.
Танлов ғолиблари Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг диплом ҳамда совғалари билан мукофотланди.
Зиёда АШУРОВА.
* * *
“Халқ сўзи” газетаси мухбири Зокир Худойшукуров мазкур танловнинг босма оммавий ахборот воситалари йўналиши бўйича 1-ўринга сазовор бўлди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn